Тошкент фармацевтика институтида аллергияга, диабетга қарши дори турлари ишлаб чиқилди
Мамлакатимиздаги 132 фармацевтика корхонаси томонидан бугунги кунда 2 минг турдан ортиқ дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда, деб хабар қилади ЎзА.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 31 октябрдаги «Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.
Қарорда кўзда тутилган устувор вазифалар ижросини таъминлашда Тошкент фармацевтика институти томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилаётир.
Олий таълим муассасасининг профессор-ўқитувчилари корхоналар билан ўзаро тузилган шартномалар асосида дори воситаларини cтандартлаш устида иш олиб боради. Бундан ташқари, институт қатор илмий-тадқиқот марказлари, етакчи олий таълим муассасалари ва маҳаллий фармацевтика ишлаб чиқарувчилари билан илмий-техникавий ҳамкорлик қилмоқда.
Ўтган йили институт олимлари юртимизда етиштирилаётган тиканли артишок хомашёси асосида гепатопротектор ва ўт ҳайдовчи таъсирга эга бўлган фитовосита – аллтромбосепин янги дори препаратини яратиш технологиясини ишлаб чиқди. Бундан ташқари, институтда маҳаллий хомашёлардан яллиғланишга, аллергияга, диабетга қарши ва регенератив хусусиятга эга аппликацион фитодерматологик дори турлари, антитромбоген юмшоқ дори шакллари, гериатрия амалиётида қўлланиладиган гиполипидемик восита – пирацин дори шаклини ишлаб чиқиш ва стандартлаш каби лойиҳалар амалга оширилди.
IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар Республика ярмаркасида институт ходимлари тозаланган олтингугурт капсулалари, қаттиқ сочилувчан наноўлчамли йоднинг β-циклодекстринли комплексини олиш технологиясини, «Кобальт-30» таблетка препаратининг янги дори шакли, "Стифлос” пешоб хайдовчи йиғмани, яллиғланиш ва гижжа инвазиясига қарши «Мэкритин» дори воситасини ишлаб чиқиш ва тиббиёт амалиётида жорий этиш каби қатор илмий ишланмалар билан иштирок этди. Ярмаркада фармацевтика соҳасида фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар билан 535 миллион 500 минг сўмлик шартномалар тузилди.
Ўтган йили институт олимлари томонидан яратилган ва тиббиётда қўллаш учун рухсат олинган 65 препаратнинг меъёрий-техник ҳужжатлари ишлаб чиқариш учун “Ўзфармсаноат” акциядорлик концернига берилди.
Мазкур олий таълим муассасаси илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва илмий изланишлар олиб бориш бўйича Буюк Британия, Польша, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Украина каби давлатларнинг бир қатор олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда, дейилади хабарда.
Мавзуга оид
07:08 / 30.08.2024
Юзлаб дорихоналарда дорилар нархи асоссиз ошириб сотилгани аниқланди
19:12 / 04.07.2024
Рецептсиз бериладиган дорилар ва тиббий буюмлар учун нарх чеклови олиб ташланади
09:54 / 06.06.2024
Кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган дорихоналар аниқланди
11:00 / 01.06.2024