Иқтисодиёт | 16:54 / 19.01.2017
6956
2 дақиқада ўқилади

Хитой валюта бозорида беқарорликлар юз бермайди

Фото: © AP

АҚШ президенти Дональд Трамп ўтказмоқчи бўлган молиявий сиёсат Хитой валюта бозорида беқарорликларга сабаб бўлмайди. ТАСС агентлигининг хабар қилишича, Хитой давлат валюта назорати бошқармасининг расмий вакили Ван Чуньин шундай баёнот берган. Унинг тан олишича, Хитой ҳукуматининг молиявий сиёсат юритиш имкониятлари бирмунча чекланган, бироқ, бу умумий макроиқтисодий вазият туфайли рўй берган. 

«Жаҳон иқтисодиётидаги вазият ЯИМ ўсиши секинлашиши, савдонинг паст суръатларини сақлаб қолиш ва инвестициялар ҳажми тушишига омил бўлаётганини рад этиб бўлмайди», — деган расмий вакил. Унинг сўзларига кўра, бундай шароитда, АҚШ маъмурияти ўзгаришига эмас,  иқтисодиёт тузилмаларини оптималлаштириш ва олиб борилаётган иқтисодий сиёсатга диққатни қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ван Чуньиннинг фикрича, келажакда трансчегаравий капитал ҳаракати барқарор бўлади. 

АҚШ Федерал захира тизими сиёсатининг Хитой валютага бозорига эҳтимолий таъсири хусусида берилган саволга жавоб берган Ван Чуньиннинг таъкидлашича, Америка марказий банкининг ҳаракатлари бутун дунёга таъсир этади, бироқ, Хитой молия бозоридаги вазият «анча яхшидир».

ФЗТ раҳбари Жанет Йеллен қайта молиялаш ставкаси 2019 йилгача аста-секинлик 3 фоизга етказилиши ҳақида маълум қилган эди. Ҳозирги вақтда, бу рақам 0,5-0,75 фоизни ташкил этади. Бироқ, бунинг учун, «АҚШдаги иқтисодий ўсиш кучли эканига ишонч ҳосил қилиш лозим».

Мавзуга оид