Жамият | 19:30 / 31.01.2017
10739
3 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирлигида кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди

Халқ таълими вазирлигининг 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”даги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Б.Данияров кириш сўзи билан очиб, яқинда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ҳамда 2017 йилга мўлжаланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган вазифаларга батафсил тўхталди.

Йиғилишда ҳайъат аъзолари, бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, давлат педагогика ҳамда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари ректорлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг минтақавий филиаллари директорлари ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Давлат раҳбарининг маърузасида таъкидланганидек, мактабгача таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларда болалар қамровини ошириш, тажрибали педагог ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, ўқув режа ва дастурларини тубдан қайта кўриб чиқиш, болаларда китобхонлик маданиятини ошириш каби долзарб вазифаларга алоҳида  эътибор қаратиш зарурлиги эътироф этилди.   

Мазкур йиғилишда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни жиддий равишда кенгайтириш, уларни мактаб таълимига тайёрлаш сифатини ошириш, мактабларда замонавий таълим дастурларини жорий этиш асосида таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, шунингдек, ўқувчи-ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ривожлантириш, мактабдан ташқари таълим муассасаларида ўқувчиларни қизиқиши ва қобилиятини янада юксалтириш, таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини ошириш борасида раҳбарларнинг масъулиятини ошириш каби вазифалар 2017 йилда бажарилиши лозим бўлган энг муҳим вазифалар сифатида белгиланди.

Йиғилишда эришилган ютуқлар эътироф этилиши баробарида камчиликлар ҳам атрофлича муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, кун тартибидаги бошқа масалалар юзасидан сўзга чиққан маърузачилар таълим сифати ва самарадорлигини кучайтириш, таълим муассасалари раҳбарларининг масъулиятини ошириш, болалар мусиқа ва санъат ҳамда спорт мактаблари фаолиятини жонлантириш юзасидан фикр-мулаҳазаларини билдирар экан, бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар берилди. Ходимларнинг касб даражаси ва малакасини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, иш фаолиятда ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Ҳайъат йиғилишида муҳокама қилинган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Унда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Мавзуга оид