19:26 / 08.02.2017
97755

Муносабат: Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида мутахассислар фикрлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони халқимиз томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Унда яқин беш йилликда мамлакатимиз забт этиши назарда тутилган улкан довонлар, халқимиз ҳаёт даражасини юксалтиришнинг механизмлари аниқ белгилаб берилган

Ҳаракатлар стратегиясининг мақсади олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини тубдан оширишдан, давлат ва жамиятнинг ҳар томонлама ва жадал ривожланишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратишдан, мамлакатни модернизациялаш ва ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришдан иборатдир. 

Мамлакатини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши белгиланган. Булар давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш ҳисобланади. 

ЎзА мухбирлари ушбу фармон ва Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида турли соҳа вакиллари билан суҳбатда бўлди. 

Ботир Матмуродов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси: 

– Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ўзининг бой тарихига таяниб, порлоқ истиқболини қураётган давлат, ҳамжиҳат халқ, энг тез ривожланаётган мамлакат сифатида дунёга танилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган, ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар, амалий саъй-ҳаракатлар янги тараққиёт марраларини эгаллаш, замон шиддатига мос тарзда ривожланиш, халқимиз манфаатларини таъминлашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир. 

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони мамлакатимиз ҳаётида катта воқелик бўлди. Демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва мамлакат тараққиётини жадаллаштиришнинг муҳим устуворликларини ҳамда аниқ марраларини белгилаб берган мазкур ҳужжатда қайд этилган ҳар бир вазифа шу заминда яшаётган, эртанги кунга қатъий ишонч билан қараётган ҳар бир инсон ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ. Ҳаракатлар стратегиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан кенг жамоатчилик, ишбилармон доиралар, давлат органлари вакилларининг учрашувлари, халқ билан мулоқотлар чоғида билдирилган мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилгани эътиборга лойиқ. 

Ҳаракатлар стратегиясини беш босқичда амалга ошириш, бунда йилларга бериладиган номларга мувофиқ ҳар йили уни амалга ошириш бўйича Давлат дастури тасдиқланиши уни ҳаётга татбиқ этиш самарадорлигини оширади. Шу жиҳатдан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириладиган Давлат дастурида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бунинг туб моҳиятида халққа ҳар томонлама қулайлик яратиш мужассам. Фаолияти аҳоли билан ишлаш, унинг манфаатларини таъминлаш бўлган тузилмалар янада такомиллаштирилади. Бу жараёнда давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги сифатини тубдан яхшилаш, сиёсий партиялар ролини кучайтириш кутилган натижага эришишда зарур восита бўлиши шубҳасиз. 

Халқ билан мулоқотнинг бугунги кун талаби даражасидаги зарур омилларидан бири “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантиришдир. Жорий йилда бу йўналишда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилади. Бунинг учун зарур барча асослар яратилаётгани аҳолига, тадбиркорлик субъектларига катта қулайликлар тақдим этмоқда. 

Азиз Мирзаев, юридик фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёрдамчиси: 

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак, деган фикрлари фаолиятимизда муҳим мезонга айланди. Зеро, соҳамиз ходимларининг зиммасидаги вазифаларни бажаришга катта масъулият билан ёндашиши, ишларни қонуний муддатларда кўриб чиқиб, адолатли ва асосли қарорлар қабул қилиши бугунги кун талабидир. 

Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида қонун устуворлигини ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, қарорлар қабул қилишда судлар мустақиллигини таъминлаши керак бўлган Олий суд кенгашини тузиш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган. 

Бундай чора-тадбирлар судларнинг одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширади. 

Сансалорликка ва ишларнинг кўриб чиқилиши судлар томонидан асоссиз чўзиб юборилишига йўл қўймаслик мақсадида процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қуйи инстанция судларининг камчиликларини мустақил бартараф этиш ва узил-кесил қарор қабул қилиш юзасидан юқори суд инстанцияларининг ваколатлари кенгайтирилиши ҳам соҳада сезиларли ютуқларга йўл очади. 

Ойбек Турғунов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири: 

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясига мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар ривожлантиришнинг концептуал масалалари киритилган. 

Лойиҳаларни тайёрлаш давомида аҳолининг кенг қатламлари орасида қизғин муҳокамалар олиб борилди. Лойиҳалар муҳокама учун турли ахборот майдонларига жойлаштирилди. Натижада кўплаб таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди. Юртдошларимиз юксак фаоллик кўрсатиб, олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ эмасликларини намоён қилди. Натижада ҳар жиҳатдан пишиқ ва пухта ишланган ҳужжат қабул қилинди. Бу мамлакатимизни янада ривожлантиришда ва аҳоли фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

Ҳаракатлар стратегиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқарувини модернизация қилиш ва демократлаштириш, давлат хизмати тизимини такомиллаштириш, кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, давлат бошқаруви соҳасида замонавий мутахассис кадрлар тайёрлаш ва уларнинг касб малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратаётгани ўз ифодасини топган. 

Мақсуда Ворисова, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Назарбек қишлоқ врачлик пункти мудираси: 

– Ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизда ижтимоий соҳани ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Аҳоли бандлигини ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг саломатлигини сақлаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, мамлакатимизнинг олис ҳудудларини ҳам электр энергия, газ билан таъминлашни янада яхшилаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги нуфузини ошириш, мактабгача таълим муассасаларининг қулайлигини таъминлаш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълимни сифат жиҳатдан янада бойитиш борасида қатор чора-тадбирлар белгиланган. 

Тиббиёт масканлари, хусусан, бирламчи тиббиёт муассасалари, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, патронаж хизмати, тез тиббий ёрдам тизими фаолиятини янги босқичга кўтариш борасида аниқ тадбирлар олиб борилади. 

Президентимиз раҳнамолигида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, жамиятимизда ҳар томонлама соғлом оилаларни қарор топтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг соҳа ходимлари билан ҳар учрашувида бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар кенг муҳокама қилинмоқда, зарур топшириқлар берилмоқда. Ҳаракатлар стратегияси тиббиёт соҳасини изчил ривожлантириш, соҳа ходимларининг касб малакаси ва масъулиятини янада оширишда ҳам муҳим дастуриламалдир. 

Мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётини белгилаб берувчи ушбу муҳим ҳужжатда ёши улуғларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий нафақалар бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари қайд этилган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳалла институтини аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича устувор вазифалар белгиланган. 

Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар, сув ва газ таъминоти қувурлари, бугунги талабларга мос замонавий йўллар қуриш режалаштирилган. Аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш сифатини янада яхшилаш назарда тутилмоқда. 

Бу ислоҳотларнинг барчаси одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. 

Top