Жамият | 14:52 / 12.02.2017
37960
7 дақиқада ўқилади

Kun.uz’га мактуб: “...иш қарғишга бормасин, муаммолар қонуний ҳал этилсин”

Таҳририятимизга бир мактуб келди. Ҳаётий мисоллар асосида ёзилган ушбу хат кишини ўйлантиради, мушоҳадага тортади. Айрим давлат амалдорларининг лоқайдлиги, манмансираши ва бунинг оқибатида бир аёл ўз бошидан турли қийинчиликларни ўтказгани мактубда тилга олинган воқеалар марказида туради. 

“8 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзоладилар. Шу қарорнинг бир банди бўйича ўз таклифимни билдирмоқчиман”, дейилади мактубда. “Ҳозирги кунда мобил телефонсиз юрадиган фуқаронинг ўзи йўқ. Шу сабабли энг муҳим қарорларни СМС орқали абонентларга узлуксиз ва бепул юбориб туриш ташкил қилинса, жуда яхши иш бўларди. Бу орқали фуқороларнинг ҳуқуқий онги ошиб, ўз ҳуқуқларини ўзлари ҳудудий органлар орқали ҳал қилишга ҳаракат қилишарди. Натижада юқори вазирликларга ва Бош прокротурага шикоятлар оқими пасаяди. Ортиқча оворагарчиликларга, Давлат ва ҳокимият бошқарув органлари фаолиятидаги қийинчиликларга, коррупцияга чек қўйиларди. 

Қисқа қилиб айтганда, бу қарорнинг ижроси давлатни бошкаришда, халқнинг бир маромдаги фаравонлигини таъминлашда асосий негиз ҳисобланади. Мен бу қарор чиққанидан жуда қувондим. Кошкийди, ижроси ҳам тўлиқ амалга ошса эди. Айтмоқчиманки, бунинг самарасини ҳар томонлама кўриш мумкин. Ўз ҳуқуқи оёқ ости бўлиб, адвокат ёллашга маблағи йўқ, ойлар, йиллар мобайнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб ҳам (бу органларнинг айрим порахўр ходимлари сабабли) муаммоси ҳал бўлмаган фуқороларимизнинг сони бир неча миллионни ташкил қилаётгани (бугунги кунга келиб янги президентимиз ташаббуси билан ошкора қилинаяпти) бизга сир эмас. 

“Шахсан ўзим шундай вазиятга тушганман. Бир дона катта сигиримни қассоб танишим насияга олиб менга пулини бермагани юзасидан бир ярим йил идорама идора югуриб чарчаганман. Қассоб билан синфдош бўлганлигим сабабли унга ишониб, қарзга сигиримни берганман. У “сўйиб гўштини сотиб, пулини икки ҳафтада бераман”, деб ишонтирган эди. Ҳеч қаерда ишламасдим. Олий маълумотли бўлишимга қарамасдан бирор жойдан аранг иш топиб, “шапка”сини бериб, ишга жойлашишим керак эди ва шу сабаб бисотимдаги ягона бойлигим - сигиримни сотишга мажбур бўлгандим. Қўлимда уч ёшли гўдагим билан ёлғиз она эдим. Ҳаттоки маҳалла ҳам икки ёшдан кейин боламга ажратиладиган нафақани тўхтатиб қўйган эди. Алимент ҳам олмасдим. Моддий шароитим жуда-жуда оғир эди. 

Фарзандим икки ёшга тўлгач, бир баклашка қайноқ сув ва бир бурда нонни белимга боғлаб, яшашимга пул топиш учун қишлоқларга яёв бориб, дала чеккасида таёқлардан соябон ясаб, соясига беланчакдаги фарзандимни қўйиб, вақти-вақти билан эмизиб, фермерларнинг ўтларини, буғдойларини ўриб, далаларида ишлаб, пул топиб юрганман. Бир сафар ишлаб туриб, фарзандимни иссиқ эмизганлигим сабабли у касал бўлиб қолди. Бухоро вилоят болалар юқумли касалликлар бўлимида бизни пулсиз даволаб, овқатларимизгача текин беришган. Ҳатто касалхонадан кетаётганимизда шифокорлар фарзандлари ва ўзларига кичкина бўлиб қолган кийилган кийимларини менга текинга беришган. Қувонганимдан яхши одамлар ҳам борлигидан таъсирланиб, роса йиғлаганман, бу кийимларни кўзларимга суртиб кийганман. Менинг ва фарзандимнинг кийинишимиз жуда ачинарли ҳолатда эди ўшанда. Шундай бўлса ҳам туманнинг собиқ прокурори, ИИБ ХООБ бош терговчиси ва қассобларнинг менга умуман раҳми келмаган. Аксинча улар мен билан суҳбатлашишдан жирканишган. Мен ўз ҳуқуқимни тўлиқ билмаганлигим сабабли уларнинг барчаси биргаликда туман собиқ прокурори ҳимоясида мени роса калака қилишган. Республика прокурорларига, Омбудсманга ва бошқа казо-казоларга ҳам мурожаат қилиб ҳам ишим ҳал бўлмаган. Далаларда ишлаб топган пулимнинг бир қисмини тежаб, сигиримнинг пулидан умидвор бўлиб почта ва йўл кира харажатларига ишлатганим бефойда бўлган. Аммо сигиримнинг пулини ололмадим.

Пичоқ суягимгача тақалгач, бир ярим йил югурганимдан натижа чиқмагандан сўнг, уларни Худога солиб қарғашга мажбур бўлганман. Қарғаганимдан сўнг 40 кунга бормай ИИБ терговчиси аварияга учраб, бир кунда ҳалок бўлди. Қассоб эса тузалмас дардга чалиниб, ётоқда вафот этди. Эшитишимча собиқ прокурор ҳам ўша пайт ишдан қандайдир сабаб билан тўсатдан урилиб кетганмиш. Собиқ участка нозири эса фоҳишани ишхонасида қабул қилаётганида унинг ИИБ формаларини фоҳишанинг бошқа бир ширакайф жазмани кийиб, туман ИИБ бошлиғининг ёнига борибди. Участка нозири шармандаларча ишдан ҳайдалди. Бу воқеалар содир бўлганига ҳам 7 йил бўлди. Агар мен ўз ҳуқуқимни тўлиқ билганимда уларни Худога солиб қарғашимга ҳожат қолмас эди. Буларнинг барчаси ҳуқуқимни яхши билмаганимдан ва адвокат ёллашга пулим йуклигидан бўлди.. Фикримча, уларнинг барчаси мен билан мулоқот қилиб, тергов жараёнида ҳуқукимни яхши билмаслигимга амин бўлиб, ишни қассобнинг фойдасига ҳал қилишни режалаштиришган. Бу ерда, албатта, уларнинг қассобдан манфаатдор томони бўлган. 

Ўтган бир ярим йил мобайнида асабдан тишларим тўкилиб, сочларим оқариб, озиб кетдим. Чунки кўча куйда қассоб ва унинг ҳамтовоқлари сигирнинг пулини олдингми, қалайсан, қўлингдан нима иш келди, деб ярамни янгилаб устимдан кулишар эди. Сигирнинг пулини олмасам ҳам Аллоҳга сиғинганим сабабли ишга жойлашдим. Ҳозир ҳаётим изга тушиб кетди. Қўлимдаги чақалоғим ҳозир 5-синфда аъло баҳоларга ўқияпти. Аммо кўрган азобларим сабабли қалбимдаги яра излари чандиғи ҳеч қачон ўчиб кетмайди. Қолаверса, менинг карғишим сабабли вафот этганларнинг оиласини кўча-куйда кўрсам, юрагим оғриб кетади. Бир моддий буюмни инсон ҳаётидан ҳам устун қўйганимга виждоним қийналиб кетади. Менинг бошимга тушган кунлар бошқа ҳуқуқи бузилган фуқороларнинг бошига тушишини ҳеч қачон истамайман. Шу сабабли мен Президентимизнинг чиқарган қарорларидан фойдаланиб, юқоридаги таклифимни билдиришни лозим топдим”. 

Бир инсоннинг ҳуқуқи топталгани, бу ҳам камдек кимсан қонун ҳимоячиларининг ўзи бир мазлума аёлнинг устидан кулишгани чидаб бўлмас ҳолатдир. 10 февраль куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ички ишлар органлари фаолиятини танқид қилди. Тизимда кузатилаётган камчиликларни бартараф этиш ва истиқболдаги режалар тўғрисида фикрлар билдирилди. Мактуб эгаси томонидан илгари сурилган ғояда ҳам жон бор. Улар амалда қўлланилса, ижобий натижаларга, албатта, эришиларди.

Мавзуга оид