Жамият | 19:10 / 18.02.2017
24748
5 дақиқада ўқилади

Самарқандда фирибгарлик жинояти сўнгги пайтларда кўп учрамоқда

16 февраль куни Самарқанд вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда ҳудудлар прокурорлари ва ички ишлар бошқармалари бошлиқлари 2017 йилда содир этилган жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ва бошқа қонунбузарликлар ҳақида ҳисобот беришди. 

Йиғилишда дастлаб Самарқанд вилоят ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев вилоятда ёшлар таълим-тарбияси, вояга етмаганларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш борасидаги тизимли ишлар хусусида сўз юритиб, бу борада вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилган ишлар хусусида маълумот бериб ўтди.  Хусусан, вилоят ҳокимлиги томонидан 112 нафар ходимлардан иборат 16 та ишчи гуруҳ томонидан вилоятдаги 150 дан ортиқ мактаблар ва 58 та интернет-кафе, 35 та дам олиш масканлари, 12 та бозорларда ва ўндан ортиқ жомеъ масжидларида ўрганиш ишлари олиб борилганлиги таъкидлаб ўтилди.

Вилоятда ички ишлар идоралари ходимлари томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, бу борадаги тизимли ишларни тўғри ташкил этиш ва бу борада ҳуқуқни мухофаза этувчи идоралар билан бир қаторда, кенг жамоатчилик вакилларини ҳам жалб этишга алоҳида эътибор қаратилган. Ўтказилаётган тарғибот-тушунтириш ишларига қарамасдан, соҳадаги энг оғриқли нуқталардан бири сифатида инсонларнинг чув тушириш орқали фирибгарлик жиноятини содир этиш ҳоллари сўнгги кунларда вилоятда ҳам кўп учраётганлиги таъкидланди.

Йиғилиш давомида Ички ишлар органлари ходимлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва очиқликни таъминлаш, содир этилаётган жиноятчиликни олдини олиш мақсадида профилактика инспекторлари, милиция таянч пунктлари билан бир қаторда маҳалла посбонларининг ўрни катта эканлиги таъкидланди. Хусусан, содир этилаётган жиноятларни аксарияти тунда юз бераётганлиги боис, бу борада маҳалла посбонларининг масъулиятини ошириш, уларни ўз вазифасига сидқидилдан ёндошиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди. 

Профилактика куни муносабати билан вилоят ҳуқуқни мухофаза қилувчи идораларнинг раҳбарлари, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имкон яратган шарт-шароитлар, келгусида йўқ қўйилмаслик борасида вилоятнинг ҳар бир маҳаллаларида чиқишлар амалга оширилди. Чиқишлар давомида вилоят бўйича 15 минга яқин аҳоли хонадонларига кирилиб, оилалардаги вазият, аҳолини қийнаётган ижтимоий таъминот ва бошқа масалаларидаги муаммолари ўрганилди.  

Ўтказилган профилактик учрашувлар давомида ички ишлар идоралари томонидан умимий ҳисобда 474 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. 6 нафар спиртли ичимликка ружу қўйган ва икки нафар гиёҳвандликка мубтало бўлган шахслар мажбурий тартибда даволанишга юборилиб, улар томонидан содир этилиши лозим бўлган жиноятларнинг олди олинди.  

Давлат раҳбари томонидан белгиланган профилактика куни муносабати билан Самарқанд вилоят прокуратураси органларининг 70 нафар ходимлари томонидан 11 ярим мингдан ортиқ фуқаролар билан турли хил учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилиб, аҳолига содир этилаётган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги маълумотлар билан биргаликда, бугунги кунда содир бўлаётган воқеа ва ҳодислар, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, кейинги вақтларда республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, қабул қилинаётган қонун ва қонуности ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунчалар берилди.   

Ўтказилган профилактик учрашув давомида, трансмиллий жиноятлардан ҳисобланган диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик ва одам савдосининг оқибатлари, ҳамда уларга қарши курашиш борасида олиб борилаётган тадбирлар нафақат ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларнинг, балки кенг жамоатчиликнинг энг асосий вазифалардан бири эканлиги тушунтирилиб борилмоқда.

Йиғилиш давомида соҳадаги мутасадди раҳбарлар фуқароларнинг ҳар бир мурожаати эътиборсиз қолмай, хизматга муносабатни тубдан ўзгартириш, жиноят тафсилотларини муҳокама қилиш механизмини шакллантириш орқали содир бўлаётган кўнгилсизликларни олдини олиш лозимлиги таъкидланди.  

Мажлисда ички ишлар органларининг ҳар бир ходими билдирилган фикрлардан тегишли хулоса чиқариб, мамлакатда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, жамоат тартибини сақлаш, ҳар бир оила, ҳар бир инсон, маҳалла хавфсизлигини таъминлашдек мураккаб, айни вақтда шарафли вазифани бажариш учун бор билим ва салоҳияти, куч-ғайратини сафарбар этиши лозимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид