Жамият | 21:03 / 25.02.2017
71214
4 дақиқада ўқилади

Видео: ҳуқуқини билган, мажбуриятини билмаган аёлнинг муомаласидан ёқа ушлайсан

Facebook ижтимоий тармоғидаги “Водители Ташкента” ижтимоий гуруҳида Тошкент телеканалида намойиш этилган “Пойтахт йўлларида” кўрсатувидан лавҳа жойлаштирилган. Унда шаҳар ЙҲХБ телеканал ижодкорлари билан ҳамкорликда шаҳар йўлларида ўтказган махсус рейддан лавҳани кўриш мумкин. 

Унда давлат рақами 01 772 OEA бўлган Spark русумли автомобиль тўхтатилганда ҳайдовчининг маст экани, шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмагани аниқланган. Шу билан бирга, у йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг саволларига жавоб беришдан бош тортган. Ушбу автоуловни бошқариш бириктирилган аёл киши эса ҳужжатсиз кишига рул бошқарувини топширгани етмаганидек, нозирларни менсимай, саволларига жавоб бермаган. Бундан ташқари, маст ҳайдовчи ҳам, автоулов ишонилган аёл ҳам ҳужжатларни тақдим этмаган. 

Аммо, бу ҳали ҳаммаси эмас. Кутилмаганда Spark йўловчиларидан бири бўлган бошқа бир аёл ДАН ходимини турли уят сўзлар билан ҳақоратлаш бир ёқда турсин, ёпишиб, унинг жетонини юлиб олади, рацияларини ерга уради. Шунингдек, шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинганига кескин, куракда турмайдиган сўзлар билан жавоб қайтарган. Шу билан бирга, ўз ваколатлари доирасида ҳужжат талаб қилган ички ишлар ходимларига уларнинг ҳақ-ҳуқуқи қандай эканлигидан ҳам дарс беришдан тап тортмаган. Гўёки, ушбу хонимнинг милиция талаби бўйича ҳужжатини тақдим этмасликка, уларга туҳмат қилишга ҳаққи бор-у, аммо ҳуқуқ-тартибот идораларининг ундан шахсини тасдиқловчи ҳужжатни сўрашга ҳаққи йўқдек. Яна, ушбу хонимнинг айтишича, йўл-патруль хизмати ходими аёл киши билан қандай муомала қилишни билмас эмиш. Бунинг учун ЙПХ вакили хизмат кийимидан бошқа кийимда бўлиши керак экан. 

Йўл-патруль хизмати инспектори Алишер Абдуқодировнинг маълум қилишича, ушбу аёл киши дастлаб жанжал кўтарган, давлат хизмати ходимига туҳмат ҳам қилган. 

Шу ўринда бир мулоҳаза. Аксариятимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қилишни биламиз, уларни имконимиз даражасида, баъзи бир юқоридаги ҳолатларда эса ҳаддан ошган ҳолда ҳимоя қилишга уринамиз. Шунақа вақтларда, кимнинг нимага ҳаққи бор-йўқлигини яхши англаймиз, аммо, мана шу юртда истиқомат қилаётган фуқароларнинг зиммасига қонун воситасида юкланган бурч ва мажбуриятларни унутиб қўямиз ёки билмаганликка оламиз. Ушбу муҳокама қилинаётган воқеадаги аёлни кўриб эса унинг ўзини билган эркаклар айтмайдиган сўзларни тилга олишини эшитиб, наҳотки ўз аёллик латофати, ҳаё-ибосини унутган бўлса, дея ёқа ушлайсан. 

Таъкидлаш жоизки, ЙПХ ходимлари, ҳайдовчилар, пиёдалар ва бошқа касб эгалари, барчамиз ушбу жаннатмакон юрт фуқароларимиз, бироқ, барча жамиятдаги мавқеи, эркаг-у аёллигидан қатъиназар қонун олдида баробардир. Шундай экан, кўча-кўйда, оилада, ўзлигимизни, кимлигимизни унутмаган ҳолда, ўзаро ҳурмат қоидаларига риоя қилиб, ижтимоий одоблар доирасидан чиқмасдан муомала қилсак, олам гулистон бўлади, асаббузарликлар, унинг ортидан келувчи турли хил касалликлар ҳам безовта қилмайди. Ана ўшанда юксак одоб-ахлоқ ҳукм сурган порлоқ ва фаровон жамиятни ҳам барпо эта оламиз. Зеро, барчамизнинг асл мақсадимиз ҳам мана шу эмасми!?

Мавзуга оид