Олимлар тўйиб ухламаслик семиришга олиб келишини аниқлашди
Япон олимлари тўйиб ухламаслик ва ортиқча вазн пайдо бўлиш хавфи ўртасида ўзаро алоқа борлигини аниқлашди, деб хабар бермоқда Asahi Shimbun нашри.
Васэда университети ва Kao Corporation компанияси мутахассислари ўтказган тадқиқот тўйиб ухламайдиган одамларда иштаҳани тартибга солувчи гормонлар миқдори камайишини кўрсатди. Бунда сарфланувчи энергия миқдори ўзгаришсиз қолади ва бу иштаҳа кучли бўлганда ортиқча вазн йиғишга олиб келади.
Олимлар 23 ёш атрофидаги 9 нафар соғлом кишини махсус хонага жойлаб, уларда метаболизм тезлигини ўлчашган. Тажриба иштирокчилари уч кун 7 соатдан, кейинги уч кун эса 3,5 соатдан ухлашган.
Аниқланишича, охирги 3 кун натижаларига кўра, иштаҳани тартибга солувчи гормонлар миқдори нормал уйқу вақтидаги гормонлар даражасидан 10 фоизга камайган. Иштирокчилар яна 7 соатлик уйқуга қайтганларидан кейин, гормонлар миқдори яна нормал ҳолатга қайтган.
Олимлар моддалар алмашинуви тезлигини ўлчашдан ташқари, тажриба иштирокчиларидан ҳар соатда улар очлик ҳиссини қанчалик кучли ҳис қилаётганларини сўраб туришган. Тажрибанинг иккала босқичида ҳам иштирокчилар бир хил миқдорда егулик олишганига қарамасдан, иккинчи босқичда уларда очлик ҳисси кучлироқ бўлган. Олимларнинг айтишича, очлик ҳисси уйқудан бироз олдин кучайган.
Олимлар тадқиқотни шу йўналишда давом эттирмоқчилар. "Келажакда биз овқатланиш, уйқу вақти ва жисмоний фаоллик ўртасидаги ўзаро алоқани батафсилроқ ўрганмоқчимиз", деб айтган олимлардан бири.
Мавзуга оид
16:41 / 08.10.2024
Apple ақлли соатлари касалликни бир неча кун олдиндан прогноз қила олиши маълум бўлди
15:59 / 07.10.2024
Спиртли ичимликлар ёш ва соғлом одамлар юраги учун ҳам хавфли — тадқиқот
21:01 / 09.09.2024
Қуёшда қора плазма отилди: Ерда кучли магнит бўрони бўлади
18:18 / 07.09.2024