Бундан 20-25 йиллар аввал, 11 йиллик умумтаълим мактабларини тамомлаган ёшлар олдида икки йўл турарди: олий ўқув юртига ўқишга кириш ёки… бирор касбни эгаллаш ҳақида бош қотириш. Янаям тўғрироғи, мактаблар битирувчиларидан ўртача 10 нафардан бири олий ўқув юртларига кирарди, қолганлари эса кўчада қоларди. Ўша даврнинг бармоқ билан санарли «техникум»ларида касб-ҳунарга ўргатиш йўлига, ҳаминқадар бўлиб, тизим ҳам номигагина ишлар эди.

Минглаб касб-ҳунар коллежлари бунёд этилиб, 12 йиллик бепул, мажбурий таълимни якунлаган ёшлар билим олиш баробарида, ҳунар ҳам эгалламоқда ва буни мамлакатда олиб борилган оқилона сиёсатнинг ёрқин далолати дейиш мумкин. Ёшларнинг ўз ихтисослиги бўйича меҳнат қилиш имкони яратилгани билан бир қаторда саноат, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги, қўйингки, барча соҳада тизимли ривожланишга туртки берилган.

Шу билан бирга саволлар туғилади: давлат томонидан яратиб қўйилган беқиёс имконият ва шароитлардан ҳамма вақт, барча жойларда ҳам унумли фойдаланилаяптими? Таълим масканларида, жумладан, касб-ҳунар коллежларида таълим сифати қандай? Давомат-чи?

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мухбирлари бу борадаги саволларга жавоб излаш мақсадида журналистик суриштирувлар олиб борди. Ушбу жараёнда имкон қадар олис туманлар, қишлоқ жойлардаги таълим муассасалари билан яқиндан танишилган. Бир қадар кўздан пана, мутасаддилар ҳам унча-мунчага боравермайдиган ҳудудлардаги вазиятни ўрганиш ҳақиқий аҳволни билишнинг энг холис йўли сифатида танланган.

Коллежларда тартиб-интизом, таълим сифати ва бош­қа масалаларга ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани таъкидланган. Бироқ давомат, таълим-тарбия сифати, ўқув масканидаги шароитлар борасида ҳали муаммо ва нуқсонлар кам эмаслиги қайд этилган. Тайёрланган материал «Кун.uz» сайтида икки қисмда берилмоқда.

Бордан кўра йўғи кўпроқ

Сир эмаски, ўқувчилар дарс ва амалий машғулотларга ўз вақтида, мунтазам иштирок этсагина, фанларни, касб сирларини чуқур ўзлаштиради. Аксинча бўлса-чи?

Сурхондарё вилоятидаги Жарқўрғон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежидаги вазият таажжубланарли даражада. Ушбу коллежда айни пайтда 1053 нафар ўқувчи иккига бўлиниб, икки навбатда таҳсил олади. Жорий йил 9 февраль ҳолатига кўра, тушгача ўқишга келиши лозим бўлган 660 нафар ўқувчидан 335 нафаригина дарсда иштирок этди. Тушдан кейинги давомат янада ачинарли: 392 нафар ўқувчидан 230 нафари дарсда эмасди. Коллеж маъмуриятининг маълумотига кўра, уларнинг 25 нафари коллежга умуман келмайди.