18:56 / 10.03.2017
7042

IBM 1 атом ўлчамидаги маълумот сақлагич ишлаб чиқди

IBM тадқиқотчилари бир атом ўлчамидаги ахборот сақловчини ишлаб чиқишди. Унинг ишлаш салоҳиятини сканловчи туннелли микроскоп воситасида намойиш этишди, деб ёзмоқда Nature журнали.

Ҳозирда мавжуд замонавий хотира дисклари ва сақлагичлар бир бит маълумотни сақлаш учун 100 мингга яқин атомдан фойдаланади. Янги технология келгусида маълумотларни жуда зич ёзиш имконини тақдим этади. Жумладан, пластик карточкадек келадиган ахборот сақлагичга iTunes хизматидаги жами 35 миллион қўшиқни жойлаш мумкин бўлади. 

Янги сақлагич атиги бир битлик битта хотира ячейкасидан иборат, аммо улкан салоҳиятга эгадир. Ишланма муаллифи Кристофер Лутцнинг сўзларига кўра, олимлар ўз олдига қўйган мақсад шундай бўлганки, улар технологиялар битта атом ҳажмида маълумотни сақлаш имконини берса, нима юз бериши мумкинлигини тушунишга ҳаракат қилишган. 

Мутахассислар тажриба чоғида электр токини ўтказиш воситасида атомга маълумотни қайд этишган. Шу билан улар технологиянинг яроқли эканини намойиш этмоқчи бўлишган. Улар бунинг учун сканловчи туннелли микроскопдан фойдаланишган. 

Мазкур ишланма маълумотларни ёзиш зичлигини юз минг мартага ошириш имконини беради. Тадқиқотчилар, ҳозирча, 3-12тагача атомдан иборат гуруҳларга ахборотларни ёзишнинг уддасидан чиқишган. Лутц жамоаси бир атом ўлчамидаги хотира бир неча соат мобайнида маълумотларни сақлаган. 

Олимлар олдидаги галдаги вазифа бир ячейкалардан иборат атом хотираларидаги маълумотларни барқарор таъминланишига эришишдир. 

Top