Эслаб қолиш бўйича ўз суперхотираси билан танилган Давронбек Турдиев ҳозирда Ўзбекистон мнемоспорт федерацияси президенти вазифасини бажаради. Kun.uz у билан ўзбек болаларининг хотира имкониятлари, Ўзбекистонда кучли хотира эгаларини қандай кўпайтириш ҳақида суҳбатлашди.

«Тепадагилар биз ҳақимизда деярли билишмайди»

– Икки йил олдин Kun.uz’га интервю берганимда Ўзбекистонда кучли мнемонистлар йўқ эди. Ўшандан бери бизга ҳукуматдан деярли эътибор бўлмади. Бизнинг борлигимизни тепадагилар катта эҳтимол билан билмайди.

Фақат ўтган йили Ёшлар ишлари агентлиги ёрдамида мнемоника бўйича катта чемпионат ўтказилди. Беллашув даражасини солиштирадиган бўлсак, мнемоника бўйича 2017 йилги жаҳон чемпионатида мукофот пули 1,5 минг доллар бўлган. Бизда эса 80 млн сўм бўлди. Буни давлат бюджетидан Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ташкил қилиб берди.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда профессионал мнемонист бўлиб туриб, пул топишнинг иложи йўқ. Шу сабаб болалар ўқийди ёки бошқа иш қилади. Ёки ишлаб оила боқиш керак, ёки мнемоника билан профессионал шуғулланиб шу орқали оила боқиш керак.

Ўзбек суперхотира вакиллари ҳақида

– Охирги йилларда Ўзбекистонда кучли мнемонистлар пайдо бўлди. Умуман, Ўзбекистон мнемоника бўйича дунёда кучли бешликка кирса керак. МДҲ давлатлари ўртасидаги 2021 йилги чемпионатда 1,2,3-ўринларни ўзбеклар эгаллашди. 2022 йил апрелда Синергия университетида бўлиб ўтган чемпионатда эса 1,3,4,5-ўринларни эгаллаб қайтдик.

Ёшлар ишлари агентлиги билан ўтказган чемпионатимизда асосан ўқувчиларим ёки ўқувчиларимнинг ўқувчилари иштирок этди. Шу жойда бир муҳим нарсани айтмоқчиман, Россия чемпионатида 5 дақиқада 214 та рақам эслаб қолинган бўлган, бизда бу 284 та бўлди. Мана шу натижа ҳам ўзбеклар орасида кучли мнемонистлар борлигини кўрсатади.