Жамият | 21:47 / 12.03.2017
74762
4 дақиқада ўқилади

Лола Каримова-Тиллаева: Жаҳон киноюлдузлари Мирзо Улуғбек ҳақидаги янги ўзбек фильмида

Лола Каримова-Тиллаева ўзининг Facebook'даги саҳифасида яқин фурсатда “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли ҳужжатли фильм томошабинлар эътиборига ҳавола этилишини маълум қилди. Мазкур фильм Лола Каримова-Тиллаева ҳамда унинг турмуш ўртоғининг кинопродюсер сифатидаги илк лойиҳаси саналади.

Ҳужжатли фильм буюк мутафаккир ҳамда аллома Мирзо Улуғбекнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳикоя қилади.

Мирзо Улуғбек номи дунё илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган Галилео Галилей, Коперник, Джоанас Кеплер каби буюк алломалар билан бир қаторда туради. Самарқанд унинг ҳукмронлиги даврида астрономия соҳасида илғор тадқиқотлар ўтказиладиган халқаро марказга айланди. Улуғбек бунёд эттирган муаззам расадхонада ўз даврининг етук олиму фузалолари жам бўлган эди.

Аллома тартиб берган юлдузлар жадвалида 1118 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви муфассал баён этилган. У ҳисоблаб чиққан йил узунлиги натижалари эса замонавий ҳисоб-китобидан атиги 25 сонияга фарқланади. Буюк олим, шунингдек, Ер сайёраси ўқининг оғиш бурчаги 23,52 градусни ташкил этишини аниқлади, ушбу илмий натижа ҳам ҳозирга қадар энг аниқ кўрсаткич дея эътироф этилади. Улуғбек томонидан яратилган юлдузли осмон харитаси эса денгизчилар ҳаракатланишида XIX асрга қадар фойдаланилган.

"Мирзо Улуғбек ҳаётининг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи кечди. Кенг дунёқараши ва теран фикрлари билан ўз даври ва замондошларидан илгарилаб кетган олим, таассуфки, жаҳолат ва разолат қурбони бўлди.
Фильм сценарийсини ҳозирлаш асносида кўп ва хўб изланиб, бобокалонимиз ҳаётини таваллуд топган кезларидан бошлаб қайта тиклашга ҳаракат қилдик", - дейди Каримова-Тиллаева ўз изоҳида.

Фильм режиссёри Баҳодир Йўлдошев бўлиб, картинада Франция, АҚШ, Россия, Ўзбекистон, Буюк Британия, Дания ва Нидерландиянинг етакчи олим ва мутахассислари Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти хусусидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашади. 

Кинокартинани яратишда Бодлиан кутубхонаси (Оксфорд университети), Британия музейи, Пристон университети, Гриффит расадхонаси, Франциянинг Observatoire de la Cote d’Azur Côte расадхонаси, Калифорния университети, Даниянинг The David Collection музейи, Оксфорднинг Илм-фан тарихи музейи, Оксфорднинг St. John’s колледжи каби ўқув юртлари, музей ва кутубхоналарнинг бисотидан фойдаланилди.

Чет эллик олимларнинг аксари айнан Мирзо Улуғбек сиймоси сабаб мамлакатимизга меҳр қўйганини эътироф этган.

Фильм жанр нуқтаи назаридан ҳужжатли саналса-да, унда бадиий воситалардан ҳам фойдаланилган. Съёмка жараёнига ўзбекистонлик ва қозоғистонлик каскадёрларни жалб қилинган, ўша даврга мос тарихий либосларни танлаш ва тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Кинокартинада Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле каби жаҳон киноси юлдузлари суратга тушди. Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров, Ҳошим Арслонов сингари миллий кино усталаримиз ҳам ўз ролини маромига етказиб ижро этган.

Ҳолливуднинг “Титаник”, “Оловуддин”, “Геркулес” каби фильмларга мусиқа басталаган машҳур композитори Уолтер Афанасьев картина учун махсус мусиқа ёзган.
Беназир хонанда Севара Назархон ижросидаги саундтрек эса фильмга ўзгача жозиба бахш этган.

Мавзуга оид