Сирдарёда ҳайдовчининг лоқайдлиги эгри ниятли кимсаларга қўлга келди
Насриддин афанди қўшниси билан суҳбатлашиб турган экан, қўшни тўсатдан кўзи тушиб қолган томонга қараб дебди:
– Афанди қаранг, маҳаллада бегона одам қўй этаклаб келяпти.
Афанди бепарволик билан жавоб берибди:
– Менга нима?
Нотаниш меҳмонни кузатиб турган қўшни давом этибди:
– Ия, у қўйни сизнинг уйингизга олиб боряпти-ку!
Шунда Афанди гапни қисқа қилибди:
– Сенга нима?
Лоқайдлик, ўз манфаати йўлидаги бепарволик азалдан жамиятнинг энг оғриқли муаммоси бўлиб келганлиги ушбу латифада ҳам ўз исботини топган.
Сирдарёлик Сардор ва Шарофиддин (исмлар ўзгартирилди) ўзига наф келса ҳар қандай қинғир ишга ҳам кўз юмадиган, ёш умри завол топаётган ўспириннинг жиноят ботқоғига борган сари ботиб кетаётганини бепарволик билан кузатиб турадиганлар хилидан экан, деб ёзади “Постда” газетаси.
Ҳали вояга этмаган бўлса-да, бир неча бор жиноятга қўл урган Фарҳод учун ҳаётнинг мазмуни шу кунни кайф-сафода ўтказиш, қандай йўл билан бўлмасин, осон пул топишдан иборат бўлиб қолганди. Қадамини қандай босаётганини суриштириш, назоратга олиш учун уйида ҳеч ким ўзини масъул сезмагани этмагандек, кўчада ҳам «қулоғини чўзиб қўйиши» керак бўлган «ака»лари унинг ўғирлик ортидан топган «насибаси»га кўзни чирт юмиб шерик бўлиши Фарҳоднинг кўнглида баъзида уйғонадиган надомат учқунларининг устига тупроқ сепарди.
Ана шундай ҳаёт тарзига ўрганиб қолган Фарҳод навбатдаги «ўлжаси»ни топиш илинжида деҳқон бозори яқинида атрофни диққат билан кузатарди. Бозор атрофи ҳамиша гавжум бўлади. Айниқса, дам олиш кунлари. Ана шу издиҳомни бир чеккада кузатиб турган Фарҳоднинг эътиборини йўл четига келиб тўхтаган юк машинаси тортди. Шошилаётгани ҳаракатларидан шундоққина сезилиб турган ҳайдовчининг машина эшигини наридан-бери ёпгани унинг кўнглида умид уйғотди. Бир муддат атрофни кузатгач, машинага яқинлашди. Боя уйғонган умид энди аниқ ва қисқа режага айланди. Чунки автоулов эгаси шошилинчда машина эшикларидан бирини қулфлашни унутганди. Эшикни очиб, ичкарига бош суққан Фарҳод ўз машинасида унутиб қолдирган нарсасини излаётган кишидай тезлик билан ҳамма ёқни кўздан кечира бошлади. Ўлжа ҳам ўзини узоқ куттирмади. Кўздан пана қилиб ўриндиқ остига яширилган даста-даста пулларни кўрган Фарҳоднинг кўзлари чақнаб кетди. Пулларни бетартиб тарзда дуч келган чўнтагига, кийимининг ичига солиб, шу яқин ўртада мижоз кутиб турган киракаш машиналардан бирига ўзини урди-да, ўғирлаган пулларни кўнгилхушликларга сарфлаш ниятида Шарофиддиннинг уй манзилини айтди...
Шарофиддин Фарҳоднинг навбатдаги «ўлжаси» анча салмоқли бўлганини билгач, дарҳол Сардорга қўнғироқ қилди. Орадан бироз вақт ўтиб, Сардор ҳам этиб келди. «Узумини енгу, боғини сўраманг» нақлига қатъий амал қиладиган икки «ака» бунча пулни сарфлаш учун шаҳри азим Тошкентга бориш керак, деган хулосага келишди. Учовлон дарҳол сафар тадоригини кўриб, йўлга чиқди.
Тошкентдан кунни кеч қилиб қайтган «уч оғайни ботирлар» оқшомги кўнгилхушликни ўзларининг қадрдон кабобхоналарида давом эттиришар экан, базму жамшид учун кейинги кунларнинг режасини маслаҳатлашиб ўтиришди. Аммо бу сафар режаларни якунлаш уларга насиб этмади. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ҳамтовоқлар қўлга олиниб, қонун олдида жавоб беришига тўғри келди.
Мавзуга оид
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
17:02 / 12.11.2024
Пискентда ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида қарийб 16 минг туп олхўри дарахти ёниб кетди
14:15 / 12.11.2024
БАА ўзбекистонлик ҳайдовчиларни иш билан таъминлашни режалаштирмоқда
11:24 / 06.11.2024