Жаҳон | 23:00 / 28.03.2017
6139
2 дақиқада ўқилади

Перу президенти табиий офат пайтида сузиш ҳавзасида бўлган вазир ўринбосарини ишдан четлатди

Перу президенти Педро Пабло Кучински қишлоқ хўжалик вазир ўринбосари Эуфросина Санта-Мария Рубионинг лавозимидан четлатилиши ҳақида маълум қилди. La Republica маҳаллий газетасида таъкидланишича, истеъфога доир қарор амалдорнинг хатти-ҳаракатидан норози жамоатчилик фикри асосида қабул қилинган. Маълумотларга кўра, у ўз иш вақтининг муайян қисмини сузиш ҳавзасида тобланиб ёки велосипед учиб ўтказган. 

"Ҳа, у ишдан четлатилди. Ҳукуматнинг таркибига кирган одам ишлаш учун келади", - дейди Кучинчки. 

Гап шундаки, маҳаллий ОАВда иш вақтининг ўртасида сузиш ҳавзасида тобланаётган ёки велосипедда сайр қилаётган Эуфросина Санта-Мария Рубионинг суратлари чоп этилган. Бу суратлар сўнгги ҳафталарда сув тошқинлари ва кўчкилар ўнлаб кишиларни ҳаётдан олиб кетган ва инфротузилмага кўп миллиардли зиён етказган Перуда норозилик кайфиятини уйғотди. Ўз навбатида, Санта-Мария  тушлик вақтида бироз дам олиш учун сузиш ҳавзасига борганини айтган. "Мен ҳақиқий стрессни бошимдан ўтказяпман, бўш вақтим умуман йўқ, баъзида кабинетимнинг ўзидаёқ кўзим уйқуга кетади", - дея таъкидлаган у. 

Перу қишлоқ хўжалик вазирлигида амалдор миллий кўламдаги фавқулодда ҳолат вақтида йўл қўйилган "этиканинг бузилиши туфайли" ишдан четлатилгани айтилган. Идорада Санта-Марияга қарши жиноий иш очилиши ҳам мумкинлиги қайд этилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, ўтган йилнинг декабридан буён Перуда давом этиб келаётган кучли ёмғирлар, сув тошқинлари ва кўчкилар натижасида ҳалок бўлганлар сони 94 нафарга етган. 

Бундан ташқари, табиий офатлар натиждасида 347 киши турли жароҳатлар олган, яна 20 нафари эса изсиз йўқолган. Сув тошқинлари ва кўчкилар 14 мингдан зиёд турар-жойни вайрон қилган, яна 165 мингтасига эса зиён етган. 

Мутахассисларнинг фикрига кўра, сўнгги ўн йилликдаги энг кучли ёмғирлар Эль-Нино иқлим феномени натижасида юзага келган. 

Мавзуга оид