Сайт таҳририятига телевидение Ўзбекистон чемпионати ўйинларини ёритишда вилоятларга бефарқлик билан қараётгани ҳақида мурожаат келиб тушди.

"Исмим — Абдужалол. Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳриданман.

Футболни севиб томоша қиламан, вилоятимизнинг бош жамоаси "Насаф" мухлисиман. Лекин орадаги масофа 110 км бўлгани учун ўйинларни доим ҳам стадионга бориб томоша қила олмайман.

Мана, пойтахтимиз Тошкентда 4 та жамоа Олий лигада ўйнамоқда, уларнинг деярли барча ўйинлари "Спорт" телеканалида жонли олиб кўрсатилади, мухлислар хоҳлашса - стадионга боради. Биз, вилоятдаги мухлисларнинг улардан нима камчилигимиз бор? 

Фақат пойтахт жамоалари Қаршига келишсагина ўйин "Спорт" телеканалида жонли олиб берилади, қолган вақт вилоят телевидениеси тунги соат 11 ёки 12да ёзиб олиб кўрсатади. Ўйин тугаган, ҳисоб ва гол муаллифлари маълум бўлиб бўлганида. Ушбу ўйинни кечқурун ким кўради? Голларни ким ургани аниқ, кимга керак бу томоша? 

Бу борада ЎФФга мурожаат қилдик, "бу бизларнинг ишимиз эмас", деб айтишди. Ўйинларни жонли олиб беришга Тошкент рухсат бермас эмиш. Бизлар нима қилайлик, маслаҳат керак. Порталга ёзмоқчи эдим, бу унча катта муаммо эмас-ку? Илтимос, шу масалани ўрганиб, жавоб берсаларингиз".

Дарҳақиқат, футбол — миллионлар ўйини. Юртимизда 16 та жамоа миллий чемпионатимиз Олий лигада мунтазам иштирок этмоқда. Кейинги йилларда вилоятларда стадионлар лиқ тўлаётгани, мухлисларнинг футболга бўлган қизиқишлари ортиб бораётганидан ҳам далолат беради.

Наманган, Бухоро, Навоий, Қарши, Самарқанд шаҳарларида стадионлар мухлислар билан тўлиб тошмоқда. Бу эса футбол клубларига бу борада ҳам қўшимча даромад қилиш имкониятини тақдим этади.

Бироқ футбол кўраман, дейдиган мухлиснинг ҳаммасини ҳам стадионга сиғдириб бўлмайди. Бу борада телевидение ва радио ёрдамга келиши керак, албатта. Чунончи, юртимизда шу мақсадда "Спорт" телеканали очиб қўйилган. Телеканалнинг бош мақсади — юртимизда ўтаётган ҳар бир спорт мусобақасини ёритиш, жумладан, энг мухлиси кўп спорт тури бўлмиш — футболни омма ўртасида янада кенгроқ тарғиб қилишдан иборат, буни ҳаммамиз биламиз.

Яна биламизки, хорижий давлатларда номдор футбол клублар даромадининг асосий қисмини телетрансляциялардан олишади. Трансляцияда бутун майдон бўйлаб ёпиштириб ташланган реклама ёзувларини кўргансиз. Улар ҳам бекорга тургани йўқ. Буларнинг барчасини ўша реклама берувчилардан пул ишлаш учун ўрнатишган.