Спорт | 18:13 / 01.04.2021
13669
2 дақиқада ўқилади

«Спорт» телеканали ЕЧЛ, Европа лигаси ва яна учта мусобақани трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритди

Келаси мавсумдан бошлаб Европанинг бир қатор халқаро мусобақалари Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси телеканаллари орқали намойиш этилади.

«Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримовнинг твиттердаги саҳифасида маълум қилишича, Ўзбекистон МТРК 2021/22 йилги янги мавсумдан бошлаб Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси ва яна учта турнирни Ўзбекистон ҳудудида ТВ-трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритган.

«Ўзбекистон МТРК футбол бўйича УЕФA Чемпионлар лигаси, Европа лигаси, УЕФА Конференциялар лигаси, Европа Суперкубоги ва ЕЧЛ ўсмирлар лигаси мусобақаларини мамлакатимизда кўрсатиш ҳуқуқини олди. Энди дунёнинг энг кўп кўриладиган турнирлари «Спорт» телеканалида намойиш этилади», - дея ёзади «Спорт» ТВ директори твиттердаги саҳифасида.

Зоҳид Каримовнинг Tribuna.uz мухбирига маълум қилишича, ушбу турнирлар янги мавсумдан МТРКнинг икки телеканали - «Спорт» ва «Маҳалла» орқали трансляция қилинади. МТРК ушбу турнирларни намойиш этиш ҳуқуқини уч йилга қўлга киритган. 

Маълумот учун, сўнгги йилларда клублар ўртасида Европанинг энг нуфузли турнирлари саналмиш ЕЧЛ ва Европа лигаси ўйинларини намойиш этиш ҳуқуқи «UzReportTV» ва «FutbolTV» каналларида эди. «Спорт» телеканали эса Ўзбекистон Суперлигаси, Ўзбекистон миллий жамоаси иштирокидаги ўйинлар ва Германия Бундеслигаси баҳсларини намойиш этаётганди. Янги мавсумдан бошлаб юқоридаги турнирлар ҳам телеканал эфиридан жой олади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон МТРК 2021 йилнинг ёзида ўтадиган Токио-2020 Олимпиадаси ТВ-трансляцияси ҳуқуқини ҳам қўлга киритган эди.

Мавзуга оид