Кўзбўямачи банкир: “Халқ банки” Когон филиали бошқарувчиси судланди
Азамат Латипов омади кулиб боққан йигитлардан. Билимли, олий маълумотли бўлган бу йигит институтни тугатгач, иш ахтариб сарсон бўлмаган. Киришимли бўлгани боис орадан кўп вақт ўтмай, АТ “Халқ банки”нинг Когон филиали бошқарувчиси бўлиб ишга ўтди. Бу шахс ишлаб юрган кезлари “Бухоро стандарт строй продукт” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Фарҳод Файзиев билан танишиб, дўст бўлиб қолишганди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.
Кунларнинг бирида А.Латиповнинг ҳузурига эски таниши Фарҳод Файзиев кириб келди.
- Келганингиз яхши бўлди, ака. Ўзим неча кундан бери сизни бир кўрсам деб ўйлаб турувдим. Ҳар ҳолда энди буёғи қўлимизда бўлгач, сизга ўхшаган акахонларга ёрдам берсам дейман.
- Майлику-я. Аммо менга қандай ёрдам беришингиз мумкин?
- Масалан, кредит олишингиз мумкин.
- Кредит олиш учун ҳужжатлар тайёрлаш керак, қолаверса, туман ҳокимининг қарори...
- Бу ёғини менга қўйиб беринг, - банк бошлиғи тугмачани босди. – Саидниёзовни чақиринг.
Бир зумда банкнинг кредит бўлими бошлиғи Илҳом Саидниёзов кириб келди.
- Дарҳол ҳужжатларни тайёрланг. Биз тадбиркор, ишбилармон кишиларни қўллаб-қувватлашимиз керак.
- Ҳалиги...
- Ўйчининг ўйи битгунча, таваккалчининг иши битади. Фарҳод акага нафақат иссиқхона қуришга, балки битта ТТЗ-80 трактори олишга, яна гапида давом этди у – “Ласетти” автомобили олишга ҳам кредит ажратамиз.
Илҳом Саидниёзов тадбиркор Ф.Файзиевга кредит ажратилишида тегишли ҳужжатларни мукаммал ўрганиб чиқмади. "Бухоро стандарт строй продукт" МЧЖга 343 млн. сўм кредит ажратилди.
Аслида иссиқхона қуриш учун деб сохта маълумотлар киритилган ҳужжатлар тайёр бўлганда, банк бошқарувчиси туман ҳокими томонидан ер ажратиш ҳақида чиқарилган қарорни ўз кўзим билан кўрдим, деб қўл остидаги ходимларни алдаб қўя қолди.
Ушбу кредит туфайли мазкур банкдан қарздор “Мамат Жумабобо” фермер хўжалигининг 43 млн. сўмлик қарзи, хўжаликнинг эскириб ишга яроқсиз бўлиб қолган ТТЗ-80 трактори эвазига сўндирилди ва ажратилган маблағнинг 50 млн. сўми полиэтилен учун “Файз қурилиш моллари” МЧЖга, 190 млн. сўми “Тошкент труба заводига”, банкир орзу қилган “Ласетти” автомобили учун 59 млн. 800 минг сўм эса “GM Ўзбекистон” акционерлик жамияти ҳисоб рақамига кўчириб берилди.
Албатта, “Сиздан угина, биздан бугина” қабилида масъулияти чекланган жамият номига расмийлаштирилган “Ласетти” кредит тўловлардаги фоизни камайтириш эвазига банк бошлиғи Азамат Латиповга бериб қўйилди.
Ноқонуний йўл билан мансаб-мавқеини суиистеъмол қилиб узоққа бора олмаслигини Азамат Латипов жуда яхши биларди. У мазкур қинғир ишни хаспўшлай олмади.
Жиноят ишлари бўйича Жондор туман судининг ҳукми билан Азамат Латипов 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, унга энг кам ойлик иш ҳақининг 450 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Шунингдек, дўстига жиноий шерик бўлган Ф.Файзиев ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг 350 баробари миқдорида жарима тўлайдиган бўлди. Ўз вазифасига совуққонлик қилган Илҳом Саидниёзов эса 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баробари миқдорида жарима жазосига тортилди. Судланувчилар томонидан етказилган зарар тўлиқ қопланди.
Мавзуга оид
15:04 / 03.11.2024
Бухорода хотинига оғир тан жароҳати етказган шахс қамоқдан озод қилиниб, шартли жазо тайинланди
19:00 / 25.10.2024
“Баъзи ногиронлар тўрт мучаси соғлардан яхши ишлашади” – бухоролик тадбиркор
20:48 / 09.10.2024
Бухоронинг янги аэропорти соатига 8 та самолётга хизмат кўрсатади
13:45 / 09.10.2024