20:33 / 24.04.2017
45401

«Барселона»нинг Класикода «Реал» устидан ғалабаси борасида 5 савол

«Барселона»га Пако Алкасер нега керак?

Луис Энрике ўз карьерасидаги (афтидан) сўнгги Эл Класикога Неймарсиз етиб келди — бразилиялик футболчининг ҳакам шаънига саркастик чапак чалиши уч ўйинга дисквалификация, жумладан, Эл Класикони ўтказиб юбориши билан якун топди. Унинг ўрнига чиқарилган Пако Алкасер ҳамкорларини мутлақо ҳис қилмас, майдоннинг қай қисмида бўлиши яхшироқ эканлигини билмас эди.

Лучо ундан қаерда фойдаланиши маъқул эканлигиям ноаниқ эди — қанотлар учун у жуда йириклик қилади, марказда эса ундан бир неча баробар яхшироқ «қотил» Суарес бор. Ўйин давомида Алкасерда ўзи бор-йўғи биргина вазият бўлди, ўшанда ҳам ҳужумчи тўпни дарвозабонга қарата тепди. Албатта, «Барселона»ни унинг икки мавсум кетма-кет 10дан зиёд голлари ва захира ўриндиғида ялпайиб олмасликка тайёрлиги қизиқтиргандир, лекин шошилинч вазиятлар учун ундан ишончлироқ футболчи олиниши керак эди.

Жин урсин, ҳакамларга нима бўлган?

Буни фақтгина видеотакрорларнинг йўқлиги билан тушунтирмаслик керак. Бу ҳафта ҳакамлар борасида кўп баҳс-мунозаралар бўлди. Аввалига «Реал»нинг «Бавария»га қарши ўйинида Кашшаи, кейин «Урал»нинг «Зенит-Арена»да чавақланиши, энди эса Класико.

Умтити томонидан Роналдуга нисбатан ишлатилган фолни ўйин старти билан оқлаш мумкин — Эрнандес ўйинни энг бошидан синдириб қўйишни истамади. Бироқ, кейин лайнсменлар «Реал»нинг голида офсайдни (Рамос тўғри вазиятда эди, қолган иккитаси-чи?) ва Мессининг юзига Марсело тирсак қўйганини кўрмай қолишди. Ҳакамлар Эл Класикода бош қаҳрамон бўлишдан жуда қўрқишади — Каземирога қизил карточка берилмаганини фақатгина шу билан тушунтириш мумкин.

Нега Зидан ҳали тайёр бўлмаган Бейлни туширди?

Ўйингача 7 соат қолганда Гильем Балаге (Месси ҳақида таржимаи ҳол ёзган ёзувчи) ҳаммани ишонтирди: Гарет тайёр бўлган пайтда доим майдонга тушган, ҳозир эса унда ҳаммаси жойида, дея.

Уэльслик ўйинчида ростдан ҳам ҳаммаси жойида экан, бироқ биринчи жиддий тўқнашувгача. Ўшанда Бэйл ётиб қолди ва қанот бўйлаб ортиқ чопа олмаслиги ойдинлашди.

Зайниддин Зидан «Бернабеу»да ўтган Класикода Бенитес босиб олган кетмонни босишда давом этди: ўйинга мос келувчи футболчилар ўрнига, майдонга юлдузларни чиқарди. Ўшанда (0:4 да) таянч зонасида унга қараб рақиб либосида ҳаракат қилиб келаётган ҳар қандай нарсани бетонлаб ташловчи Каземиро майдонга туширилмаган эди. Энди эса Зизу BBCдан иборат бутун десантни майдонга чиқарди ва бунинг оқибатида уларнинг биридан танаффусгача ажраб қолди. Асенсио бу ўйинда Гаретга нисбатан хавфлироқ ҳаракат қилгани йўқ, лекин уни бошланғич таркибда чиқарганида Зидан қандайдир ўзгартиришлар қилиш имкониятига кўпроқ эга бўларди.

Жамоаларнинг ҳимоясига нима бўлди?

Ҳимоя деганлари ҳар икки жамоада ҳам йўқ эди. Ўйин айнан дарвозабонларнинг кўплаб сэйвлари эвазига ўта эмоционал кўриниш ҳосил қилди. Тинмасдан Навас ва Тер Штеген дарвозаси томон берилган зарбалар (90 дақиқа ичида 38 та ва уларнинг 28 таси аниқ) айнан жуда хунук ҳимоя туфайли юзага келди. «Реал»нинг абадий қутқарувчиси Серхио Рамос бекорга тўпни эгаллаш ва муваффақиятли олиб қўйишларсиз майдонни эртароқ тарк этгани йўқ. «Барселона» икки етакчи марказий ҳимоячиси Пике ва Умтитига ишонди, лекин Криштианунинг саккизта зарбасидан қутилиб қола олишгани йўқ, шунчаки, бугун Мадрид юлдузида «Бекҳэм куни» эмаслиги уларнинг жонига ора кирди.

Хамеснинг голига қаранг. Биринчидан, Марселонинг қанотдан берган узатмасига қойил қолиш керак, иккинчидан, 85-дақиқада ўз жарима майдонида Родригесни кўздан қочирган Албанинг ярамайдиган ўйинидан даҳшатга тушиш керак.

Месси буни яна қандай амалга оширди?

Дарҳақиқат, унинг жаҳлини қўзғатмаслик керак эди. Аввалига Марселодан ҳеч ким эътиборга олмаган тирсак еди, кейин Каземиро томонидан мудом турткилаб турилди. Зидан таянч зонаси ўйинчисини рақибнинг асосий футболчисига бириктириб қўйди, бразилиялик ўйинчи Лео кетидан марказий айланага ҳам, қанотларга ҳам эргашиб чопиб юрди — Карлоснинг юз ифодасига эса гап йўқ. 

Месси 45 дақиқа ичида 5 марта тўпни айлантириб олиб ўтди, майдондаги қолган футболчилар бир-бирларини икки мартадан тўп билан алдаб ўта олган. Лионель «Реал»га қарши ўйинларга ўзини ўзи тайёрлайди, шу сабабли у Класико тарихидаги энг яхши тўпурар бўлиб турибди. У биринчи бўлим ўрталарида қийналмай ҳисобни тенглаштирди, очиқ дарвозага тўп кирита олмади, Рамоснинг четлатилишига сабаб бўлди ва танаффусдан кейин ҳам икки-уч марта аниқ зарбалар берди.

92-дақиқадаги гол ҳам умуман, бутун ўйин давомида бўлганидек, ҳиссиётлар кетидан юзага келди. «Реал» ўйинчилари каталонияликларга бир киши кам бўла туриб, дарвозаси олдида босим уюштираётганида «Барса» қарши ҳужумни уюштирди ва сўнгги сонияларда гол урди. Сиз Месси тўпни дарвозага киритганидан сўнг бирор марта футболкасини ечганини эслай оласизми? «Барселона» ҳақиқатдан ҳам унинг жонажон уйига айланган ва оиласининг душмани пешонасига ўқ узиш унинг учун ҳақиқатдан ҳам номус ва шараф масаласидир.

«Реал» дарвозасига урилган бу гол Лео учун кўк-анорранг либосда роппа-роса беш юзинчиси бўлди ва «Барса»ни ҳамон чемпионлик пойгасида қолишини таъминлади. Энди «ПСЖ»га қарши триллердан кейин бўлганидек, биринчи дуч келган жамоага ютқазмаслик керак. «Осасуна» ҳақи-ҳурмати Месси қўшимча дақиқаларда майкасини ечмайди.

 

Top