21:57 / 25.04.2017
54345

АҚШ Давлат департаменти Украинага молиявий ёрдамни кесиб, Ўзбекистонга кўпайтирмоқда

Фото: © РИА Новости

АҚШ Давлат департаменти тармоғи бўйича Украинага кўрсатиладиган молиявий ёрдамни 68,8 фоизга қисқартириб, режалаштирилган 570 миллион ўрнига 177 миллион доллар ажратади. МДҲ давлатларидан Беларусь, Қозоғистон, Гуржистон, Арманистон ва Тожикистонга ҳам ажратиладиган харажатлар қисқартирилган. Ўзбекистонга ажратилажак ёрдам пули эса бироз ортган.

«Вашингтон халқаро молиявий ёрдамни қисқартириш мақсадида Америка халқаро ривожлантириш агентлиги (USAID) дастурларини қисқартириб, уни Давлат департаменти билан бирлаштирмоқчи», деб ёзади АҚШ ташқи ишлар идорасининг ҳужжатига асосланиб Foreign Policy.

Умумий миқдорда 2018 йилги молиялаштириш 30,8 фоизга қисқариб, 11,75 млрд. долларни ташкил этиши керак.

Молиялаштиришнинг қисқартирилиши барча минтақаларни қамраб олган. Энг йирик рецпиент ҳисобланувчи қора қитъа учун молиялаштириш 14 фоизга камаяди ва 5,97 млрд. долларни ташкил этади. Гарчи, асосий ёрдам олувчилар учун пул кўп ҳам камайтирилмайди: Танзания 8,3 фоиз камроқ — $560 млн., Нигерия — $453 млн. (-1,8 фоиз), Уганда — $449 млн (-13,1 фоиз), Замбия — $435 млн (-0,1 фоиз).

Яқин Шарқ мамлакатлари учун бериладиган пуллар 7,2 фоизга қисқартирилади ва 1,6 млрд. долларни ташкил этади.

Бу ҳолатда муаммоли минтақанинг йирик пул олувчиларига ёрдам кўпайтирилади: Ироқ $300 млн. (+145 фоиз), Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ва Ғазо бўлгаси — $215 млн. (+4,6 фоиз). Шунингдек, Сурия (+50 фоиз, $150 млн.) ва Ливия (+130 фоиз,  $23 млн.) 

Европа ва Евроосиёда қисқартиришлар сезиларли даражада амалга оширилади — 57,4 фоиз, $363 млн.гача. Бу ҳолатда илгари уларни қўллаш Вашингтон учун стратегик муҳим деб ҳисобланган давлатларга ёрдам дастури ҳам кесиб ташланган. Масалан, Киевга бериладиган ёрдам 68,8 фоизга камайиб, 177 млн. долларни ташкил этади.

«Бу қарор Украинани Россия билан яқинлашишга ундаши мумкин, бу эса АҚШ манфаатларига зид», деган кенжа Жорж Буш маъмурияти вақтида Украинада элчи бўлиб ишлаган собиқ дипломат Уильям Тейлор.

«Украинада йиллар давомида Америка сиёсатининг асосий мақсадларидан бири бу давлатни Европа институтлари билан яқинлашишини рағбатлантиришдан иборат бўлиб келган. Украинанинг Россия билан яқинлашуви бизнинг манфаатларимиз доирасига мос эмас», — деган Тейлор.

Арманистон учун мўлжалланган 17,6 млн, Озарбойжон учун 7,7 млн, Беларусь учун 7,9 млн доллар молиявий ёрдам тўлиқ бекор қилинган. Гуржистонни молиялаштириш 41,4 фоизга — 28 млн. долларгача кесиб ташланган.

Жанубий ва Марказий Осиё давлатларига ажратиладиган ёрдам пулларида камайиш бор (-27, фоиз, $1,13 млрд.гача).

Қозоғистон (6,2 млн. доллар) ва Туркманистон (3,9 млн. доллар) ёрдамдан тўлиқ узиб қўйилади. Қирғизистонда молиялаштириш 60 фоизга камайтирилса ($18 млн.гача), Тожикистонда бу кўрсаткич 47,6 фоизни ташкил этади — $17,3 млн. Ўзбекистонга эса ёрдам пули 4,4 фоизга оширилган ва 9,8 млн. долларга етказилган.

Минтақада энг йирик реципиентлар Афғонистон (-20 фоиз, $650 млн.гача) ва Покистон (-5,1 фоиз, $211 млн.гача) ҳисобланишади.

Ғарбий ярим шарда молиялаштириш 38,9 фоизга камайиб, $662 млн.ни ташкил этади. Энг кам маблағ Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақаси ҳиссасига тўғри келади. Бироқ бу ерда ҳам молиялаштириш қисқартирилган (-41,1 фоиз, $321 млн.гача).

 

Top