Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрда қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган ҳаракатлар режаси бу соҳада давлат сиёсатининг янги даражасига ўтиш заруриятидан дарак беради. Уни қандай амалга ошириш мумкин? Бу ҳақда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси раиси Алишер Шайхов интервьюда саволларга жавоб берди.

— Алишер Эркинович, бугунги кунда ишбилармонликни ривожлантириш учун яратилган ҳуқуқий майдон механизми қай даражада ишламоқда?

— Таъкидлаш лозим бўлган асосий нарса — ҳозир бизнес турғун ва лоқайд ҳолатдан чиқиб, пайдо бўлган масалаларни янада фаолроқ муҳокама қилмоқда. Албатта, ишбилармонлар меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш жараёнида жипс иштирок этмоқда, дейишга ҳали эрта. Бироқ, бизнес вакиллари улар тақдим этган кўплаб таклифлар инобатга олинаётганини кўриб туришибди. Улар янги меъёрий ҳужжатлар жорий этилишига фаол муносабат билдиришмоқда, банк соҳа ва иқтисодиётнинг турли жабҳаларида, жумладан, ташқари бозорни эгаллаш борасида юритилаётган сиёсатдан хабардор бўлишга интилишмоқда.

Мамлакат президенти, сўнгра бошқа идораларнинг виртуал қабулхонаси яратилишидан сўнг одамлар онгида катта ўзгариш юз берди. Илгари кишилар фақат муаммолар ҳақида гапиришган бўлишса, энди одамлар қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатларни ўрганиб, ўзлари таклифлар беришмоқда. Бугунги ишбилармон — бизнеснинг нозик қирралари, ўз эҳтиёжи ва ҳуқуқларидан хабардор саводли киши. Бу ҳуқуқларнинг ҳимоялаш механизми ҳар доим ҳам ишламаётгани энди бошқа масала. Ҳар куни қабул қилинаётган меъёрлар ана шу вазифага эришиш йўлида фавқулодда зарур ҳисобланади.

2017 йилнинг 4 январидан кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ўта зарур эди. Унинг қабул қилиниши коррупцияни қўпориб ташлаш учун зарур шароитларни яратади. Қонун ислоҳотлар фалсафаси нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамиятга эга, чунки у нафақат коррупцияга қарши курашишни, балки давлат ва тадбиркорлик субъектлари, аҳоли ўртасидаги муносабатлар принципининг ўзгартирилишини ҳам назарда тутади.

— Агар беш йил аввалги ҳуқуқий майдон ва бугунгиси таққосланса, сўнгги вақтларда қандай ўзгаришлар рўй берган?

— Биз ҳозир муаммоларни фаол муҳокама этмоқдамиз, лекин бу муаммолар кўпайганини билдирмайди. Аслида, биз жамият, янги таҳдидларни яхшироқ англай бошладик, агар ҳозир чора кўрмасак, келажакда бундан-да оғирроқларига дуч келишимизни тушуна бошладик. Бугунги кундаги ҳуқуқий майдон ва беш йил аввалгиси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор, чунки бизнесни ривожлантириш учун кенг имкониятлар тақдим этувчи жуда кўп меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.