Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси (ЖИУ) 3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги кунига бағишлаб, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази билан ҳамкорликда «Туркистон» саройида «Олтин қалам» XII Миллий мукофотини топшириш маросимини ўтказди.
Танловга 2016 йилнинг 31 мартидан 2017 йилнинг 31 мартигача — бир йил давомида газета ва журналларда чоп этилган, радио орқали эфирга узатилган ҳамда телевидениеда кўрсатилган ва интернет нашрларида берилган материаллар қабул қилинди ва ғолиблар аниқланди.
Бу йилги тақдимотдан кейин ижтимоий тармоқларда мукофотни топшириш мезонлари кўп танқидларга учради, ўз ишининг устаси бўлган фидоий журналистлар бир четда қолиб, номи чиқмаган номлар ёки ўтмишдаги фаолияти учун тақдирланган номдор нашрлар кўпчиликнинг эътирозларига сабаб бўлди. Хусусан, журналист ва блогер Санжар Саид ўзининг фейсбукдаги саҳифасида «Кимларнингдир шахсий томорқасига айланган бу танловда қатнашиш ва унда ғолиб бўлишни иснод» деб атади.
«Жаҳон сўз эркинлиги кунида бир тўда ялоқхўр, қўғирчоқ сўзбузар-мақтовтузарларнинг қилган беминнат хизматларини тақдирлаш учун ўйлаб топилган бу мукофот аслида сўз эркинлиги, фикрлаш эркинлиги, журналистлар ҳаққонийлиги, холислигига катта дахлдан бошқа нарса эмас», дея давом этади Санжар Саид.
У аслида журналист қайсидир танловда ғолиб бўлиш, унвон олиш учун эмас, балки халқ дарди, оддий одамлар муаммосини аритиш, жамиятдаги камчиликларга қарши курашиш учун қалам тутиши унинг асосий бурчи ва вазифаси эканини таъкидлаб ўтган.
«Биргина инсоннинг муаммосини ҳал қилиш, ҳаётига ёруғлик олиб кириш қанчалар бахт, неча йиллардан бери кишиларни қийнаб келаётган муаммони бартараф этиш қанчалар шараф! Гарчи бу йўлга беминнат, холис қадам қўйсангиз ҳам одамлардан раҳмату миннатдорчилик эшитиш, улар кўзида қувонч кўришдан ортиқ мукофот бормикан? Қалами ўткир, юраги халқ дардида ёниш, қўллари ҳақиқатни ёзишдан толмаётган, ҳақ йўлда тўхтамаётган журналист дўстларим, чинакам олтин қалам Сизнинг илкингизда! Ҳақиқий ғолиб аслида сизлар, халқ буни тан олади, Ҳақ сизларга мададкор. Арзимаган мукофот, уч-тўрт сўм кўнглингизни ранжитмасин! Сизга Аллоҳдан куч-қувват, оилангизга хотиржамлик, аҳиллик, хонадонингизга қут-барака, ижодингизга улкан парвозлар тилайман. Кенг майдон курашлари сизни чорламоқда!», дея фикрларини якунлаган у.
Қайд этиш керакки, Санжар Саид танловда қатнашмаган. У шуни илова қилар экан, ғолибларга нисбатан шахсий ғарази йўқлиги, лекин бу сафар нимадир янгилик бўлишидан умидвор бўлгани, аслида эса ҳаммаси эски ҳаммом, эски тослигича қолганини келтириб ўтган.



















