16:20 / 11.05.2017
35972

ЕЧЛ финали. Бизни қандай ўйин кутмоқда?

3 июнь куни Уэльснинг Кардифф шаҳри Чемпионлар лигасининг финал учрашувига мезбонлик қилади. Шу куни «Миллениум» стадионида Мадриднинг «Реал» ва Туриннинг «Ювентус» клублари тўқнашади.

Ярим финалнинг биринчи жуфтлигида «Ювентус» ҳар икки ўйинда ҳам «Монако»дан устун келганди. Мадрид жамоалари иштирокида ўтган иккинчи жуфтлик баҳсларида эса «Реал» устун чиқди.

«Сантьяго Бернабеу»да кечган биринчи ўйинда Криштиану Роналдунинг ҳет-триги «Реал»нинг йирик ғалабасини таъминлаганди. Жавоб ўйинида «Атлетико» 2:1 ҳисобида ғалаба қилди, аммо бу финал учун етарли бўлмади.

Фото: @ChampionsLeague

Қайд этиш керакки, Чемпионлар лигасида кетма-кет икки бор ғолиб чиқиш ҳозирча ҳеч бир клубга насиб қилмаган. «Реал»да бу борада биринчи бўлиш имконияти мавжуд.

Қарама-қаршилик тарихи

Чемпионлар лигасида «Реал Мадрид» ва «Ювентус» плей-офф босқичида 6 марта учрашган. 1998 йили ЕЧЛ финалида ҳам ушбу жамоалар тўқнашуви кузатилган ва ўшанда мадридликлар аъзоси, югославиялик Предраг Миятович урган ягона гол ғалабани таъминлаган (бу гол офсайддан урилгани иддао этилади). Ўшанда «Реал»нинг бугунги кундаги устози Зинедин Зидан «Ювентус» сафида майдонга тушган. Туринликлар жамоасига Марчелло Липпи бош мураббий эди, «Реал»ни Юпп Хайнкес бошқарган. Ўша учрашув Миятович фаолиятидаги чўққи бўлди – бир йил ўтиб у НАТО Югославияни бомбардимон қилишига қарши норозилигини билдириб, ўйнашдан бош тортди, кейинроқ «Реал» уни сотиб юборди.

Фото: UEFA
Фото: UEFA

«Бьянконери» шундан буён ЕЧЛ финалида «қаймоқранглилар» билан бошқа учрашмади, плей-офф босқичида эса икки мавсумда тўқнаш келинди ва бу баҳсларда улар мадридликларни ортда қолдиришди. 2003 йилги турнир ярим финалидаги биринчи учрашув Мадридда кечган ва мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонганди, жавоб ўйинида эса «Ювентус» 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди, аммо бу учрашувда Павел Недвед жароҳат олиб сафдан чиқди, жамоа финалда «Милан»га ютқазди (асосий вақтда 0:0, пенальтилар бўйича 2:3).

2015 йили эса ярим финалда Альваро Мората ўзининг биринчи жамоасини жазолади. «Мен Мадриддан битта Чемпионлар лигаси учун қарздорман», – демоқда энди Альваро. Ўшанда жамоаларнинг Туринда кечган учрашувида мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган, Мадриддаги баҳс 1:1 ҳисобида якунланган, икки учрашувда ҳам Мората гол урганди. «Ювентус» ўша мавсумда финалда «Барселона»га 1:3 ҳисобида ютқазганди.

Шунингдек, бу жамоалар 1996 йилги мавсум чорак финалида тўқнашган («Реал» - «Ювентус» 1:0, «Ювентус» - «Реал» 2:0). Туринликлар ўша мавсумда финалга қадар боришган ва финалда «Аякс»га қарши ўйиннинг асосий вақти 1:1 ҳисобида тугаган, пенальтилар сериясида туринликлар 4:2 ҳисобида ғолиб бўлиб, чемпионликни нишонлаган.

2005 йили эса бу жамоалар нимчорак финалда учрашган ва бу сафар ҳам итальянлар устун келган («Реал» - «Ювентус» 1:0, «Ювентус» - «Реал» 2:0). Чорак финалда «Ювентус» мавсумнинг бўлғуси чемпиони «Ливерпуль»га тўқнаш келади ва 1:2 ҳамда 0:0 ҳисобларидан кейин турнирни тарк этади.

Кузирлар

«Реал»да – индивидуал маҳоратга эга футболчилар тўпланган ва улар бир-бирига халақит беришмайди. Криштиану Роналду турнир плей-оффида қаторлаштириб гол урмоқда, унинг атрофида голли паслар етказиб берувчилар тўпланган, – Марсело, у ўз фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказмоқда, Тони Кроос ва Лука Модрич. Вертикал футбол натижа келтирмоқда. Агар Мадрид ҳужумчилари гол уравермаса Серхио Рамос ёрдамга келишга тайёр.

«Ювентус» – жамоавий футбол кўрсатмоқда. Массимилиано Аллегри ўз футболчиларини тактик схемалар бўйича ўйнашга ўргатди ва ҳар бир футболчи учун вазифалар топширди. «Ювентус»нинг ярим ҳимоясида асли марказий ҳужумчи Марио Манжукич барқарор ўйнамоқда, у қора иш қилишдан қочмаяпти ва рақибнинг ҳимоячиларини тинимсиз босим остида тутиб турибди. Аллегри Пьяничга янги роль топиб берди, Хедиранинг амплуаси вазифаларини кенгайтирди, Кьеллини ва Бонуччини жуфтликда янада самарали ўйнашга ўргатди, энди Барзальи йўқлигида ҳам бу икки ҳимоячи марказий ҳимояни ёпа олади, «Юве»да Дани Алвеш иккинчи ёшлигини бошлади. Жамоавий футбол рақибнинг кучли футболчиларига қарши.

Собиқлар

Фото: UEFA

«Ювентус»нинг икки футболчиси аввал Мадридда ўйнаган, улар «кекса синьора» таркибига текинга келган Дани Алвеш каби асосий футболчилар ҳисобланишади. Сами Хедира Карло Анчелотти бошқаруви даврида асосий таркибдан тушиб қолгач, шартномани узайтирмади ва Италияга йўл олди, у бу жамоада асосий ярим ҳимоячига айланди: агар Пьянич ва Маркизио «реджиста» (Италияча ўйин услуби, ўйинни ичкаридан бошлашга қаратилган) бўйича ҳаракатланса, Хедира майдоннинг у чеккасидан бу чеккасига ҳаракатланиб, кўп иш бажаради. Иккинчиси, Гонсало Ҳигуаин, у «Ювентус» «Наполи» орқали келган. Ҳигуаин туринликлар сафида биринчи мавсумдаёқ 32 гол уришга улгурди – у Мадридда ҳеч қачон бундай самарадорлик кўрсатмаганди.

«Реал» таркибида бир собиқ бьянконерочи бор – Альваро Мората. Тақдир ҳазилини қарангки, икки йил муқаддам айнан Мората «Реал» Чемпионлар лигаси финалига чиқишига йўл қўймаганди, у ўшанда «Ювентус» учун Туринда ҳам, «Сантьяго Бернабеу»да ҳам гол урганди. Мората бу йилги финални захира ўриндиғида бошлаши ҳақиқатга яқин, Мадридда асосий ҳужумчи Карим Бензема ҳисобланади. Мухлислар Зиданни Бенземага ишонч билдиравериши учун танқид қилишади, аммо Карим ҳар бир ўйинда кўзга кўринмайдиган жуда кўп ишларни бажариб келмоқда. «Висенте Кальдерон»даги учрашувда эса у ўзининг нақадар муҳим ўрин тутишини очиқчасига намойиш этди.

Анъаналар

«Монако» билан уй учрашувида бьянконерлар дарвозабони Жанлуижи Буффоннинг қуруқ серияси барҳам топди – Килиан Мбаппе натижага таъсир кўрсатмайдиган голни уриб, фахрий дарвозабоннинг «қуруқ» ўйинларини тўхтатди, бу серия 689 дақиқа давом этганди. ЕЧЛда узоқ вақт давомида гол ўтказмаслик бўйича рекорд «Арсенал»га тегишли. 2005-06 йилги мавсумда лондонликлар плей-офф босқичида гол ўтказишмаган. Лекин финалда мағлуб бўлинган.

«Реал» ўтган мавсум чемпиони ҳисобланади. Чемпионлар лигасида кетма-кет икки бор ғолиб чиқиш ҳозирча ҳеч бир клубга насиб қилмаган. 2003/04 йилги мавсум чемпиони «Милан» 2004/05 йилги мавсумда Истанбул финали «қурбони»га айланди. 1995 йилги чемпион «Аякс» 1996 йилда «Ювентус»га пенальтилар сериясида ютқазди. «Челси»нинг тақдирини Жон Террининг пенальти нуқтасида тойиб йиқилиши ҳал қилди. «Манчестер Юнайтед» 2007/08 йилги финалда «Челси»ни енгган, кейинги мавсум финалида «Барселона»га ютқазган. Лекин бу статистика «Ювентус»ни фаворитга айлантириб қўймайди ҳам.

Чемпионлар лигаси янги форматга ўтган 1992 йилдан бошлаб ҳисоблаганда «Реал»да совринлар сони 5 та: 1998, 2000, 2002, 2014 ва 2016. Мадридликлар янги даврдаги финалларда ҳеч мағлуб бўлмаган.

«Ювентус» бу даврда ЕЧЛ финалларида энг кўп ютқазган жамоа ҳисобланади - 4 марта. Жамоа фақатгина 1996 йил бош мукофотни қўлга киритган.

Яна бир анъана – замонавий Чемпионлар лигаси тарихида ҳар еттинчи йилда итальянлар жамоаси ғолиб чиқади. 1996 йилда бош соврин«Ювентус»га насиб этган, 7 йил ўтиб 2003 йилда – «Милан» ғолиб чиққан, 2010 йилда «Интер». Ўшандан бери эса яна 7 йил ўтди.

Бетарафлар кимга мухлислик қилади

Жжанлуижи Буффонни ёқтирмайдиган мухлис топилиши қийин. Унинг коллекциясида етишмаётган ягона соврин Чемпионлар кубоги бўлиб турибди. 2003 йилги ЕЧЛ финалида пенальтилар серияси ўтказилган. Аввалига Трезеге Дидани алдай олмайди, кейин Сержиньо Буффонни осонлик билан алдайди. Кейинги зарбаларда эса аксинча бўлади, туринликлардан Таккинарди аниқ ҳаракат қилади, миланликларда Зеедорф хато қилади, учинчи марта зарбалар берилганида эса икки томонда ҳам хато, Марсело Салайета ҳамда Каха Каладзенинг зарбаларини Дида ва Буффон қайтаради. Тўртинчи зарбани туринликлардан Паоло Монтеро аниқ тепа олмайди, миланликлар ҳимоячиси Александро Неста Буффони доғда қолдиради, бешинчи зарбаларни эса Дель Пьеро ҳам Шевченко ҳам аниқ бажаради, миланликар чемпион. Ўйиндан кейин «Олд Траффорд» трибунаси олдида ўтирган Буффон аламдан йиғларди: «Энди мен яна қачон бундай имкониятга эга бўламан?».

12 йил ўтиб у яна йиғлайди – бу сафар«Барселона» ўйиннинг асосий вақтида масалани ҳал қилади. Энди «Ювентус» учинчи финалида Буффон учун ғалаба қозониши керак.

Жижи – бьянконерилар афсонаси, Мадридда ҳам бир афсона бор, аммо у аллақачон мураббий. Зинедин Зиданнинг мураббий сифатидаги фаолияти ҳам омадли чиқмоқда, у жамоага келганига бир ярим йил бўлиб, иккинчи марта ЕЧЛ финалига чиқди. У Иско ва Лукас Васкес каби ёшларга имкон бермоқда.

Дарвоқе, Зидан футболчи сифатидаги охирги финалида, 2006 йилги ЖЧ финалида Жижи Буффонга пенальтидан гол урган, аммо ўйиннинг қўшимча бўлимлари вақтида Зизу қизил карточка олиб майдонни тарк этган, ўшанда Буффон рақибни овунтирганди.

Фото: UEFA
Фото: UEFA

3 июнь куни ким кимни овунтиради, кутамиз...

Top