Спорт | 18:46 / 11.07.2021
22434
14 дақиқада ўқилади

15 йил олдин Италия кубок ютганди. ЖЧ-2006 қаҳрамонлари ҳозир қаерда?

Бу авлод катта натижага эришганди – ҳозиргилар уларга ўхшай оладими?

Фото: SHAUN BOTTERILL/GETTY IMAGES

2006 йилда Италия терма жамоаси тўртинчи бор жаҳон чемпионига айланганди. Марчелло Липпи жамоаси гуруҳда Чехия ва Ганани енгиб, АҚШ билан дуранг ўйнаган ҳолда гуруҳда биринчи ўринни эгаллаган. Финалга қадар йўлда «Скуадра адзурра» Австралия (1:0), Украина (3:0) ва Германияни (2:0) мағлуб этган, Францияга қарши ҳал қилувчи баҳсда ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида италияликлар яхшироқ зарба беришган. Championat.com ўша унутилмас жамоанинг қаҳрамонлари ҳозир қаердалиги бўйича маълумот тўплади.

Дарвозабон: Жанлуижи Буффон, 43 ёш

Фото: ANDREAS RENTZ / PIER MARCO TACCA/GETTY IMAGES

2006 йилги жаҳон чемпионатига Жижи Анджело Перуцци («Лацио») ва Марко Амелия («Ливорно») билан биргаликда дарвозабонлар бўлинмасини ташкил қилганди. Буффон турнирдаги барча етти ўйинда майдонга тушган ва атиги икки гол ўтказиб юборган. «Ювентус» дарвозабони гуруҳ босқичида Чехия ва Ганага қарши ўйинларда, плей-оффда эса – Австралия, Украина ва Германияга қарши баҳсларда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. ЖЧ якунларига кўра Буффон турнирнинг энг яхши дарвозабони деб топилиб, Лев Яшин совринини қўлга киритган.

Афсонавий дарвозабон бироз олдинроқ эркин агент сифатида «Парма»га қайтди ва 2023 йил 30 июнига қадар амал қилувчи шартномага имзо чекди.

Ҳимоячи: Фабио Гроссо, 43 ёш

Фото: ALEX LIVESEY / VINCENZO IZZO/GETTY IMAGES

Гроссо 2006 йилги жаҳон чемпионати қаҳрамони бўлганди. У 1/8 финалда Австралияга қарши ўйинда пенальти ишлаган ва бу пенальти ўйин тақдирини ҳал қилган, яримфиналда Германияга ғалаба голини урган ва финалда Францияга қарши ўйиндан кейин пенальтилар сериясида 11 метрдан аниқ зарба берган. Бу Фабионинг фаолиятидаги илк соврин эди, шундан кейин унга совринлар магнитга ёпирилгандек ёпирилади. Мундиалдан бир ой ўтиб Гроссо Италия Суперкубоги соҳиби бўлади, бир йилдан кейин «Интер» сафида мамлакат чемпионлигини нишонлайди. 2007 ва 2008 йилларда эса «Лион» билан икки бор Франция Суперкубогини қўлга киритади, ушбу юрт чемпионатида ғолиб бўлади.

2013 йилда мураббийлик лицензиясини олган ушбу жаҳон чемпиони «Ювентус» ёшлар жамоаси мураббийлар штабида ишлади, 2021 йил мартидан «Фрозиноне»ни бошқаришга киришди.

Ҳимоячи, Фабио Каннаваро, 47 ёш

Фото: ALEX LIVESEY / LINTAO ZHANG/GETTY IMAGES

2006 йил Каннаваронинг фаолиятидаги энг яхшиси бўлганди. У турнирдаги барча ўйинларда иштирок этган ва жамоа сардори сифатида ўйнаган. 2006 йил якунларига кўра ушбу ҳимоячи қатор совринларни ўзиники қилган, жумладан, «Олтин тўп»ни қўлга киритиб, ФИФА ва World Soccer талқинларига кўра энг яхши футболчи бўлган, Италияда йил футболчиси деб топилган. 2006 йилги жаҳон чемпионатидан кейин Каннаваро «Ювентус»дан «Реал»га йўл олиб, мадридликлар билан қаторасига икки бор Испания чемпионлигини нишонлаган.

Айни вақтда Фабио мураббийлик фаолияти билан машғул – у Хитойнинг «Гуанчжоу Эвергранд» клубида бош мураббий сифатида ишламоқда.

Ҳимоячи: Марко Матерацци, 47 ёш

Фото: SHAUN BOTTERILL / EMILIO ANDREOLI/GETTY IMAGES

2005/2006 йилги мавсумда Матерацци ниҳоят Италия чемпионатида ғолиб чиқади (қаторасига икки марта учинчи ўрин ва бир марта иккинчи ўриндан кейин). Марко турнирга кўтаринки кайфиятда йўл олади ва мундиалда ҳам ўзини кўрсатади — Чехия ва Францияга гол уради, Зиданни қуюшқондан чиқариб, майдондан четлатилишини таъминлайди. Турнирдан кейин Матрица 2006/2007 йилги мавсумда А Серияда ҳимоячилар орасида энг яхши тўпурарга айланади - рақиблар дарвозасига 10 гол йўллайди. Уч йил ўтиб эса бешинчи бор Италия чемпиони бўлади, Чемпионлар лигаси кубогини боши узра кўтаради.

Матерацци уч йил мураббийлик қилади, кейин эса футболдан кетади. Энди у реклама лойиҳаларида иштирок этмоқда, саёҳат қилмоқда, эксперт бўлиб ишламоқда – хуллас, ўзи учун яшамоқда.

Ҳимоячи: Жанлука Дзамбротта, 44 ёш

Фото: GIUSEPPE CACACE / EMILIO ANDREOLI/GETTY IMAGES

«Ювентус» ҳимоячиси чоракфиналда Украина дарвозасига ғалаба голини урган ва ЖЧ рамзий терма жамоасидан ўрин олган. Мундиал якунлангач А Серияда коррупция можароси бошлангач, Дзамбротта «Барселона» сафига ўтади ва Испания Суперкубогини ютади.

2013 йилдан 2017 йилгача ўзини мураббийлик фаолиятида синаб кўради, аммо у ҳам Матерацци каби бу соҳада муваффақият қозона олмайди ва ҳозирда SoBe Sport компаниясида ишламоқда (профессионал спортчилар ва мураббийлар учун коммуникация ва спорт маркетинги соҳасидаги етакчи компания).

Яримҳимоячи: Женнаро Гаттузо, 43 ёш

Фото: LARS BARON / FRANCESCO PECORARO/GETTY IMAGES

Гаттузо Липпининг ЖМ-2006га олиб борган жамоасидаги муҳим фигура эди, у турнирда олти ўйинда қатнашади, Франческо Тотти ва Андреа Пирло билан биргаликда турнирнинг 23 юлдузи қаторидан жой олади. Жаҳон чемпионатидан кейин Гаттузо Италия чемпионати ва Суперкубокда, шунингдек, Чемпионлар лигаси ва УЕФА Суперкубогида ғолиб бўлади.

2013 йилдан мураббийлик фаолиятини бошлаган Гаттузо «Сьон», «Палермо», «ОФИ», «Пиза», «Милан» ва «Наполи» клубларида ишлади. 2021 майида «Фиорентина» бош мураббийлигига тайинланди, аммо, бир ой ўтмасдан, клуб раҳбарияти билан трансфер сиёсати борасида келиша олмай, истеъфога чиқди.

Яримҳимоячи: Симоне Перротта, 43 ёш

Фото: SANDRA BEHNE / PIER MARCO TACCA/GETTY IMAGES

ЖЧ-2006да барча ўйинларда майдонга тушган беш футболчидан бири. Лекин у 18 йил давомида Италияда ўйнаб, чемпион бўлолмаган (асосий фаолиятини «Рома»да ўтказган - 2004-2013 йиллар). Ушбу яримҳимоячи Интертото кубогини ютган, икки мартадан Италия Кубоги ва Суперкубокда зафар қучган.

Ҳозирда Перротта Италия футбол федерацияси вице-президенти лавозимида ишламоқда.

Яримҳимоячи: Андреа Пирло, 42 ёш

Фото: ALEXANDER HASSENSTEIN / ALESSANDRO SABATTINI/GETTY IMAGES

Чемпионлар лигасининг икки карра ғолиби ЖЧ-2006да Гана дарвозасига гол урган ва турнирдаги уч ўйинда энг яхши ўйинчи сифатида эътироф этилган. Яримфиналда Фабио Гроссони голли пас билан таъминлаган, финалда эса Матерацци гол уришига ёрдамлашиб, ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида аниқ зарба берган. Йил якунларига кўра Андреа «Олтин тўп»га даъвогарлар ўртасида тўққизинчи, яримҳимоячилар миқёсида эса биринчи бўлган.

Пирло 2015 йилгача Италия термасида тўп сурди, футболчилик фаолиятини 2017 йилда «Нью-Йорк Сити»да якунлади. Мураббийлик фаолиятини 2020 йил августида бошлаган Пирло дастлаб «Ювентус»нинг ёшлар жамоасида ишлади, кўп ўтмай шошилинч равишда асосий жамоага тайинланди, аммо, Италия Кубоги ва Суперкубокдаги ғалабага қарамай, 2021 йил 28 майида ишдан бўшатилди. Андреанинг раҳбарлигида «Ювентус» тўққиз йил ичида илк бор А Серияда ғолиб бўлолмади ва тўртинчи ўринни эгаллади.

Яримҳимоячи: Мауро Каморанези, 44 ёш

Фото: SHAUN BOTTERILL / CLAUDIO VILLA/GETTY IMAGES

Каморанези ЖЧ-2006да беш ўйинда қатнашган, голли ҳаракатлар амалга оширмаган. Италия термаси билан жаҳон чемпионатида ғолиб чиққач, коррупция можароси ва «Ювентус» қуйи лигага тушириб юборилгач ҳам туринликлар учун ўйнашда давом этди ва B Серияда чемпион бўлди.

Ҳозирда Каморанези мураббийлик фаолиятини бошлаган. Унинг илк уринишлари муваффақиятли кечмаяпти: 2021 йил февралида «Марибор»дан истеъфога чиқарилганидан буён у ишсиз юрибди.

Ҳужумчи: Франческо Тотти, 44 ёш

Фото: ROBERT CIANFLONE / CLAUDIO VILLA/GETTY IMAGES

Тотти жаҳон чемпионатини ўтказиб юбориши ҳам мумкин эди, у турнир стартидан бир неча ҳафта олдингина жароҳатидан соғайиб, машғулотларга киришади. Франческо Германияда ёрқин ўйин намойиш этмаган, аммо барибир гол урган — Австралияга қарши ўйиннинг 90+5-дақиқасида пенальтидан гол уриб, жамоани чоракфиналга олиб чиққан. Францияга қарши ўйин якунлангач, Тотти майдонда йиғлаганди. 

«Бундай эмоциядан кейин терма жамоа билан қандай хайрлашасан? Бир томондан, жаҳон чемпиони сифатида кетиш – жуда чиройли. Бошқа томондан, бундай фонда яна ва яна ўйнагинг келади. Шу туфайли ҳозир кетишим элликка эллик. Мен жамоамизга 10 баллик тизимда 10 балл қўйган бўлардим, ўзим эса «етти»га ўйнадим. Қишдаги оғир жароҳатим асоратлари туфайли бундан ортиғини қила олмайман. Зидан ҳақидаги фикримми? У жаҳоннинг энг яхши футболчилардан бири, у пенальтини айнан шундай ижро этиб буни яна бир бор исботлади», – деганди ҳужумчи. 

У барибир терма жамоадаги фаолиятини 2006 йилда якунлади. «Рома»да эса 2017 йилгача ўйнади (1992 йилдан). Футболчиликдан кейин римликлар жамоасида икки йил спорт директори бўлиб ишлади, Тотти бу лавозимдан кетгач 2020 йилда Римда истиқболли ёшларни излаш учун иккита скаутлик агентлиги очган.

Ҳужумчи: Лука Тони, 44 ёш

Фото: SANDRA BEHNE / EMILIO ANDREOLI/GETTY IMAGES

ЖЧ-2006 арафасидаги Италия чемпионати мавсумида Тони 38 ўйинда 31 гол уриб («Фиорентина» сафида), энг яхши тўпурар бўлганди. Лука жаҳон чемпионатида олти ўйинда қатнашди ва Украинага қарши ўйинда дубль қайд этди. Мундиалдан кейин «Бавария»га ўтди ва у ерда ҳам барқарор равишда гол урди (2007/2008 йилги мавсумда 24 гол). Ўша мавсумда Тони клублар фаолиятидаги ягона чемпионлигига эришиб, Бундеслига чемпиони бўлган. 2010 йилда Италияга қайтиб «Рома»да ижара асосида ўйнаган, кейинроқ «Бавария»дан бутунлай кетиб, «Женоа», «Ювентус», «Ал-Наср» ва «Фиорентина» учун ўйнаган, фаолиятининг сўнгги қисмини «Верона»да ўтказган, уч мавсум давомида 48 гол урган.

У 2016 йилда фаолиятини якунлади ва ҳозирда телевидениеда эксперт бўлиб ишламоқда.

Яримҳимоячи: Даниэле Де Росси, 37 ёш

Фото: GIUSEPPE CACACE / CLAUDIO VILLA/GETTY IMAGES

Де Росси ЖЧ-2006да бошланғич таркиб футболчиси бўлиши кутилганди. Аммо АҚШга қарши ўйинда қизил карточка олган Даниэле тўрт ўйинга дисквалификация қилинади. Якунда у фақат финалга келиб майдонга қайтади, у захирадан ўйинга қўшилиб, ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида аниқ ҳаракат қилади. Де Росси ҳам Тотти каби футболчилик фаолиятини «Рома»га бағишлади ва бу жамоада 2019 йилга қадар қолди.

2021 йил мартида жаҳон чемпиони Италия термасида Роберто Манчинининг мураббийлар штабига кирди. У Европа чемпионатида яна бир медал олиши аниқ (2012 йилги чемпионатда кумуш бўлган), бу сафар қандай медал бўлиши яқин орада аниқ бўлади.

Ҳужумчи: Винченцо Яквинта, 41 ёш

Фото: ANDREAS RENTZ / MASSIMILIANO FERRARO/GETTY IMAGES

Ҳайратланарлиси, Яквинта футболчилик фаолиятида икки марта соврин кўтарган – 2012/2013 йилги мавсумда «Ювентус» билан Италия чемпионлиги ва 2006 йилги жаҳон чемпионлиги. Ҳужумчи икки бор мундиалга борган ва икки сафар ҳам терма ўйинида муҳим рол бажарган. 2006 йилда Винченцо Гана дарвозасига иккинчи голни урган ва турнирда жами беш ўйин ўтказган (яримфинал ва финалда ҳам). Тўрт йил ўтиб форвард Янги Зеландияга қарши ўйинда пенальтидан гол урган, аммо ўшанда италияликлар гуруҳда қолиб кетишганди.

2015 йилда ушбу футболчига ноқонуний ўқотар қурол сақлаш ва Калабрия мафияси билан алоқадорлик бўйича айблов эълон қилинади. 2018 йил октябрида уни икки йилга озодликдан маҳрум этишади. Винченцонинг отаси эса 19 йилга қамалган.

Ҳужумчи: Алессандро Дель Пьеро, 46 ёш

Фото: BEN RADFORD / SEBASTIAN REUTER/GETTY IMAGES

Дель Пьеро мундиалдаги етти ўйиндан бештасида иштирок этган ва Германияга қарши яримфинал ўйинида 120+1-дақиқада гол урган (асосий бўлимларда 0:0, овертаймлар охиридаги икки гол билан 2:0).  Финалда Алессандро ўйин асосий вақти охирида майдонга чиққан ва ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида пенальтини аниқ ижро этган. 2006 йилги жаҳон чемпионати унинг фаолиятидаги сўнгги мундиал бўлиб қолади: Марчелло Липпи 2020 йилги ЖЧга уни олиб кетмайди.

Ҳозирда Дель Пьеро ресторан бизнеси билан шуғулланмоқда.

Бош мураббий: Марчелло Липпи, 73 ёш

Фото: SHAUN BOTTERILL / LINTAO ZHANG/GETTY IMAGES

Липпининг Италия термасига биринчи тайинланиши иккинчисига қараганда муваффақиятли кечганди. Италиялик мутахассис жаҳон чемпионатида ғолиб бўлгач, уч кун ўтиб истеъфога чиқади. 2008 йилда қайтган Марчелло 31 ўйинда мағлубиятга учрамасдан, рекорд қайд этади. Аммо ЖАР мезбонлигидаги 2010 йилги жаҳон чемпионатида итальянлар дастлабки турларда Парагвай (1:1) ва Янги Зеландия (1:1) билан дуранг ўйнаб, учинчи турда Словакияга мағлуб бўлган ҳолда (2:3) гуруҳда сўнгги ўринда қолади. Липпи эса бу муваффақиятсизлик учун барча масъулиятни зиммасига олган ҳолда термадан кетади. Кейинроқ «Гуанчжоу Эвергранд»ни, ундан ҳам кейин Хитой термасини бошқаради.

2019 йил январида Липпи Хитой миллий жамоасини тарк этди ва 2020 йил октябрида мураббийликни бутунлай тўхтатганини маълум қилди: «Мен мураббийлик фаолиятимни якунлайман. Афтидан, етарли бўлди».

Мавзуга оид