20:31 / 16.05.2017
18352

ОАВ: Марказий Осиё давлатлари яна умумий энерготизимга бирлашишлари мумкин

Фото: kemoblast.ru

16 майда Қозоғистонда Марказий Осиё давлатлари энергетика вазирликлари раҳбарларининг йиғилиши якунланади. Бу мажлисда минтақанинг ягона энерготизимини тиклаш масаласи кўриб чиқилади, деб хабар бермоқда news.tj нашри.

Олмаотада ўтаётган мажлисда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон энергетика вазирликлари раҳбарлари иштирок этмоқдалар.    

Нашр  маълумотларига кўра, бу учрашувгача минтақанинг барча давлатлари Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизими резолюция лойиҳаси бўйича келишиб олдилар. Яқин орада тегишли ҳужжат имзолангандан кейин Тожикистон ўз электр энергиясини Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатларига етказиб беришни бошлайди. Электр энергия етказиб берилиши 2009 йил ноябрда узилиб қолганди.  

Тожикистон ёзги вақтда 5 млрд кВт электр энергия экспорт қилиши мумкин. Бугунги кунда Тожикистон ёзги вақтда Афғонистонга 800 млн кВт-соат, Қирғизистонга 600 млн кВт-соат электр энергия экспорт қилади.

Тожикистоннинг қолган 3,6 млрд кВт-соат электр энергияси Ўзбекистоннинг ягона энергия ҳалқасидан чиқиши сабабли талабсиз қолиб кетади.  

Ўтган йил декабрида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Рустам Азимов билан учрашганда, Тожикистон темир йўл қисмларини тиклаш, темир йўл юк ташишларига нархларнинг туширилиши, электр энергияни қайта экспорт ва импорт қилишни йўлга қўйиш масалаларида Ўзбекистон билан муносабатларни янада яхшилашни қўллаб-қувватлашини айтган. 

Ўзбекистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон ва Жанубий Қозоғистонни ўз ичига олувчи минтақавий энерготизимни Марказий Осиё Бирлашган энергетика тизими сифатида шакллантириш 1991 йилда якунланган эди. У ўз ичига 25 минг МВт умумий қувватга эга 83 та электр станциясини қамраб олганди. 

Собиқ Иттифоқ вақтида Марказий Осиёнинг гидроэнергетикаси ва деҳқончилигини ривожлантириш ягона тизимга бирлаштирилган эди. Ўрта Осиё республикалари ва Қозоғистоннинг жанубий қисмида Ўзбекистондаги ягона марказдан бошқарилувчи ягона бирлаштирилган сув-энергетика мажмуаси яратилган.   

Тизим электр энергияга мавсумий талаб ва сувга эҳтиёжлар ўзгаришларини мувозанатлашга имкон берган. Тожикистон ва Қирғизистон қишки вақтда ўзидаги сув омборларида сув йиғиб, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан электр энергия ва энергия захиралари (кўмир ва табиий газ) олган. Ёзги вақтда Тожикистон ва Қирғизистон йиғилган сувни Ўзбекистон ва Қозоғистонга ерларни суғориш учун йўналтирган.

Бундан ташқари, Тожикистон ва Қирғизистон керагидан ортиқча ишлаб чиқарилган гидроэлектр энергияни қўшни республикаларга етказиб берган.

Top