Жамият | 18:59 / 25.05.2017
32162
8 дақиқада ўқилади

«Оғзимиздан чиққан сўз қонун» ёхуд ҳоким фуқарони нега лақиллатди?

Ўзбекистоннинг турли жойларида қурилаётган намунавий уй-жойларни кўриб, кўзингиз қувнайди. Бу обод биноларга қараб туриб бир вақтлар уларнинг ўрни сув чиқмайдиган дала бўлганига ишонгингиз келмайди. Уйлар атрофига гуллар экилган, ўйин майдончалари болаларнинг шўх-шодон овози билан тўлган. Аммо бу масалада муаммолар ҳам учраб турибди. Ана шундай муаммолардан бири, korrespondent.uz мухбири Чарос Ёқубова томонидан қаламга олинди. 

Атрофдаги хонадонларни завқ билан томоша қилиб туриб, уларнинг ички кўриниши билан ҳам қизиқдик. Кириб кўриш иштиёқида Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги уйлардан бирининг эшигини қоқдик. Ўн беш ёшлар чамасидаги сочлари қўнғироқ қиз эшик очди. Саломига алик олар эканмиз саволга тутдик:

– Уйда катталар борми?

– Ҳа онам бор, – негадир қизалоқ хўмрайиб жавоб берди.

– Чақириб бероласизми?

Қизалоқ кириб кетиб онасига айтди шекилли, ичкаридан асабий овоз эшитилди: «Ким экан, тинчлик беришадими ўзи, йўқми?»

Бу овозларни эшитиб ҳижолат тортиб қолдик. Қизиқувчанлигимиз қурсин, овозининг авзоидан ташрифимиз ёқмаганлиги сезилиб турибди.

Баланд бўйли, юзларини офтоб урган аёл бошидаги рўмолини тўғирлаб чиқар экан, бизни кўриб бироз жим қолди. «Нима керак?» дегандек тикилиб турдида, тўлов масаласида келдингизми, деб сўради. Саволдан англаб етдик-ки, қандайдир тўловлар билан муаммо мавжуд. Лекин қандай тўловлар? Маълум бўлдики, уйнинг бошланғич тўлови тўланмаган. 25 майгача берилган муҳлат ҳам тугай деб қолди. Ё тўловни қилиш керак ё уйни бўшатиб бериш керак.

Ўзини Ҳалима Каримова деб таништирган уй соҳибасининг уч нафар фарзанди бўлиб, боришга бошпанаси, тўлашга пули йўқ экан. Маълум бўлишича, ўтган йили 25 декабрь куни ушбу икки хонали ҳовлининг калитини “Қурилиш инвест” бошлиғи Ойбек Эркабоевнинг ўзидан қабул қилиб олган. Шунга ҳам беш ой бўлибди. Хўш, нега шу вақтгача бошланғич тўлов тўланмаган?

– Оиламиз кам таъминланган оилалардан. Турмуш ўртоғим дорихонада қоровул бўлиб ишлайди. Маоши 270 000 (икки юз етмиш минг) сўм, – дея Ҳалима опа ўз шароитини тушунтира бошлади. – Ўзим баҳордан то кузгача мавсумий ишларда ишлайман. Топганимиз учта боланинг еб-ичишидан ортмайди. Шу ерда 12 сотих еримиз бор эди. Намунавий уйлар айнан шу ердан қурила бошланганлиги сабаб уйимиз бузилишга тушди. Вилоят ҳокимиятида йиғилиш бўлганда, мен уй тўловини тўлашга шароитим йўқлигини айтдим. Шунда ўша вақтда вилоят ҳокими бўлган Сайфиддин Исмоилов уйим ва еримнинг ўрнига уйнинг бошланғич тўлови – ўн беш миллион сўмни тўлаб беришларини маълум қилди. Уйимиз икки хонали эди, ҳақиқатан шароитимиз жуда оғир бўлганлиги сабаб, иморатимизнинг шифери ҳам йўқ, лойшувоқ уйда яшардик. Ҳокимиятдан вакиллар ва ҳокимнинг ўзи келганида «Уйингиз талабга жавоб бермайди, ҳақиқатан шароитингиз оғир экан, ерингизнинг ҳисобига нархлаб, уйнинг олд тўловини тўлаб, янги уйлардан бирини сизга берамиз», дейишди. Уйимиз қурилишга озроқ ҳалақит бериб турган эди. Октябрь ойида қурилиш ишлари бошланди. Биздан ижара уй топиб чиқиб туришимизни, қурилиш якунланиши билан ваъда қилинган уйга киргизишларини айтишди. Лекин ижара тўлови учун маблағимиз бўлмаганлиги сабабли 25 декабрь, яъни янги хонадон беришгунча ўз уйимизда ўтирдик.

Опанинг сўзларидан маълум бўлишича тўловни тўлашга кўзи етмай уйидан чиқмаган ушбу оилага Жиззах туман ҳокими (ўша вақтда) Абдурашид Йўлдошев, ҳокимнинг биринчи муовини Абдуалим Гулбоевлар ҳам уйнинг тўловига қарашиш ваъдасини беришади. Ҳалима Каримова шу сўзларни қоғозда тасдиқлаб беришини сўраганида эса «Бизнинг оғзимиздан чиққан сўз қонун», – дея жавоб беришади.

Уй калитини топшириш жараёнида эса Ойбек Эркабоев «Табриклайман опа, бошингизга бахт қуши қўнди. Асло хавотирланманг, агар ҳокимиятдагилар тўлаб бермаса, ўзим сизга ҳомийлик қиламан», – деб далда беради.

Опа оила аъзолари билан берганига шукур қилиб яшаётган фаровон кунларининг бирида “Жиззах қурилиш инвест” ходимлари келиб, уйнинг олд тўлови тўланмаётганлиги боис шартнома бекор қилинишини маълум қилишади. Охирги муддат 25 май. Шу вақт ичида тўламаса, уйни бўшатиб қўйиш керак.

Уйга кўчиб киргандан сўнг бир неча бор вилоят ҳокимига тўлов масаласи бўйича мурожаат қилиб, бу иш билан шуғулланиш вилоят ҳокимининг муовини Раҳмонқуловга топширилганини билишади. Раҳмонқулов билан боғланишганида эса Сайфиддин Исмоилов туманга ҳоким қилиб тайинлангани ва у кишининг ўзи Каримовларнинг иши билан шуғулланишини айтади.

– Оёқости қилгандек бўлмай, олдин ўзларига мурожаат қилай, деб шанба куни ҳоким қабулига кирдим, – дея опа сўзини давом эттирди. – Менга бошланғич тўловни тўлаб беришга ваъда бергандингиз, десам мен сизнинг ишингизни ҳал қилмайман, деб жавоб бердилар.

– Нега, уйимни буздингиз, борадиган жойим бўлмаса, уч болам билан кўчада қоламанми?

– Раҳмонқулов уйга киринг деса, кириб кетаверасизми?..

Шундан сўнг, мен республикага мурожаат қилишимни айтиб чиқиб кетаётган жойимда тўхтатдилар. Бўпти, сизга ҳомийлик қилиб бўлса ҳам ёрдам берамиз, – деган ваъдалар билан Ойбек Эркабоев бизни уйга киргизган эди, лекин тўлов қилиб бермади, деб ариза ёздириб олдилар. Яна уларнинг ваъдаларига ишониб бир ҳафта кутдим…

Айтилган муддат тугаган бўлсада, иш ҳал бўлмайди. Бош вазир Абдулла Арипов халқ билан мулоқот қилаётганини эшитиб, ҳокимиятга яна боради. Соат 19:00дан тунги 1:00гача навбат кутади. Бироқ мулоқот учун рўйхатга ёзилганларгина қабулга киритилади. Опа эса бу рўйхатда йўқ эди…

«Бир ҳафта муддат қолганида Сайфидин Исмоилов ёрдам бермаслигини, уйнинг тўловини бир ҳафта ичида қилмасам чиқиб кетишим кераклигини айтди. Биз ҳозир бир ҳафтада ўн олти миллион пул топиб, ўтказишимиз керак. Ўн олти йил ночорликда қийналиб яшадим. Сувсиз, чироқсиз, газсиз яшаган вақтларим бўлди. Лекин шу кунгидек чорасизликдан қийналмаганман…» Опанинг асабийликдан титраб турган қўллари бўшашиб, кўзларидан оқиб келаётган ёшни артишга тиришди. Бир муддат гапиролмай қийналди.

Бир ҳафтада бунча пулни қаердан топишни билмай опа ўйланади. Эшикдан мўралаб-мўралаб қўяётган болалари эса уни юпатишни билмай қўшилиб йиғлайди. Бу болалар сал аввал уй билан таъминланганлар қаторида табассумларини яширмай бахтиёр ҳолда журналистга интервью беришган эди. Кам таъминланган оилага уй берилди, олд тўлови тўлаб берилди, дея газеталарда ёритилди. Энди-чи, бу иш қандай ҳал бўлади?

«Наҳотки шу кунгача бўлган ишлар, айтилган гаплар хўжакўрсинга бўлган бўлса, тортиб олса уй бериб нима қилади», – дея нола қилаётган аёлни сиз қандай юпата оласиз?

Камчиликлар бир кун келиб тўлиб кетар. Уйга муҳтож бўлган бу болакайлар кун келиб ночорларни уй билан таъминлаш даражасидаги тўкис ҳаётга етишса не ажаб! Аммо уларнинг кўнглида пайдо бўлаётган ишончсизлик ўрнини ким ёки нима тўлдира олади?

Мавзуга оид