18:48 / 26.05.2017
30569

Сериаллар қаршисидаги ўйлар...

Сандиқчадек келадиган техника яратилганида уни илк бор мўъжизадек қабул қилишган экан. Телевизор бугун ҳам одамларга завқ улашмоқда. Ўз ўрнида рўзғорда қизиқарли эрмакка айланган. Ойинайи жаҳон вақтимизни чоғ этса-да афсуски, ўз ўрнида тарбиясизлик иллатини улашаётган восита бўлиб қолаётир. Сўзимиз аввалиданоқ англаган бўлишингиз тайин. Биз мақоламиз орқали мазмунсиз қўшиқ ёки клип, кўрсатувлар ҳақида эмас балки, телесериаллар мулоҳазасига тўхталишни жоиз топдик. Сабаби бугунги сериаллар оилавий низолар келиб чиқишига таъсир кўрсатаётгани кишини ўйлантиради.

Бундан ўн олти йил илгари миллий телеканалимизда “Рамаяна” – ҳинд эпоси асосида ишланган – сериал намойиш этилганини ҳамюртларимиз яхши эслашади. Ўша вақтда кўча болалар ўртасида сериалнинг жанг сюжетларига тақлидан пайкондан ўқ отиш одати кўпайган эди. Ўйинқароқ болалар шу одат туфайли ҳатто бир-бирларининг кўзларига шикаст етказишган. Достон қаҳрамонлари Рам ва Лакшман каби афсонавий сиймоларга ўхшашни истаган болаларда сериал таъсири шу қадар кечгани рост. Бугунги болалар ажнабийлар лавҳасидан “жангчи”ликни ўрганмасада, улар туфайли ўғил-қизлар маънавиятига жиддий путур етмоқда. Уй бекалари ичида 6-8 тагача телесериалларни мунтазам кузатаётганлари бор. “Болам доимо назоратимда”, деб билағонлик қилаётган оналар юрагидан сериаллар шундай мустаҳкам жой эгаллаб олганки, ҳар бир юмушнинг устида воқеалар ривожини қандай кечишини ўйлаб ўтирадилар.

Ёмғирдан кейин бодраб кетадиган қўзиқорин сингари сериалларнинг ёпирилиб келиши ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Сўзимиз аввалида Ҳиндистон сериаллари ҳақида тўхталдик. Бугунги лавҳалар оқимида ҳам шу миллат телеасарлари етиб келмоқда. “Сенга ошиқман”, “Келин”, “Қалбим ўғриси”да акс этган сюжетлар ҳам аввалига томошабин учун қизиқарлидек туюлсада, воқеалар оралиғи жуда чўзиб юборилган. Сериал ихлосмандлари ҳинд халқининг бу сериалларида воқеаларнинг кераксиз қисмлари кўплигини таъкидлашмоқда. Қаҳрамонлар тақдирини кўпчилик юртдошларимиз ўзига сингдиришга ҳам уринмоқда. “Сенга ошиқман” сериали намойиш этилаётган кунларда қашқадарёлик ҳамюртимиз фарзанд кўрган. Қизалоғига сериалнинг бош қаҳрамонига ҳавас қилиб Ишани исмини қўйибди. Бу ҳам етмаганидек қизалоққа берилган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадаги бу қайдни интернет тармоғига жойлаштирибди. Сериалнинг таъсири маиший ҳаётимизга шунчалар кириб борганига ажабланасан киши.

Яқин ўн йил ичида телеканалларимиз дастуридан бир қатор ҳориж сериаллари ўрин олди. Қолаверса, бугунги томошабин интиқ бўлган лавҳаларини соатлаб кутиб ўтириш ташвишидан йироқда. Ҳатто ўзбек тилига тўлиб таржима бўлиб улгурмаган сериаллар аллақачон компакт дисклар орқали мухлислар қўлига етиб бормоқда. Ачинарлиси, бу сериалларни катталар, уй бекалари ва болалар ҳам бемалол томоша қилади. Арзимас кўринган бу ҳолат гўдаклар тасаввурида оммавий маданиятга ҳайриҳохликни шакллантираётгани билан фожиалидир. Бола тарбиясидан нолишга тушаётган ота-оналарнинг аксарияти телесериаллар бу жараёндаги муҳим омиллардан бири бўлаётганини таъкидламоқдалар. Дарҳақиқат, экрандаги қаҳрамонларга яхшилаб разм солинса юриш-туриши, сўзлаши ва яшаш тарзи билан оммавий маданият тарғиботчисига ўхшаб кўринади. Бир мавсумда телеэкранларимизни Мексика ва Бразилия сериаллари “босиб” кетганди. Дилингизни ранжитадиган даражада очиқ лавҳаларни эслайлик. Кўрсанг, этинг жимирлаб кетадиган беҳаё кадрларни болалар ҳам кўришга одатланиб қолганди. Айниқса, фильм қаҳрамонларига тақлидлар урфга кирди.

Тарбиямизга жиддий таъсир ўтказиш кайфиятидан йироқ бўлган сериаллар ҳам бор, албатта. Айниқса, одоб-аҳлоқи, яшаш тарзи, катталарга ҳурматини бизнинг анъаналаримизга менгзаш мумкин бўлган ана шундай кўп қисмли сериалларни халқимиз яхши кутиб олди. Масалан, Жанубий Кореянинг “Сарой жавоҳири” телесериалини олайлик. Ижтимоий аҳамияти юқори бўлган бу тарихий сюжет, аввало, актёрларнинг маҳоратли ижроси билан қизиқ. Аввалига пазанда, кейинроқ тажрибали ва иқтидорли табибга айланиб кетган Тангем образида инсонга хос кўп эзгу фазилатлар жам бўлган. Бу қаҳрамон тимсолида режиссёр томошабинга ҳар қандай вазиятда сабр-қаноатни, жасоратни, изланувчан ва кучли бўлишни ўргатиб боради. Қолаверса, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги курашда ҳамиша ҳам яхшилик тантана қилавермаслигини, аммо ёмонликнинг жавобсиз қолмаслигини равшан тарзда кўрсатиб беради. Сериал тасвирга олиш ишлари якунига етмасданоқ Кореяда намойиш этиш бошланган. 1 миллион мухлис интернет орқали режиссёрга бош қаҳрамонлардан бири бека Ханнинг сериалда ўлмаслигини илтимос қилиб мурожаат қилишибди. 15 дан зиёд мамлакатда сериалнинг намойиш қилингани ҳақиқатан ҳам “Сарой жавоҳири”нинг устида кўп тер тўкилганини англатди.

Афсуски, “томошабин зўр қабул қиляпти-ку”, деган жўн тушунча билан Кореянинг пайдар-пай ишланган тарихий сериаллари экранларимиздан тушмай қолди. Бирор таниши билан кўчада суҳбатлашиб турган киши ҳам сериалнинг аниқ вақтини ўтказиб юбормай, деб шошади. Навбатдаги лавҳаларни кўриш учун ҳар қандай муҳим ишнинг баҳридан ўтади. “Сўнгги қиролича”, “Денгиз ҳукмдори”, “Жумонг”, “Шаҳзоданинг қўшиғи”, “Шамоллар мусаввири” ва бошқа сериалларда ғояларнинг бўш жиҳатлари, ҳақиқатан йироқ зиддиятларнинг пайдо бўлганини илғаб олиш осон.

Яқинда корейсларнинг яна янги услубдаги картиналари пайдо бўлди. “Ўзга сайёралик маҳбубим”, “Дилозорим” сериаллари мисолида сўзимизни ифодалайлик. Тарихий ҳақиқатларни келажак тасаввурлари билан уйғунлаштириш енгил-елпи ҳаёт тарзи тарафдори бўлганлар учун жуда қизиқдир, эҳтимол. Бироқ фантастика ҳам, ҳақиқат ҳам деб бўлмайдиган бундай лавҳалар мухлисларнинг тезда жонига тега бошлади. Бу лавҳалар ортида тижорат турганини ҳам тан олишга мажбурмиз. Мўмай даромад илинжида “янгича” ғояларни экранлаштираётган ишбилармонлар томошабин маънавияти билан ҳисоблашишни унутиб қўйяпти. Афсуски, бунинг эвазига қанчалаб одамлар қимматли вақтини, тарбияланиш фурсатларини бой бермоқда.

– Бугун ҳақиқатан ҳам турфа сериаллар ичидан кўнглимизга яқини танлаб томоша қиляпмиз. Масалан, ўзим ҳам Япониянинг “Ошин” сериалини жуда мароқ билан кузатганман. Жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бу сериалда инсон ҳаётда ҳамиша истеъдодини юзага чиқаришга ҳаракат қилиб яшаши кераклиги ҳақида ёрқин ҳикоя қилинади. Ўз навбатида ўзбек серилларига ҳам бефарқ эмасман, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева. – Жуда ҳам ибратли ишларга қўл урилди кейинги вақтларда. Ўзим ҳам яқиндагина “Зурриёт” номли сериалда иштирок этдим. Адашган ўғилнинг онасини ижро этдим бу сериалда. Орамизда бунақа одамлар кўплаб топилади. Демоқчиманки, кадрлар ҳаётий ҳақиқатлар асосида яратилса, мухлислар учун шунча қизиқарли бўлади. Тўғри, бизда тарихий сериаллар ҳам кўп ишланган. Агар режиссиёрларимиз навбатдаги телесериалларда замонамиз қаҳрамонларимини – жонкуяр шифокор ёхуд мураббийлар – турли соҳаларда фидойилик кўрсатган юртдошларимиз ҳаётини экранлаштиришса, ҳаммабоп сериаллар яратилган бўларди. Чунки юртимизда айнан ана шундай одамлар яшаяпти. Миллий сериалларимиз рейтинги ҳам назаримда шунда янада кўтарилган бўлар эди.

Санъаткор билан суҳбатимиз орасида биз севимли ўзбек сериаллари ҳақида ҳам суҳбатлашдик. Дарҳақиқат, “Туташ тақдирлар”, “Қайтар дунё”, “Меҳмонжонлардан айланай”, “Меҳмонхона” телесериаллари маиший мавзуларни қамраб олгани билан ватандошларимизни экранга чорлади. Улар қайта-қайта намойиш этилаётгани ҳам шундан. Лекин яна одамларнинг муносабатини кутиб турган бошқа муаммолар, долзарб мавзулар кино ва сериалда ёритилса  аҳамиятли бўлар эди. Аслида халқимиз тарихи жуда кўп босқичларни босиб ўтган. Уларни кўпроқ экранлаштирилса, айтайлик Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Абу  Али ибн Сино, Нодирабегим, Увайсий, Тўмарис ва бошқа аждодларимиз ҳақидаги ҳақиқатларни ҳам ана шу тарзда муҳлисларга тақдим этилса, бу аввало, мозийни ўрганишга иштиёқни орттирар эди. Буюк сиймолар ҳақидаги тасаввурларимизни кенгайтирар эди. Сериалларимизни бирмунча таҳлил этиб, миллий лавҳаларимизда ҳам фақат маиший хусусиятларни акс эттиришга суяниб қолгандекмиз. Бирор тарихий сиймо фақат илмий иш ва арбоблик билан ҳаётини ўтказмаган-ку. Унинг ҳам орзу ва армонлари бўлган. Тарихий телеасарларимизда аксинча шу жиҳатлар четда қолиб кетгандек. Шунинг учун ҳам улар томошабинни унчалик жалб қила олмаяпти.

Кўтарилаётган мавзу ҳақида ҳар қанча гапирсак оз. Негаки, мақоламизда сериалларнинг аксарият салбий хусусиятларига тўхталдик. Бизнинг ниятимиз экрандаги лавҳалар турмушимизнинг узвий қисмига айланиб қолмаслиги кераклигини уқтириш эди. Қолаверса, маънавиятимизнинг жиловини четдан кириб келаётган унсурларга тутқазишимиз қимматли фурсатларимизни ҳам исроф қилади. Шундай эмасми, қадрли газетхон?..

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ

Мавзуга оид
Top