Туркияда сериаллар суратга олингандан сўнг ўша ҳудудларда сайёҳлар оқими ошиб кетади. Бунга “Чуқур”, “Хиноли қор”, “Ҳукмдор Усмон” ва “Муҳташам юз йил” сериаллари тасвирга олинган манзилларни мисол қилиш мумкин. Фильмларнинг машҳурлашиши ўша ерлик аҳоли даромадининг яхшиланишига ҳам сабаб бўлади. Kun.uz мухбири Истанбулда сериал ортидан тирикчилик қилаётган Гунеш хола билан суҳбат қилиб, кинофильмларнинг мамлакат иқтисодиётига таъсири ҳақида репортаж тайёрлади.
Санъатдан саноатга...
Туркия кино ва сериаллари дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларида намойиш этилади ва талабгирлигига кўра дунёда етакчи ўринларда туради. Ўтган 2022 йилда биргина телесериаллар экспорти турк киносаноатига 600 миллион доллар даромад келтирган. Фойда шу билангина чекланиб қолмайди, албатта.
Фильмларга талаб шу даражада юқори экан, улардан нега аҳоли турмуш даражасини яхшилаш йўлида фойдаланилмаслиги керак? Бу қандай амалга оширилади? Ҳаммаси жуда оддий: иқтисодий оғирроқ бир ҳудуд танланади, ўша манзил билан боғлиқ сериал суратга олинади ва жой номи танитилади.
“Чуқур” сериали суратга олинган Балат райони
Сериал машҳурликка эришгач, у тасвирга туширилган ҳудудлар киноихлосмандларда қизиқиш уйғотиб, ўша манзилларда сайёҳлар оқими пайдо бўла бошлайди. Қарабсизки, маҳаллий аҳоли учун тайёр тирикчилик. Гапни кўп чўзмасдан, машҳур “Чуқур” сериали суратга олинган Истанбулдаги Балат райони аҳолисининг фикрларини эшитсак.

“Сериал бошланди ва биз бу ишларни қилдик. Оллоҳ Ямачдан рози бўлсин. Шунинг ёрдами билан нон топяпмиз. Сериал менинг уйимда ҳам тасвирга олинди. Ямачнинг ўзи суратга тушди. Набираларим онаси вафот этган, етим бўлиб улғайяпти. Уларни ким боқади? Шу учун мана савдо, тирикчилик қиляпмиз”, дейди эсдалик буюмлари сотувини йўлга қўйиб олган Гунеш Элма.
2017-2021 йилларда тасвирга олинган 131 серияли “Чуқур” сериалининг дунё бўйлаб оммалашуви ортидан бугун Балат районида сайёҳларга хизмат кўрсатиш турлари кўпайган. Кимдир Гунеш холадек фильмга алоқадор унсурларни эслатувчи эсдалик маҳсулотлар сотаётган бўлса, яна кимдир деворларга сайёҳлар исмини ёзиш, ҳудудда киноқаҳрамонлар яшаган уйларга экскурсия қилдириш, кафе ва ошхоналарни юргизиш, махсус майдончаларда суратга тушириш билан шуғулланиб, тирикчилик қилишмоқда.





















