АҚШ президенти Дональд Трампнинг Саудия Арабистонида бошланиб, Исроил, Фаластин, Ватиканда давом этиб, Брюсселда тугалланган турнеси Вашингтоннинг янги давр ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларига ишора қилади. Hurriyet нашрида шу мавзудаги мақола тақдим этилди.
Буш ва Обама доктринаси
2001 йилнинг 11 сентябрига қадар АҚШ президенти Жорж Бушнинг доктринаси кўпроқ "огоҳлантирувчи операциялар" устига қурилган эди. Бу эса АҚШ миллий хавфсизлигига эҳтимолий таҳдидни ўз вақтида бартараф этишни кўзда тутарди. Ушбу доктрина доирасида Буш маъмурияти Афғонистондан кейин Ироққа аралашув режасини амалга оширган ва Саддам Ҳусайнни қулатган. Яқин Шарқ ҳали-ҳануз ушбу аралашув оғриқларини унута олмайди.
Барак Обама Бушдан кейин ҳукумат тепасига келиб, Афғонистон ва Ироқдан ҳарбийларни олиб чиқишга ваъда берди. Яқин Шарқ ортиқча юк эди. АҚШ Тинч океани минтақаси, Лотин Америкаси ва Осиёга эътиборини қаратиши керак бўлган. Эски душманлар янги ҳамкорларга айланиши мумкин эди. Эрон билан ядровий келишув имзолаш билан боғлиқ жараённи тасдиқлаган Обама Куба билан муносабатлардаги тарангликни бартараф этишга ҳам муваффақ бўлди. Бироқ Яқин Шарқ уни таъқиб қилишда давом этарди. Аксарияти Ироқдан олиб чиқилган америкалик ҳарбийлар қисман ортига қайта бошлади. Бу сафар нафақат Ироқ, балки кичик жаҳон уруши кетаётган Сурия ҳам жараёнга жалб қилинди.
Ўтган йили ёзда Atlantik журналига берилган интервьюда Обама Сурияда кимёвий қуролнинг қўлланишини "қизил чизиқ" деб атади ва ўз позициясини "Вашингтон сценарийларини бузиш" сифатида эътироф этди. Бошқа томондан, Яқин Шарқ Обаманинг ташқи сиёсат доктринаси шаклланишига ҳисса қўшди. Энди АҚШ ўз ҳарбийларини жалб қилиб, тўғридан-тўғри эмас, балки маҳаллий кучлардан фойдалана бошлади - масалан, Сурияда халқ мудофаа отрядлари - Курдистон Ишчилар партиясининг бир новдаси билан ҳамкорлик қиларди.
АҚШ-Саудия "қуролли битими"
Ҳозир асосий саҳнада - АҚШнинг янги президенти Дональд Трамп. У ўзининг илк хорижий сафари доирасида динлараро турни амалга оширди, дейиш мумкин, зеро Трамп ўз сафарини Ар-Риёдда бошлаб, Қудсда давом эттириб, Ватиканда тугаллади. Бироқ кечаги кунга қадар мазкур турне доирасида энг муҳими - Саудия Арабистони раҳбарияти билан қурол-яроғга доир имзоланган 110 миллиард долларлик битим эди. Ўн йил давомида АҚШнинг Саудияга 350 миллиард долларлик қуролни сотиши Трампнинг ташқи сиёсатини тушуниш учун баъзи калитларни тутқазади.



















