Боровский номидаги Тошкент шаҳар тиббиёт коллежининг 17 ёшли талабаси Жасурбек Иброҳимов шу коллеж талабалари дўппослагани оқибатида вафот этгани воқеаси ҳафтанинг долзарб мавзусига айланди. Тошкентликлар ушбу ҳодисага катта эътибор қаратишмоқда.

3 июнь куни бу хабар интернет нашрларида тарқалгач, сhange.org сайтида Жасурбек Иброҳимовни ўласи қилиб калтаклаганларни жазолаш сўралган петиция пайдо бўлди. Уни имзолаганлар сони айни вақтга келиб 16 минг нафардан ошди.

4 июнь куни Тошкент шаҳридаги Дўстлик (собиқ Бобур) боғи ҳудудида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири номига йўлланган, айбдорларни жазолаш талаб этилган петицияни юзлаб кишилар имзолашди.

Куннинг иккинчи ярмида эса Миробод туман ИИБда Жасурбек Маҳамаджон ўғли Иброҳимов оғир тан жароҳатлари оқибатида вафот этганлиги ҳолати юзасидан ички ишлар вакиллари, жиноятда гумонланувчи Ислом Тўлагановнинг ота-онаси, адвокатлар ва ОАВ иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

ИИББнинг расмий сайтида маълум қилинишича, мазкур учрашувда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан: Тошкент шаҳар прокурорининг ўринбосари адлия кичик маслаҳатчиси Ф. Х. Абдураҳимов, Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим бошлиғи адлия катта маслаҳатчиси Б. Б. Махситов, Миробод тумани прокурори адлия маслаҳатчиси А. Г. Охунов, Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг ўринбосари полковник Д. Б. Тошхўжаев ва Тошкент шаҳар ИИББ бошқарма бошлиғи полковник А. Ш. Умархонов иштирок этган.

Учрашувда ОАВ вакилларининг ҳолат юзасидан олиб борилаётган тергов-суриштирув ишлари билан боғлиқ барча саволларига жавоблар берилган.

Хусусан, учрашувда дастлабки тергов давомида мазкур ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари, таълим муассасасининг ўқитувчи-педагоглари ва тиббиёт ходимларининг хатти-ҳаракатларига ҳам ҳуқуқий баҳо берилиши масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Бундан ташқари, ушбу учрашувда мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчи И. А. Тўлагановнинг ота-онаси ҳам иштирок этиб, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб қайтаришган.

Ислом Тўлагановнинг отасининг кўрсатмаси

Гумонланувчининг отаси, 1998 йилдан буён адвокат бўлиб ишлаган, ҳозирда пенсияга чиққан Абдужалил Расулов ўзининг ҳодисага алоқадорлигини инкор этмайди. Аммо у аввалроқ берилган версияларни ҳам, яъни ўғли ва бошқа болалар гуруҳи Иброҳимовни калтаклаганини инкор этади. Интернетда унинг кўрсатмаларидан скриншотлар тарқалган.

Унинг ўғли Исломбек Тўлаганов эса Жасур билан фақат бир ўзи муштлашганини айтмоқда.