Google’даги ўзбек муҳандиси Нодир Тўрақулов ҳақида
Нодир Тўрақулов – GoogleInc.даги паспортининг “миллати” дейилган сатрида “ўзбек” деб ёзилган дастлабки ходимлардан бири. У тўсқинликлар, чекловлар, тўғаноқ бўлувчи омиллар каби тушунчаларнинг ҳавойи гаплар эканлигини исботлади. Қанчалик сийқаси чиққан бўлмасин, ҳақиқат шу: иложи йўқ ишнинг ўзи йўқ. Фақат мақсадни тўғри қўйиш, интилиш ва олға қадам босиш керак, деб ёзади Kommersant.uz.
– 1987 йилда Тошкентда, олимлар оиласида туғилганман. Ота-онам Ядро физикаси институтида ишлар эдилар. Бувам ва бувим ҳам илм аҳлларидан бўлишган, хусусан, дадам томонидан бобом Ўзбекистон Фанлар академияси президенти бўлганлар.
Болалигимда кўчада санғишдан кўра уйда, конструктор ўйинини ўйнаб ёки китоблар ўқиб ўтиришни афзал билардим. Ўша пайтлардаёқ компьютерга қизиқдим. Янги видеоўйинлар юклагани компьютернинг қуввати етмай қолганда Windows’ни ўрганишга тўғри келди.
– IT-соҳага қизиқиш қачон пайдо бўлган?
– 50-мактабнинг юқори синфида ўқиётганимда физика-математика йўналишини танладим. Еттинчи синфда Pascal тилида дастурлаш бўйича дарслар бошланди. Биринчи чоракда мен дастурлаш нималигини яхши тушунмасдим ва, натижада, уч баҳо олдим. Лекин иккинчи чоракдаги дарсларнинг бирида кўзим ярқ этиб очилгандек бўлди, берилган вазифани қандай ечишни топа олдим. Вазифани уддалагач, бу иш қизиқарли кўринди ва яна қўшимча вазифалар сўрадим, уларнинг барчасини ечдим. Ўша кун ҳамон ёдимдан чиқмайди.
Ўзбекистон Миллий университети математика факультетидаги дастурлаш дарсларида мен аллақачон билган мавзуларни ўтардик. Биринчи курсда эдик, бир куни мен ўқитувчи доскага ёзган дастурдаги хатони топдим. У, агар сўзимни исботлай олсам, машғулотлардан озод этишини айтди. Ўша дарсдан кейин информатика машғулотларига қатнамадим.
Охирги икки йилда айниқса кўп дарс қолдиргандим. Иккинчи курсдан мен дастурлаш бўйича халқаро олимпиада (ACM ICPC)да қатнаша бошладим ва унга тайёргарлик кўриш менга биринчи семестрларга қатнамаслик ҳуқуқини беради, деб ўйлардим.
– АҚШда иш бошлагунингизча Ўзбекистонда нималар билан шуғуллангансиз?
– 2006–2008 йилларда NetDec компаниясида дастурчи бўлиб ишладим. Биринчи йил биз 1Сда бухгалтерлик иловасини ишлаб чиқдик. Иккинчи йили мен C#да 1С лойиҳасини бошладим, уни UZTO деб номлагандик. Кейинчалик NetDec ушбу платформада бир қанча иловалар яратди.
2008 йилда – ўшанда университетни якунлаётгандим – тижорий-дастурий компонентлар бозоридаги етакчилардан бири бўлган ComponentOne компаниясининг канадалик ишчиси мен билан боғланди. Ушбу компанияга контракт асосида дастурчи бўлиб ўтишга қарор қилдим ва 2012 йилгача масофадан туриб ишладим.
– Google`да ишлаш ғояси қандай туғилди?
– 2013 йилда мен ComponentOneдаги фаолиятим сабабли АҚШда истиқомат қилардим. Google ходими LinkedIn орқали мен билан боғланди. Менга бўлган қизиқиш сабаби эса, резюмеимда ўша, талабалик давримдаги ACM ICPC олимпиадасида Ўрта Осиё миқёсида учинчи ўрин олганим ёзилгани эди.
– Google ишга қабул қилишдаги масофадан суҳбат ўтказиши билан машҳур. Бу ҳақда кино ҳам олинганини ўқувчиларимиз билишади. Сиз билан суҳбат қандай ўтган? Ишга олишдаги вазифалар, топшириқлар ҳақида сўзлаб берсангиз.
– Олдин Google муҳандислари телефонда суҳбат ўтказадилар, бу босқичда офисдаги суҳбатга (on-site) чақирилмайдиганлар аниқ бўлади. Номзод ва интервью олувчи GoogleDocs`да real-time режимида ҳужжат очадилар. Google ходими олимпиада масалалари даражасидаги вазифани беради, номзод эса, телефондаги суҳбат давомида, код ёзади. Ходим кодни кузатиб боради ва ўша жойнинг ўзида текширади. Интервью 45 дақиқа давом этади, дастлабки ва охирги 5 дақиқа танишувга, норасмий суҳбатга ва номзод берадиган саволларга ажратилади. Вазифалар кетма-кет берилади, қанча вазифа берилиши масалани ечиш тезлигига боғлиқ. Бу босқичда содда алгоритмик вазифалар берилади. Мана шундай вазифалардан бирида мен дастлаб “донолик” қилиб, вазифа динамик дастурлашга оид деб ҳисоблагандим, лекин аслида содда вазифа бўлиб чиқди. Ўшанда мен бинар шажарани айланиб ўтиш, сатрда излаш ва боғлиқ рўйхатга оид учта вазифани ечгандим.
– Шу билан иш битмаса керак? Ишга қабул қилиш жараёни қандай кечади?
– Дастлаб рекрутер билан алоқа ўрнатилади (бунинг учун резюме жўнатишингиз мумкин). У иш тажрибангиз ҳақида сўрайди, саволларингизга жавоб беради. Унинг ўзи сиз билан боғланган бўлса, Google`нинг қайси бўлими сизга қизиқиши мумкинлигини айтади. Кейин телефондаги суҳбат босқичи келади, уни, юқорида айтганимдек, компания муҳандиси ўтказади.
Бир ҳафтача вақт ўтгач, рекрутер қўнғироқ қилиб, натижалар ҳақида хабар беради. Жавоб уч хил бўлиши мумкин: рад жавоби, телефонда такрорий интервью ёки бевосита офисга таклиф.
Шундан сўнг офисда ўтадиган иккинчи интервью вақти белгиланади. Унда сиз танлаган тилда суҳбат ўтказа оладиган бешта муҳандис тайинланади. Компания сиз учун авиачипта харид қилади, меҳмонхонани банд қилади ва машина ажратади.
Интервьюдан бир кун олдин етиб келасиз. Эртасига ҳар бири 45 дақиқадан кетма-кет уч раундда турли муҳандислар билан суҳбатлашасиз, тушликдан кейин яна икки раунд ўтказилади. Ҳар бир раунд – худди телефонда бўлганидек интервью, фақат бу гал кодлар доскада ёзилади ва вазифалар ҳам мураккаброқ бўлади.
Номзод ҳақида бешта ҳисобот тайёр бўлгач, ишга қабул қилиш бўйича қўмита сизни ишга олиш-олмаслик, қандай лавозим бериш, маош, бонус ва опционлар каби масалалар юзасидан қарор қабул қилади. Шундан кейин рекрутер телефон орқали сизни хабардор қилади.
– Рад жавоби олинганда нима бўлиши маълум. Омад қуши қўнганларни нималар кутади?
– Агар таклифни қабул қилсангиз, ишни қачон бошлашингиз ва баъзи расмиятчилик масалалари муҳокама этилади. Масалан, рекрутер сизни иммиграция жамоаси билан боғлайди.
Иммиграция жамоаси сизга саволнома юборади, сизнинг номингиздан ҳужжатларни тегишли идораларга топширади, жумладан, АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) аризангизни жадал тарзда кўриб чиқиши учун 1000 доллар атрофида тўловни амалга оширади. Аризангиз тасдиқлангач, АҚШ элчихонасида суҳбатдан ўтасиз ва ишчи визасини оласиз.
– Сиз ишга таклифни олганингизда Питтсбургда яшардингиз, янги иш жойингизга кўчиб ўтишингиз қандай бўлган?
– Иммиграция жамоасидан ташқари, рекрутер сизни кўчиш билан шуғулланувчи компания билан боғлайди. АҚШнинг бир штатидан бошқасига кўчиб ўтгандаги ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, компания сўровнома йўллайди – унда оила аъзолари сони, уйингиз ўлчамлари, қанча мебелни ташиш кераклиги кабилар сўралган бўлади. Бутун оилангиз учун авиачипта харид қиладилар, мол-мулкингизни етказиб беришни зиммаларига оладилар. Шунингдек, янги уй топишга кўмаклашувчи одамни ёллашлари ҳам мумкин. То ўзингизга уй топгунингизга қадар эса, компания сиз учун 1–3 ойга хонадонни ижарага олади, мен ҳам бу имкониятдан фойдаланганман (Купертинода яшагандим). Бундан ташқари, кундалик харажатларни қоплаш учун муайян маблағ ҳам берилади.
– Янги иш жойингиздаги дастлабки кунлар қандай ўтган? Синов муддати, дегандек тушунчалар борми?
– Google`да биринчи иш куни доим душанба бўлади. Барча янги келганлар бейжик олиб, катта залга йиғиладилар. У ерда ишга кирганликлари билан табриклашади, лептоплар ва бошқа корпоратив жиҳозлар тарқатишади, асосий техник ва бошқа тушунчаларни беришади. Дарвоқе, биринчи иш кунида ўйин-кулгига ҳам вақт топилади: бизни бир неча гуруҳга бўлдилар, кампус бўйлаб югуриб, квест ўйнадик, кейин Lego`дан ким баландроқ минора қуришга мусобақалашдик. Кун охирида, худди мактабдаги биринчи қўнғироқдаги каби, ҳар биримизни менежерлар офисларга олиб бордилар, янги жамоа билан танитиб, иш ўрнимизни кўрсатдилар.
Кейин икки ҳафта давомида Google`нинг ички технологияларини – Piper талқинларини сақлаш тизими, Borg кластерларни бошқариш тизими, MapReduce кабиларни ўргандик.
Биринчи пайшанбада, 16:30да янги келганлар каттагина Charlie’s кафесида тўпланадилар – у ердаги тадбирда Ларри Пейдж ва Сергей Брин қатнашади ҳамда ҳафта давомида қандай янгиликлар рўй берганлигини сўзлаб берадилар, кейин жамоалардан бири маъруза қилади.
– Сиз қайси бўлимда ишлайсиз? Асосан қандай лойиҳалар билан шуғулланасиз?
– Мен Chrome Operations / Platforms бўлимида Senior Software Engineer лавозимида ишлайман. Мажбуриятларимга йирик вазифалар ечими, дизайни ва амалга оширилиши киради, у талаблар, режалаштириш, ёзиш ва кодни синашни, шунингдек бу лойиҳа доирасида бошқа ходимларга раҳбарлик қилишни ўз ичига олади.
Асосан Chrome браузери дастурчилари фойдаланадиган Continuous Integration тизими ва унга боғлиқ бўлган V8, WebRTC каби лойиҳалар устида ишлайман.
– Иш тартибингиз қандай?
– Ишлаш тартибини ҳар ким ўзи учун белгилайди. Эрталаб 8:37да Google`нинг Wi-Fi ўрнатилган автобусига чиқаман ва лептопда ишлашни бошлайман. Яқинда ўғлим туғилди, шу сабабли уйга вақтлироқ қайтишга ҳаракат қиламан. Умуман олганда, иш тартибини ҳеч ким назорат қилмайди, чунки ходим ишлаган вақтига қараб эмас, балки самарадорлигига қараб баҳоланади.
– Ишни самаралироқ ташкил этиш мақсадида ўзингиз учун белгилаб олган кун тартибингиз борми?
– Том маънодаги кун тартибим йўқ, лекин бир неча қоидаларга амал қиламан: жорий вазифага эътибор қаратиб, арзимас ишларга чалғимасликка интиламан. Шу сабаб, ижтимоий тармоқларга камроқ вақт ажрата бошладим.
– Сир бўлмаса, Google`да маошлар қандай?
– Аниқ рақамлар – бу сир. Даромад маош, бонус ва опционлардан иборат бўлади. Бонус – бу муайян лавозим бўйича ўртача маошдан фоиз бўлиб, йилда бир марта тўланади. Опционлар – бу GOOG ва GOOGL акциялари бўлиб, уларга вақт ўтган сайин эгалик қиласиз. Агар яхши ишласангиз, базавий маош йилда бир марта оширилади ва янги опционлар тайнланади. Агар лавозимингиз кўтарилса, даромаднинг барча компонентлари, жумладан бонус ҳам ортади.
– Google`даги фаолиятингиз сизни нималарга ўргатди?
– Кўп нарсаларга. Жамоада ишлаш маданияти ва бир-бирининг кодини текшириш (codereview)ни, веб-иловалар мониторинги маданиятини ўргандим. Ўй-фикрлар эмас, маълумотлар асосида қарорлар қабул қилишни ўргандим, тақсимланган иловалар тамойиллари, дизайни ва ёзилишини ўзлаштирдим. Ахборот хавфсизлиги ҳақида кўп нарсаларни билиб олдим.
– Бир қанча машҳур нашрларда Google, Facebook, Apple каби гигант компаниялар офисларидаги муҳитни ёритувчи мақолалар берилгач, кўпчилик бу компаниялар ходимлари жаннатмисол шароитларда ишлайди, деб тасаввур қилади. Асл манзара қандай? Иш жараёнида бирор мураккабликлар ҳам борми?
– Мен бошида бироз қийналдим, чунки дастурлаш соҳасидаги малакам энди ҳамкасбларимникидан ажралиб турмасди. Янги муҳитга кўникиш ҳам вақт талаб қилди.
Кичик ёки ўртача компаниядан чиққан одам учун бу ерда кодни ёзгач, тўғридан-тўғри репозиторийга жойлаб бўлмаслиги ғалати туюлса керак. Google`да ҳар қандай ўзгаришлар ҳамкасбларнинг текширувидан ўтиши керак ва бу текширув, ходимнинг вақтига қараб, бир кунга чўзилиши мумкин. Текширув натижасида нимадир хато топилса, уни тўғрилайсиз ва бу то барча камчиликларни бартараф этмагунингизча, талаб даражасидаги ечимни тақдим қилмагунингизча давом этади. Шундай экан, коднинг биринчи талқинини ёзганингиздан то у репозиторийга тушгунича бир ҳафта вақт ўтиши мумкин. Бу айниқса кодни ёзиш қонун-қоидаларини тўлиқ тушуниб етмаган янги ходимларда кузатилади. Тажриба ошгани сайин ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади.
– Google`даги энг қаттиқ, балки ғайритабиий қоидалар ҳақида сўзлаб бера оласизми?
– Энг қаттиқ қоидалар, менимча, хавфсизликка боғлиқ. Конфеденциал ахборот, фойдаланувчилар шахсий маълумотлари, ички тармоқ хавфсизлигига қаттиқ турилади. Ахборот чиқиб кетмаслигига бизда жуда жиддий қаралади.
– Бошқарув тизими қандай тузилган?
– Компанияда менежмент иерархияси мавжуд: менинг тепамда менежерим бор, унинг ҳам менежери бор ва шу тариқа то CEO Сундара Пичаига бориб тақалади. Лекин менежмент амалда мутлақо сезилмайди, масалан, микроменежмент тақиқланган. Йиғилишларда муҳандислар ва менежерлар олдинга қўйилган вазифаларни муҳокама қиладилар, кейин у ёки бу муҳандис уни ҳал этишни ўз зиммасига олади.
Менежернинг вазифаси ким нима иш қилишини кўрсатиб бериш эмас, балки жамоанинг ишини ташкил этиш, уни максимал даражада самарали қилишдан иборат. Ҳар ким ўз менежери билан бир-икки ҳафтада бир марта юзма-юз учрашади, унда исталган мавзуда муҳокамалар олиб борилади.
– Фикрингизча, Ўзбекистон IT-соҳасини юксалтириш учун биринчи навбатда нимани ўзлаштириш лозим?
– Бундай кенг қамровли саволга шунга яраша умумий жавоб бераман: IT-таълимни ривожлантириш ва ёшларни руҳлантириш зарур.
– Бу соҳага қизиқиши бўлган, бироқ ўз кучларига ишонмаётган ўзбекистонлик ёш дастурчиларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
– Ўз кучини паст баҳоламаслик лозим. Агар код ёзиш сизга ёқса, бу ишни давом эттиринг ва мавжуд технологияларни ўрганинг. Масалан, open-source лойиҳаларни яхшилашга уриниб кўриш мумкин. Иш ҳаммага етади.
Мавзуга оид
22:19 / 14.11.2024
Googleʼнинг Gemini чатботи фойдаланувчига ўлим тилади
23:48 / 06.11.2024
Android 16 операцион тизими ҳар доимгидан эртароқ чиқарилади
22:10 / 03.11.2024
Google тасодифан Украинадаги ҳарбий объектларнинг хариталарини ошкор қилди
20:32 / 30.10.2024