Жамият | 16:27 / 28.06.2017
31405
4 дақиқада ўқилади

«Қарзи бор одам Ҳажга ҳам бора олмайди» – Анвар қори Турсунов

Фото: Халқаро пресс-клуб

Халқаро Пресс-клубнинг 28 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги сессияси табиий ресурсларни асраш, тежаш, коммунал тўловлар маданияти каби мавзуларга бағишланди. Унда иштирок этган Тошкент шаҳар бош имом хатиби Анвар қори Турсунов табиий ресурсларимизни тежаш, уларни исроф қилмаслик борасида шундай фикрлар билдирди:

"Билиш бор, англаш бор. "Сувни исроф қилмаслик керак" деган гапни эшитдик, бу - билиш. Аммо англаш - оғир жараён. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда "Ҳар бир нарсани миқдор билан яратдим ва неъматларни сиз учун яратдим" дейди. Биз бу масалада авлодларимизнинг меросига мурожаат қилишимиз керак. 

Муқаддас китобимизда шундай оят бор: "Енглар, ичинглар, исроф қилманглар, исроф қилганларни ёмон кўраман, мен унга ғазаб қиламан, дуосини қабул қилмайман, унинг уйида барака бўлмайди". 

Яна бир оятда эса шундай дейилади: "Исроф қилувчилар - шайтоннинг ҳамтовоқлари". Биз Имом Бухорий, Насафий, Термизийларнинг авлодларимиз. Шу боис буларни билишдан ташқари яна англаб етишимиз керак. 

Исроф - ўша неъматга тажовуз қилиш дегани. Қорнинг тўқ бўлиб туриб, таом есанг, бу ҳам исроф. Бундан ташқари, сув исрофгарчилиги деган тушунча мавжуд. 

"Денгизнинг ёнида турсанг ҳам сувни исроф қилмагин", деган гап бор. Ҳатто таҳоратга ҳам уламоларимиз сув миқдорини ярим литр деб белгилаб беришган. Биз бу нарсаларни тушуниб етишимиз керак. 

Ҳазрат Нақшбанддан сўрашди: "Қандай қилиб авлиё бўлдингиз? Оллоҳга дўст тутиндингиз?". У киши Ҳаж амалини адо этганлар, ибодат қилганлар, лекин "шунинг кетидан авлиё бўлдим" демадилар. "Мен дастурхондаги нон ушоғини тежадим ва сувни исроф қилмадим ва шу билан авлиё бўлдим".

"Ҳалолига ҳисоб бор, ҳаромига азоб бор", дейди уламоларимиз. Ҳалол пул топдик мана, шу пулни қуда чақириққа ишлатдикми ё газга тўладикми? Ҳар бир қатра сув ва нур учун Аллоҳ олдида жавоб берилади. Биргина нурни етказиш учун қанча одам меҳнат қилади, бунинг ҳаққини тўламаслик - ўғрилик.

Инсон нафсини тия олмаслиги натижасида исроф юзага келади. Масалан, бир уйда чироқ ёқиғлиқ, нариги уйда ҳам одам бўлмаса-да чироқни ёқиб қўямиз. 

Президентимиз ҳеч ким қилмаган ишни қилдилар -  Мўйноққа сув борди. Ўша Орол ҳам исроф туфайли қуриди. Аллоҳ айтади: "Исроф қилсангиз, мен азоблайман". Шу Орол сувидан ноўрин фойдаланиш натижасида қанча касалликлар, қанча муаммолар келиб чиқди. Сувни тежамасак, уни ҳаммага етказиш қийин бўлади. Инсон масъулиятни виждонан ҳис қилиши керак. 

Ҳатто муқаддас Ҳаж зиёратига кетаётган одамнинг қарзи бўлса, у самолётга ҳам чиқарилмайди, чунки у ерга кетаётган инсон қарзларини узиб кетиши керак. 

Шуларнинг барчасидан хулоса чиқариб, тафаккур қилишимиз керак. Инсон тафаккур билан азиз. Исроф - гуноҳи кабира. Худодан қўрқишимиз керак. Тўй қилишдан, худойи қилишдан олдин қарзлардан қутулиш керак".

 

Мавзуга оид