Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларни модернизация қилиш ва янгилаш жараёнлари янги босқичда жадал олиб борилмоқда. Ҳаёт талабларидан келиб чиқиб, юртимиздаги кўпгина давлат ва нодавлат ташкилотларининг фаолияти янада такомиллаштирилмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, нафақат ёшларимиз, балки бутун халқимиз тақдирига дахлдор бўлган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг бугунги куни ва эртанги истиқболи барчамизни ўйлантириши табиий. 30 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Президенти шу масалага мурожаат қилди.
"Сизларга яхши маълум, бундан 16 йил олдин, яъни, 2001 йилда ташкил этилган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ўтган давр мобайнида ёшлар ҳаётига кириб бориб, уларнинг маълум бир қисмини ўз атрофида бирлаштиришга, ўз Дастури ва Уставида белгиланган мақсад ва вазифаларни имкон даражасида бажаришга ҳаракат қилиб келмоқда.
Айни вақтда таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, моҳият эътибори билан ёшларнинг ҳақиқий таянчи ва суянчи бўлиши зарур бўлган “Камолот” ҳаракати фаолиятида жиддий камчилик ва нуқсонлар кўзга ташланмоқда", - дейди давлат раҳбари. Қуйида ана шу камчиликлар санаб ўтилади:
Биринчидан, “Камолот” бутун Ўзбекистон ёшларини бирлаштирган, том маънодаги оммавий ҳаракатга айлана олмади. У асосан ўз атрофида Ҳаракат фаолиятига хайрихоҳ бўлган ёшларни уюштириб, фақат уларни қизиқтирган масалалар юзасидангина иш олиб борди.
Натижада ёшларнинг кенг қатламларига тааллуқли бўлган долзарб масалалар, аввало, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни катта мақсадлар сари сафарбар этиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, қисқача айтганда, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзини ҳақиқий ёшлар ташкилоти сифатида кўрсата олмади. Бунинг оқибатида уюшмаган, яъни, ишламайдиган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган, салбий таъсирларга берилувчи ёшлар сони ортиб бормоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи давлат ва жамият учун раҳбар кадрларни тайёрлаб берадиган ўзига хос марказ бўлиши, замонавий тилда айтадиган бўлсак, ёшлар учун “социал лифт” вазифасини бажариши керак. У билимли, ташаббускор ва ташкилотчи, фидойи ёш раҳбарларнинг кадрлар захирасини яратиши керак.
Шу мақсадда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтини ташкил этиш зарур.
Учинчидан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг обрўси ва таъсирини ошириш учун мамлакатимизда ёшлар манфаатини таъминлашга қаратилган ишларда унинг иштирокини ҳар томонлама кенгайтириш зарур.















