Омма олдида чиқиш қилиш ва тадбирлар ўтказишга доир кўп маслаҳатлар баъзан фойдадан кўра кўпроқ зиён келтириши мумкин. Улар ҳақида билиб олинг ва ҳеч қачон бундай хатоларга йўл қўйманг. "Лайфхакер" Оммавий чиқишлар институти асосчиси, "Ҳаяжонга қарши сеҳрли тугма ва муваффақиятли чиқишларнинг бошқа тамойиллари" китоби муаллифи Ирина Баржакнинг бу борадаги тавсиялари билан бўлишди. 

1-афсона. Имо-ишораларни қўлланг

Бу маслаҳат кўпинча яримпрофессионал мураббий ва шунчаки кўнгиллилар томонидан берилади. Аслида чиқиш вақтида имо-ишоралар ҳақида ўйлашга ҳожат йўқ - асосий эътиборни мақсадга қаратиш муҳим. Имо-ишоралар  мақсадингиз қандайлигига қараб ўз-ўзидан туғилаверади. Мисол учун, қўлларни орқага йиққан ҳолда инсонларга илҳом бахш этиб бўлмайди ё бўлмаса, букчайиб олиб ҳақ эканингизни исботлаш қийин.

Инсон имо-ишоралар ҳақида ўйлашни бас қилиб, мақсадга эътибор қаратиши билан ўзаро уйғунлашган ҳаракатлар ўз-ўзидан келиб чиқаверади.

2-афсона. Кўзгу олдида машқ қилинг

Мактабдаги ҳар иккинчи ўқитувчи ўқувчиларга кўзгу олдида туриб машқ қилишни тавсия қилади. Артистларга эса бундай қилиш тақиқланади. Нима учун? Сиз қандай туриш ва қандай гапириш ҳақида ўйласангиз, нима демоқчи бўлганингизни унутиб қўясиз ва аксинча. Кўзгу қаршисида чиройли кўриниш ҳосил қилиб, уни саҳнада такрорлашга уриниб, сиз диққат объектини ўзингизга кўчирасиз ва айнан шундай пайтларда максимал ҳаяжон пайдо бўлади.

Нутқ сўзлашни томошабин олдида туриб машқ қилиш керак. У истаган томошабин бўлиши мумкин, яхшиси эса, у ижобий кайфиятдаги инсон бўлгани маъқул.

3-афсона. Матнни ёд олинг

Матнни қуруқ ёдлаш иш бермайди, чунки ҳаяжон келган маҳал матнни дарҳол унутасиз. Биз матнни ақлли, чиройли сўзлар билан бойитиб, ўнғайсиз кўринишдан қўрқамиз, кейин эса, одатий нутққа ўтишимиз қийин кечади. Бунинг натижасида чўзиқ паузалар ("эээ", "анақа", "нима десам экан", "ҳалиги" ва б.) келиб чиқади ва омма олдида ноқулай вазиятда қоласиз.

Аксарият матнни кўз олдига қўйиб олиб, эсдан чиққанда унга қарайди-да, шошилганда керакли жумлани топа олмагач, ўзларини ундан-да баттар йўқотиб қўйишади. Умуман олганда, матннинг фойдадан кўра зарари кўпроқ.