Ўзбек журналистикаси: жим қилган журъатсизлик
Бугун сўз эркинлиги янги босқичга чиққани ҳеч кимга сир эмас. Бу жараёнда оммавий ахборот воситалари ҳар қачонгиданда фаол, холис ва тезкор бўлиши лозим. Албатта, булар баландпарвоз ва умумий гаплар туйилар, лекин фаолиятимизда ўйлаб кўриш мумкин бўлган жиҳатлар бисёр.
“Матбуот ва ОАВ ходимлари” куни арафасидаги “Муносабат” кўрсатувини томоша қилдим. Сенсация! Анча дадил фикрлар айтилди. Мажбурий обуна ҳақида марказий каналда рўй рост гапирилди, нодавлат матбуотнинг камчиликлари ҳам кўрсатиб ўтилди. Аммо буёғи қизиқ бўлди: тез орада иштирокчилар икки фронтга бўлиниб олдилар ва бир-бирларига тош ота бошладилар (аслида юқоридаги сенсация дея баҳоланган фикрлар ҳам айни мана шу жараёнда оғиздан чиқиб кетди, десак тўғри бўлар). Ҳамма асосий мавзу ва байрам қолиб ўзиникини маъқуллашга ҳамда нашрини мақтаб, бошқаларни камситишга ўтиб кетди.
Аммо бирор киши ОАВ олдида турган асосий мақсад ва вазифалар тўғрисида гапирмади, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида эсламади, ҳатто ҳамкасблар бир-бирларини самимий қутлашни ҳам унутдилар (ҳар қалай байрам арафаси, кўрсатув ҳам шу муносабат билан ташкиллаштирилган эди). Хусусан, цензура йўқотилганига йиллар ўтган бўлсада, ҳалиям ҳаммамиз ички цензурамизни маҳкам ушлаб турганимиз, айниқса, бу нарсани таҳририятларнинг айрим ўзидан қўрқадиган раҳбариятлари боплаётгани тўғрисида гап ҳам бўлмади. Матбуот соҳасини иқтисодий жиҳатдан энг қийнаб турган қоғоз импортидаги нархлар, конвертация муаммолари, нашрларни етказиб беришдаги кечикишлар ҳамда ортиқча устамалар ҳақида бирор киши сўз очмади.
Энг муҳими беҳожат ва кўр-кўрона маддоҳликни яна авжига чиқара бошлаганимиз табиийки эътибордан четда қолиб кетди.
Тўғри, сўнгги пайтларда журналистикамиз анча эркинлашди. Лекин бу эркинлик доирасида ёпишиб олганимиз яна шифокорлару ўқитувчилар, борингки боғчаларнинг тарбиячилари бўлди. “Танқид керакми?” дея биз ҳам эртаю-кеч ҳашардан боши чиқмайдиган, ҳокимиятларнинг асосий ишчи кучига айланган бу соҳа ходимларининг пўстагини яхшилаб қоқа бошладик. Бу ташкилотлар раҳбарлари йиққан пуллар ҳақида бонг урдик. Ҳолбуки яхши билардик, бу пулларни ўқитувчи ёки тарбиячи еб кетмайди, шу муассаса харажатлари учун ишлатилади. Ёки ҳаммамиз футболчиларга ёпишдик, улардан оламшумул натижалар талаб қилдик. Аслида уларнинг бори шу эди, кўп нарса кутиб ўзимизни алдадик холос.
Лекин бирортамиз прокурору судьяларга тегмадик. Ҳатто судьялар фаолияти аёвсиз танқид қилинган президент маърузасидан кейин ҳам ҳеч бўлмаса ўша маърузада тилга олинган судьяларнинг кирдикорлари ҳақидаги кенг қамровли мақолани шахсан мен ўқимадим (нега сизни айбдор қилиб ўзимни четга тортай, ўзим ҳам бундай мақола ёзмадим, ёзишга уринмадим ҳам). Ўша порахўр судьялар, прокурорлар орасидаги коррупция ҳақида бирорта журналистик қидирув бўлмади. Қидирувку умуман бўлмаганди ҳам. Хуллас бирортамиз лоақал ўша оламшумул порахўрлик ишлари ҳақида бирор мақола ёки лавҳа тайёрлашга журъатимиз етмади.
Қишлоқ ҳудудидаги муаммоларни кўрмаймиз, газ ўрнини таппи эгаллаб бўлгани, ўтин дардида дарахтлар аёвсиз кесилаётгани, одамлар милтиллаб ёниши байрамга айланган чироқ ҳақида гапиришдан ҳам безиб қолганини билмаймиз.
Бундан ташқари, иқтисодий жараёнларни ёритишда ҳам оқсаганимиз оқсаган. Конвертация нега очилмаганию, очилса нима бўлишини тушунтира олмаймиз. Пластик карта деганда қулайлик эмас, чўнтакка зарар келтирувчи восита аталмиш ақида моҳиятини англаб билмаймиз. Не тонгки ўзимизда ишлаб чиқарилган автомобиль минглаб чақирим йўл босиб, хорижга етиб борганида, қандай қилиб бизданда арзон ҳамда навбатсиз сотилишини ҳали ҳам тушуниб етолганимиз йўқ.
Яна бир жиҳат бор: дунёнинг бирор давлати ўзида инсон ҳуқуқлари бўйича барча мауаммолар ҳал этилгани билан мақтана олмайди. Бизда ҳам бу борада муаммолар борлигига кўз юмамиз. Айнан сизу бизнинг кўз юмишимиз четдаги ҳамкасбларимизга чексиз имкониятлар яратади: улар ҳатто учига чиққан жиноятчини ҳам ҳокисорга айлантириб қўйганини кузатдик, уни қонуний жазолаётган давлатни шафқатсиз режимга қиёслаганида ҳам жим туравердик. Чунки бизга бунақа нарсаларга аралашмай қўяқолиш маъқул кўринган ҳамиша. Биз можародан нарироқ юришга, кўриб кўрмасликка олишга ўрганиб бўлганмиз, ҳалибери бу одатимиздан воз кечмаймиз.
Хориждаги мухбирлик деган муҳим йўналиш бизда умуман йўқ. Йўқ, тамом! “Жаҳон” ахборот агентлигининг фақат Ўзбекистон элчихоналарига оид тадбирлари ойига бир-икки марта берилиши бу йўналишни англатмайди. Хорижга доир ахборот деганда фақат дунёнинг қайсидир бурчагидаги сув тошқинини ёки зилзилани тушунамиз. Бу хабар ҳам, албатта, кимдандир кўчирилган бўлади. Ўзимиздаги муҳим сиёсий жараёнларни дуруст таҳлил қила олмаганимиз етмагандай ҳеч бўлмаса хориждаги воқеаларни ҳам холисона шарҳлаб бера олмаймиз.
Оддий мисол: Суриядаги уруш олти йилдирки давом этмоқда. Юз минглаб одамнинг ёстиғи қуриди, кўз ёшлар дарё бўлди, ҳар куни харобалар орасидан ковлаб олинаётган ёки ўққа учиб қатор қилиб ётқизиб ташланган болаларни кўряпмиз. Қаердан кўряпмиз? Телеканалларимиздан эмас, интернетдан. Лекин бирортамиз ким кимни отаяпти, бу урушдан мақсад нима, уни якунлашнинг қандай йўллари борлигини тушунмаймиз. Ўзимиз тушунмагандан кейин қандай қилиб аудиториямизга тушунтира биламиз? Хаёлимизда “ИШИД билан кимлардир урушаяпти”, деган тор тушунча ўрнашиб қолган. Ҳолбуки масала анча жиддийлиги, бу ҳудуд йирик давлатларнинг, қудратли кучларнинг ғоялар уруши майдонига айланиб қолганини тушуна билмаймиз. Хориж ОАВ албатта бу воқеаларни ўз давлати қарашларидан келиб чиқиб ёритади. Албатта, эътибор бергансиз: Суриянинг жанг кечаётган бир майдонидаги ҳолат Россия ахборотида бошқача, АҚШ хабарларидан бутунлай бошқача ёритилади. Биз эса дам у тарафга, дам бу тарафга оғиб, ўз фикримизни шакллантира олмай оворамиз. Чунки телевидениенинг муҳим жанри бўлган сиёсий шарҳловчилик бутунлай йўқолиб кетганига анча бўлди...
Ахир биз эмасми, кечаётган воқеа-ҳодисаларни холисона ёртиб бергувчилар? Қачонгача туртки кутиб яшаймиз? Охирги пайтларда пайдо бўлган сўзамоллигимизга энди кенгроқ фикрлаш, дунёга теранроқ назар ташлаш, ахборот оламида ўз сўзимизни айта билиш орқали ЎЗБЕК ЖУРНАЛИСТИКАСИнинг муносиб ўрнини эгаллашга ҳисса қўшиш каби хислатларни уйғунлаштириш вақти ҳам келди шекилли.
Аброр Зоҳидов