Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида давлат органлари фаолиятига фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг илғор механизмлари татбиқ этилаяпти. Натижада фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг таъсирчан механизмлари пайдо бўлаяпти.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари 2017 йилнинг бошидан бери аҳолининг ушбу масала юзасидан фикрини мониторинг қилиб келишади. Марказ вакиллари жами 2000 та хонадонга ташриф буюришди. Уларнинг 702 тасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига мурожаат қилган фуқаролар аниқланди.
Сўров натижаларини умумлаштириш шуни кўрсатдики, фуқароларнинг кўпчилиги — 89,6 фоизи фикрича, давлат раҳбари томонидан асос солинган фуқаролар билан фаол ва очиқ мулоқот қилишнинг янги тизими, Халқ қабулхоналари институти аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал қилишнинг самарали механизми ҳисобланади. Бу эса жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг иккинчи чорагида ушбу тизимни қўллаб-қувватлашини маълум қилган фуқаролар сони биринчи чоракдагига нисбатан 5,3 фоиз ўсганлиги эътиборга моликдир.
Сўровда иштирок этганларнинг 35,1 фоизи давлат ҳокимияти ёки хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилган. Уларнинг аксарияти тадбиркорлар, давлат хизматчилари ва пенсионерлардир.
Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри аҳолиси ўзларининг ушбу ҳуқуқларидан кенг, Бухоро ва Жиззах аҳолиси эса кам фойдаланган. Тадқиқотнинг кўрсатишича, қишлоқ аҳли шаҳарликларга, аёллар эса эркакларга қараганда кўпроқ давлат органларига мурожаат қилади.
Сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг кўпчилиги анъанавий, яъни ташкилотлар, вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар қабулхоналари орқали ёзма ариза воситасида мурожаат қилишни мақбул, деб биладилар. Ёшлар ва ўрта ёшлилар эса интернет тармоғи орқали мурожаат қилишни маъқул кўради. Уларнинг 87,1 фоизи фикрича, Ягона интерактив давлат хизматлари портали — gov.uz жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкор қабул қилиш ва узатишнинг самарали воситаси ҳисобланади. Бунда фуқаролар вақти беҳуда сарфланмайди, идорага шахсан келишига зарурат туғилмайди, чунки барча мурожаатлар онлайн режимида масофадан туриб амалга оширилади.
Фуқароларнинг кўпчилиги (81,2 фоизи) мустақил равишда, яъни бировнинг ёрдамисиз мурожаат қилган. Сўровнинг ҳар бешинчи иштирокчиси эътироф этишича, улар ариза ёки шикоят матнини тузишда қариндошлари, ҳамкасблари, танишлари ёки юристлардан ёрдам сўраган.
Давлат ташкилотларига йўлланган мурожаатларнинг мутлақ кўпчилиги — 91,7 фоизи шахсий мазмундаги масалалар эканлиги диққатга сазовор. Фуқароларнинг жамоа бўлиб мурожаат қилиши кенг тарқалмаган. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, давлат органларига, асосан, ариза ва шикоятлар тушади, аммо таклифлар у даражада кўп эмас.














