19:34 / 21.07.2017
59400

Гўшт нархи нега 70 фоизгача кўтарилди?

Нега гўштнинг нархи сезиларли даражада ошди? Қорамоллар сони камайиб кетдими? Ёки гўштнинг четга экспорт қилинаётгани узилишларни юзага келтирдими? Чорва етиштириш, уларни турли юқумли касалликлардан ­асраш, аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қондириш юзасидан қандай чора-тадбирлар ­кўрилмоқда?

Сўнгги уч ойда республикамизда зарур озиқ-овқат маҳсулотлари сирасига кирувчи гўштнинг қимматлагани оддий одамларни ташвишга солди, турмуш сифатига таъсир кўрсатди. Айримлар буни чорва молларининг камайиб бораётгани, қорамол етиштириш харажатлари ошиб кетгани билан изоҳласа, бошқалар гўштнинг чет элга экспорт қилинаётгани нархлар ошишига сабаб бўлганини таъкидламоқда.  Хўш, бундай миш-мишлар асослими? Аслида, нима сабабдан гўштнинг нархи сезиларли даражада ошиб кетди? Чорва етиштириш, уларни турли юқумли касалликлардан асраш, аҳолининг гўшт ва гўшт маҳсулотларига бўлган талабини қондириш юзасидан қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда? Ўтказилган журналистик суриштирув давомида ана шу каби саволларга жавоб топишга ҳаракат қилдик.

Бир йилда қанча гўшт еймиз?

Аввало, республикамиз бозорлари ва савдо дўконларидаги гўштнинг айни кундаги нархларини солиштирамиз. Наманган шаҳрида февраль ойида 23 минг сўм сотилган суякли гўшт бугун 29 минг сўмдан, Самарқанд шаҳрида 24 минг сотилган ҳудди шундай гўшт 30 минг сўмдан, Марғилон шаҳрида бундан уч ой олдин 23 минг сўм бўлган гўшт айни кунда 29 минг сўмдан таклиф қилинмоқда. Тошкент шаҳрида эса февралда аҳоли энг кўп харид қиладиган гўштнинг сарпанжа тури ўртача 25 минг сўм бўлган бўлса, бугун уни 33 минг сўмгача харид қилиш мумкин.

Шаҳарларда жойлашган йирик савдо мажмуалари ва супермаркетлардаги нархлар янада қиммат. Жумладан, Фарғона шаҳридаги Makro супермаркетида суяксиз мол гўшти 39,900 сўмгача, Марғилон шаҳридаги филиалида 41 минг сўмгача, Самарқанд шаҳридаги «Омега центр» савдо марказида 37 минг сўмдан сотилмоқда. Пойтахтимизда  жойлашган Makro супермаркетлари тармоғида бир килограмм лаҳм гўшти бундан уч ой илгари турига қараб 33-37 минг сўмдан сотилган бўлса, ҳозирги кунда 45-55 минг сўмгача сотилмоқда.

Бундан мамлакатимиз бозорларидаги гўшт нархи кейинги уч ой ичида ўртача 21 фоиздан 25 фоизгача, супермаркетларда 28 фоиздан 70 фоизгача ошгани кўринади. Бу аҳолининг харид қувватига (энг кам иш ҳақи миқдори 149 минг экани ҳисобга олинса) нисбатан анча қиммат саналади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларида одам бир йилда ўртача 55 килограммгача гўшт истеъмол қилиши лозимлиги тавсия этилади. Экспертларнинг тахминига кўра, 2025 йилга бориб Ўзбекистонда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 1/4 ҳиссага ошиб, йилига 54,8 (айни кунда 41 кг.) килограммни ташкил қилади. Гўшт нархининг бундай оширилиши табиийки, одамларнинг уни сотиб олиш имкониятини пасайтиради. Натижада, кундалик рационда гўштнинг улуши камайиб, инсон саломатлиги учун муҳим бўлган моддалар етишмовчилигига сабаб бўлади.

Қорамол боқиш ­қийинлашдими?

— Тошкент шаҳри бозорларида асосан Қашқадарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари шахсий деҳқон хўжаликлари ҳамда фермерлари томонидан етиштириб, олиб келинган қорамоллар сўйиб сотилади, — дейди пойтахтимизнинг «Эски Жўва» деҳқон бозорида савдо қилувчи қассоб З.Ёқубов. — Жорий йилнинг апрель ойида битта буқани кушхоналардан сўйиб олиш нархи 7 мингга ошди. Март ойида бир килограмм мол гўштини 23-24 мингдан сўйиб олиб, 25-27 минг сўмдан сотган бўлсак, ҳозирда тирик вазндаги буқанинг килосини 31 минг сўмдан сўйиб, 32-33 минг сўмгача, лаҳм қисмини 38-40 минг сўмдан сотяпмиз. Фермерлар билан гаплашганимизда улар қорамолни боқиш харажатлари ошгани учун унинг нархини ҳам кўтаришга мажбур бўлишганини айтишмоқда.

«Тошкент озуқа ем таъминоти» масъу­лияти чекланган жамияти директори Дилшод Манноновнинг айтишича, бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида чорва моллари учун зарур озуқани мақбул нархларда етказиб бериш мақсадида озуқа-ем таъминоти корхоналари ташкил этилган. Мазкур МЧЖнинг ҳам Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 16 филиал ва 137 махсус шохобчаси фаолият кўрсатиб, аҳоли эҳтиёжлари имкон даражасида қондириб келинмоқда. Белгиланган тартибга кўра, Республика товар хом­ашё биржасидан тегишли график асосида ем маҳсулотлари харид қилиниб, 20 фоиз устама ҳақ ҳисобидан савдо шохобчаларига чиқарилади. Айни кунда мамлакатимизда мавжуд озуқа-ем жамиятлари тасарруфидаги барча шохобчаларда шрот 1200 сўмдан, шелуха 600 сўмдан сотилмоқда. Нархлар 2016 йилнинг февралидан буён ўзгаргани йўқ.

Наманган вилоятидаги «Наманган озуқа ем таъминоти», Самарқанд вилоятидаги «Самарканд ем таъминоти» МЧЖларига қарашли шохобчалардаги нархларни ўрганганимизда ем маҳсулотлари бу ерда ҳам бир хил нархларда сотилаётганига гувоҳ бўлдик. «Наманган озуқа ем таъминоти» МЧЖнинг шаҳар ва туманлардаги 155 та озуқа ем сотишга ихтисослашган шохобчалари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 14 минг 157 тонна шрот, 8 минг 627 тонна шелуха ва 3 минг 621 тонна омухта ем маҳсулоти сотилган. Бироқ ёғ-мой корхоналари апрель-май ойларида тўла қувват билан ишламагани боис бугунги кунда таъминотда узилишлар келиб чиққан.

«Самарқанд ем таъминоти» МЧЖ раҳбари Фахриддин Ҳамраевнинг таъкидлашича, олиб борилаётган чора-тадбирларга қарамай, аҳоли чорвасини озуқа-ем билан тўлиқ таъминлашнинг ҳозирча иложи йўқ. Жамият шохобчалари ўтган май ойида режа бўйича аҳолига 4 минг тонна омухта ем етказиб бериши керак бўлса, амалда 1 минг 700 тонна ем тарқата олди, холос. Бунинг ҳам асосий қисми чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларига берилди. Натижада аҳолининг шахсий хўжаликларида парваришланаётган чорва моллари учун ем тақчиллиги кузатилди. Хусусан, Каттақўр­ғон тумани, Ёдгорхўжа қишоғида жойлашган «Самарқанд ем таъминоти» МЧЖга қарашли 16-сонли шохобчада икки-уч ойдан буён ем маҳсулотлари умуман сотилмаяпти. Одамлар қорамол учун энг асосий озуқа ҳисобланган шротни тадбиркорлар қўлидан 1800-2200 сўмгача бўлган қиммат нарх­ларда сотиб олишга мажбур бўлмоқда.

Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари Бобур Саурбоевнинг айтишича, бир ёшга тўлган ориқ буқани бўрдоқига боқиш учун камида 3 ойлик меҳнат талаб этилади. Бунда ҳар куни унга ўртача 9 килограмм ем, яъни 3 кило шрот, 2 кило кепак, 3 кило шелуха ва 1 кило майдаланган маккажўхори ёки буғдой аралашмаси берилади. Бундан ташқари, кунига қўшимча 7-8 килограмм атрофида беда ёки дағал хашак бериб бориш керак. Ҳозирги кунда савдогарлар қўлида бир боғ прессланган беда 8 минг (январь-февралда 12 минг бўлган), сомон 2 минг (қиш мавсумида 4 минг эди), шрот 1800-1900 сўм экани (февралда 1400 сўм бўлган) ҳисобга олинса, қорамол боқишнинг харажатлари қанчага тушушини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас.

Республика бўйича ем маҳсулотлари етказиб берувчи корхоналарнинг фаолияти ўрганилганда, улар ем-озуқага бўлган талабни бор-йўғи 12-15 фоизинигина қондириши мумкинлиги ойдинлашди. Бу ҳам фақат тегишли график асосида белгиланган истеъмолчиларга сотилади, холос. Аҳолининг қарийб 85 фоизи емни савдогарлар қўлидан олишга мажбур бўлмоқда.   

Гўшт ишлаб чиқариш 2,8 марта ошди, аммо...

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Чорвачилик, паррандачилик, асал­аричилик ва балиқчиликни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Мақсуд Юсуповнинг қайд этишича, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ялпи улушининг 42 фоизини чорвачилик маҳсулотлари ташкил этади. Бу республикамиз аҳолисининг гўштга бўлган талабини тўлиқ қондиради. Чорвачилик соҳасида эркин бозор механизмлари шакллантирилгани, кўплаб имтиёзлар тақдим этилаётгани натижасида чорва моллари бош сони ҳамда гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми муттасил равишда ортиб боряпти. Хусусан, кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида қорамоллар бош сони 2,6, қўй ва эчкилар бош сони 2 мартага ўсди. Бунинг натижасида гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2,8 баробарга ошишига эришилди. Вазирлик аҳолининг гўштга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, бозорларимизда гўшт, сут, тухум, балиқ ва бош­қа чорвачилик маҳсулотларини кўпайтириш бўйича ҳам қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Ҳозирги кунда 662 та қорамолчилик йўналишидаги наслчилик хўжаликларида 100 минг бошдан зиёд юқори маҳсулдор наслли қорамол парваришланмоқда. Биргина 2016 йилда улар томонидан 9 минг бошдан кўпроқ қорамол шахсий ёрдамчи, фермер ва деҳ­қон хўжаликларига сотилган. Чорвачилик соҳасини 2021 йилгача бўлган муддатда ривожлантириш борасида белгиланган чора-тадбирлар дастурига кўра, йирик шохли қорамоллар бош сони 14 миллион 800 минг бошга, майда шохли моллар бош сони 23 миллион 127 минг бошга етказилади. Бу эса мамлакатимизда гўшт етиштиришни 26,2 фоизга ошириб, аҳоли эҳтиёжларидан ортиқчасини экспорт қилиш имконини ҳам беради.

Миш-мишларда асос йўқ

Хўш, мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, гўштга бўлган талабни қондириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар, дастурлар амалга оширилаётган, фермерларга ўзгармас нарх­ларда ем етказиб берилаётган бўлса, унда муаммо нимада? Нега гўштнинг нархи сезиларли даражада кўтарилди? Қорамоллар касалланиб ўлиши натижасида уларнинг сони камайиб кетдими? Ёки ҳақиқатан ҳам гўштнинг четга экспорт қилинаётгани озиқ-овқат саноатида гўшт ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришда узилишларни юзага келтирдими?

– Мамлакатимизда озиқ-овқат хавф­сизлигини таъминлашга стратегик вазифа сифатида алоҳида эътибор қаратилади, – дейди «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулатиф Қодиров. – 1990 йилда Ўзбекистонда истеъмол қилинадиган гўшт маҳсулотларининг 50 фоизи четдан олиб келинган бўлса, ҳозир вазият бутунлай ўзгарган. Аҳолининг гўштга бўлган талаби ўзимизда етиштирилаётган қорамол, қўй-эчки ва товуқлар ҳисобига тўлиқ қондирилмоқда. Гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати ҳам йил сайин ривожланиб, унинг қуввати 96-99 фоизга етди. Бу мамлакатимизга гўшт ва гўшт маҳсулотлари деярли импорт қилинмайди, деганидир. Жорий йилда давлатимиз раҳбарининг тегишли кўрсатмаси асосида гўштни четга экспорт қилишга рухсат берилди. Аммо бу борадаги зарур чора-тадбирлар, ҳужжатлар ва гўшт экспортига қўйилаётган талаблар энди ишлаб чиқилмоқда. Шунинг учун мамлакатимизда етиштирилаётган гўшт ҳозирча ҳеч қайси давлатга экспорт қилинаётгани йўқ. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, гўштнинг экспорт қилина бошлаши унинг ички бозордаги нархининг кескин ошишига ёки улуши камайишига таъсир кўрсатмайди. Бу билан алоҳида ихтисослаштирилган ва халқаро сифат стандартларига жавоб берадиган чорвачилик хўжаликлари шуғулланади.

Чорванинг аҳволи барқарор

Давлат ветеринария қўмитаси раиси ўринбосари Аброр Акбаровнинг таъкидлашича, мамлакатимизда боқилаётган чорва молларининг айни кундаги аҳволи барқарор. Уларга ҳеч қандай юқумли касаллик хавф солмаяпти. Республика ҳудудида ветеринар осойишталикни сақлаб туриш мақсадида, биринчи навбатда, чегара минтақаларидаги шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда аҳоли қарамоғида бўлган чорва моллари клиник кўрикдан ўтказилиб, белгиланган профилактик тадбирлар режали равишда олиб борилмоқда.

Журналистик суриштирув даврида тўплаган, бироқ мақолага киритилмаган материаллар, жойларда ўтказган мулоқотлардан шунга амин бўлдикки, гўшт нархининг бу қадар кескин кўтарилишига жиддий сабаб йўқ. Тўғри, унинг нархи 2013 йилдан буён деярли ўзгармасдан қолаётган эди. Охирги тўрт йилда ем, дағал озуқа маҳсулотлари нархи бирмунча ошди. Бундан ташқари, сўнгги икки-уч йилда об-ҳавонинг серёғин келиб яйловлардаги ўт-ўланлар кўп бўлгани, чорва молларини боқишга қўшимча имконият яратганига қарамай, баҳор ва ёз ойларида дағал ем-ҳашак жамғаришда айрим муаммолар сақланиб қолмоқда. Бу айниқса, деҳқон ва фермер хўжаликлари тасарруфидаги ерларда озуқабоп экинлар экишга рухсат этилмаётгани, ажратилган ерларнинг эса ем-хашакка бўлган талабни қондира олмаётганида яққол кузатилмоқда.

Қишлоқ ва сув хўжалиги мутасаддиларининг айтишича, ана шундай муаммоларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 29 декабрдаги «2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Унга асосан, 2021 йилгача бўлган муддатда 170,5 минг гектар пахта ва 50 минг гектар ғалла майдонлари ўрнига сабзавот, картошка, озуқабоп ва мойли экинлар экиш, токзор ҳамда интенсив боғлар барпо этиш вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, 50,3 минг гектар майдонга озуқабоп экинлар жойлаштирилади.

Демак, ана шундай омиллар ҳисобга олинса, гўштнинг қимматлашганини ҳам табиий ҳол, деб қабул қилиш мумкин, аслида. Аммо шундоқ ҳам аҳолининг харид қобилиятига нисбатан баланд нархда бўлган бу маҳсулотнинг айтарли сабабларсиз қарийб 70 фоизгача оширилиши тушуниб бўлмайдиган ҳолдир. Бу борада тегишли назорат ўрнатилмаса, жорий йилнинг кейинги даврида гўшт нархи янада кўтарилиши айтилмоқда.

Қаҳрамон Сайдалиев,
Соҳибжон Рафиқов,
Шуҳрат Қаршиев,
Рустам Мамажонов,
«Жамият» ижтимоий-сиёсий газетасининг мухбирлари

Top