Шу йилнинг июль ойи охирларида иккита баёнот билан чиқиш қилинди ва уларнинг ҳар иккиси муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосари Шуҳрат Исмоилов ҳукуматнинг иқтисодий блокида айни дамда эркин конвертация жорий этиш ва валюта курсларини бирлаштириш масаласи жиддий муҳокама қилинаётганини айтиб ўтди. Бу ишларнинг барчаси «биз (яъни, ҳукуматнинг иқтисодий блоки — Б.Э.) барча жабҳаларни валютанинг эркин курси ўрнатилишига тайёрлашишимиз керак»лигига йўналтирилганлиги айтилди.

Ўзбекистон молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаевнинг қайд этишича, «Миллий валютани қўллаб-қувватлаш учун хорижий кредитлар, ХВЖ кредитларини жалб этиш назарда тутилмаяпти. Либераллаштиришни босқичма-босқич амалга ошириш учун бизнинг валюта захираларимиз етарли».

Бу ердаги калит сўз — босқичма-босқич. Ўйлаб, мушоҳада қилиб. ХВЖдаги либерал-монетаристларнинг рецептларига кўра, бошқа давлатларда ўтказилган ислоҳотлар учун хос бўлган, шокка туширувчи тажрибаларсиз.

Валютани эркинлаштириш масаласи, бу мавзуда мамлакатимизда юз бераётган мунозараларда кўпинча бир жиҳат эътибордан қочирилмоқда.

Эркинлаштириш ким учун? Ким ютадию, ким ютқазади? Қайси қатламлар ва гуруҳлар?

Шахсан мен учун 1991 йилдан кейин ўтказилган иқтисодий ислоҳотларнинг асосий натижалари — ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган 22 фоиз кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари. Бу ислоҳотларнинг энг муҳим ва асосий натижасидир.

Ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётган, ўн минглаб инсонлардан иборат бутун бир қатлам шакллантирилди. Айнан ўшалар мамлакат иқтисодиётининг асоси ва қояси ҳисобланади. Ана шундай корхоналар фоизининг ўсиши эса ислоҳотларнинг муваффақиятлилиги ёки муваффақиятсизлигини баҳолаш мумкин бўлган бош мезон саналади.

Ишчи ўринлар яратадиган ана шундайларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш — ҳукумат иқтисодий сиёсатининг бош вазифаси бўлмоғи керак. Чунки айнан шу соҳада яратиладиган иш ўринлари савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидан фарқли ўлароқ, барқарор бўлади.

Мен иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган соҳалари ривожланмаслиги керак, деган фикрдан йироқман. Хизмат кўрсатиш соҳаси айни пайтда кўплаб давлатларнинг иқтисодиётида етакчи ўрин тутади. Бизнинг иқтисодиётимизда ҳам бу соҳа ЯИМнинг деярли ярмисини ишлаб чиқаради.

Лекин барча гап «иқтисодиёт локомотиви ким», деган саволда.