21:56 / 15.08.2017
11797

Партия газетаси Президент танқидидан кейин: аудитория фикри ўрганилмоқда

Тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилишни ўз олдига мақсад қилган сиёсий партиянинг марказий нашри аслида қандай бўлиши керак? Ишбилармон ёки фермер ўз партиясининг газетасида қандай мақолалар ўқишни истайди? Аҳоли сиёсий нашрдан нималар кутмоқда? Партия нашри бу каби талабларга ўз вақтида ва холис жавоб бериш учун ўз фаолиятида қандай ўзгаришларни амалга ошириши керак? 
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси шу ва бошқа долзарб масалаларга ечим топиш мақсадида “Партия газетаси тадбиркорлар нигоҳида” мавзуида амалий мулоқот ташкил этди. Давра суҳбатида тадбиркор ва фермерлар, матбаа соҳаси мутахассислари ҳамда “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририяти ходимлари қатнашди.
Унда асосий эътибор Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 июлдаги парламент палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлган учрашуви чоғида сиёсий партиялар нашрлари ҳақида билдирган танқидий-таҳлилий фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқувчи устувор вазифаларга қаратилди. 
Ҳар бир газетанинг муваффақияти ўз аудиторияси томонидан қандай қабул қилинаётганлиги билан белгиланади. Демак, газета айнан ўз ўқувчисини ўйлантираётган масалаларга жавоб топиб берсагина уларнинг эътиборига сазовор бўлади. 
Шу маънода партия ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбир O‘zLiDePнинг асосий электорати ҳисобланган тадбиркорлар ва фермерлар учун партия газетаси фаолияти юзасидан очиқ мулоҳаза юритиш имконини берди. Унда газета фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уни янада мазмунли ва ўқишли қилиш учун қатор амалий таклифлар билдирилди. 

Хумоюнхон Бурхонхўжаев, Тошкент шаҳридаги “Best Business Comunications” МЧЖ раҳбари, O‘zLiDeP фаоли: 

– Бугунги кунда юртимизда ишбилармон ва фермерлар, табдиркорлик субъектлари фаолиятини ёритувчи газета ҳамда журналлар сони анчагина.  Аммо, мен O‘zLiDeP аъзоси – тадбиркор, қолаверса оддий бир ўқувчи сифатида партиямизнинг ижтимоий-сиёсий нашридан ўзимни қизиқтирган масалалар бўйича кўпроқ янгилик кутаман. Бугунги кунда газета аксарият ҳолларда расмий хабарлар бериш билан чекланиб қолмоқда. Ҳозирги шиддат билан кечаётган глобаллашув даврида бундай хабарларни телевидение, радио ва интернет орқали ҳам кузатиб, эшитиб бориш имконияти мавжуд, албатта. Фикримча, расмий хабарлардан бироз чекиниб, унинг ўрнига Президентимиз томонидан тадбиркорларни ҳимоя қилиш борасида чиқарилаётган янги фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ очиб беришга қаратилган таҳлилий материаллар бериб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Депутат ва сенаторларимиз тадбиркорлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қандай амалий ишларни қила олди, ёки жойлардаги депутатлик корпуси вакиллари партия электорати муаммоларини ҳал этиш ва уларнинг ечими бўйича қандай зарур чора-тадбирларни амалга оширишмоқда? Мана шу мазмундаги материалларга кўпроқ урғу берилса, айни муддао бўлар эди. Яна бир гап. Биз тадбиркорлар партиямиз томонидан уюштирилаётган очиқ мулоқотларда кўплаб муаммоларимизни айтаяпмиз, аммо уларнинг аксарияти газета саҳифаларида ўз аксини топмаяпти. Ўйлаймизки, айнан мана шу масалаларни ёритишга кўпроқ урғу берилса, муаммоларни ҳал этиш бўйича масъул бўлган тегишли ташкилот вакиллари ҳам ҳушёр тортишади. Табиийки бу жараёнда тадбиркорларни қийнаётган муаммолар ҳам ўз вақтида ечим топади. Шундагина матбуотнинг кучи яққол сезилади, газета ўқувчилари ҳам кўпайиб боради, мазмунан бойийди. Бугун биз партиямиз газетасининг мана шундай газетага айланишини истаймиз. 

Иштирокчилар мулоқот мобайнида “XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси мазмун-мундарижасини таҳлилий-танқидий руҳда қайта кўриб чиқиб, бу борада ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Хусусан, газета саҳифаларини тадбиркор учун қизиқарлироқ қилиш, оммабоплигига эришиш, электорат муаммоларини бартараф этишда матбуот кучи орқали жамоатчилик назоратини ўрнатишга кўмаклашиш, парламентда партиялараро рақобатни ифодаловчи, фракция қатъий нуқтаи назарини акс эттирувчи мақолалар чоп этиш сингари таклифлар билдирилди. 
Қизғин муҳокамаларга бой бўлган давра суҳбатида иштирокчилар талаб-таклифлари асосида газетада мунтазам ва янги – “Депутат муаммо қўяди”, “O‘zLiDeP депутатлари ижтимоий тармоқда”, “Вакилингиз ким?”, “O‘zLiDeP ташаббуси”, “Бизнинг намунали  депутатларимиз”, “Мулоқотда муаммо ҳал бўладими?”, “Қуйи бўғинларда нима гап?” каби рукнлар янада бойитилиб, таҳририят ижодкорларига тавсия этилди.

O‘zLiDeP матбуот хизмати
 

Top