Kun.uz'га суд тизими ходимларидан мурожаат келиб тушди. Унда муассиси Олий суд ва Судялар олий мактаби бўлган нашрларга суд соҳаси вакиллари мажбурий обуна қилдирилаётгани ҳақида сўз боради.

Маълум бўлишича, суд тизими ходимларига “ихтиёрий-мажбурий” тарзда обуна қилдирилаётган нашрлар қуйидагилар:

  • “Олий судлов” – “Правосудие” журнали — бир йил учун 504 минг сўм (12 та сон);
  • “Олий суд ахборотномаси” – “Бюллетень Верховного суда” журнали — бир йил учун 300 минг сўм (6 та сон);
  • “Куч адолатда” газетаси — бир йил учун 338 минг сўм (52 та сон);
  • “Одиллик мезони” журнали — бир йил учун 540 минг сўм (12 та сон).

Юқорида саналган биринчи учта нашрнинг муассиси – Ўзбекистон Олий суди. “Одиллик мезони” эса – Судялар олий кенгаши ҳузуридаги Судялар олий мактабининг журналидир.

Манбанинг сўзларига кўра, суд тизимида ишловчи оддий ходимлардан бу нашрларнинг бир ёки иккитасига обуна бўлиш талаб этилади. Судялар эса тўртала нашрнинг ҳам обунасини сотиб олиши шарт қилиб қўйилган.

“Бу ҳолат ҳар йили кузатилади. Обуна мавсумида бу масалага алоҳида масъул ходим бириктириб қўйилади, у ойлик ёки аванс тушган кунлари ҳамма ходимлардан квитанция сўраб юради”, – дейди у.

Мурожаатчининг айтишича, ҳуқуқий нашрларга обунадан ташқари, “ихтиёрий-мажбурий” тарзда китоб сотилиши ҳолатлари ҳам учраб туради.

“Ўтган йили Шохруҳ Акбаровнинг иккита китобдан иборат “Мен ўзбекман” асарининг иккинчи китобини 50 минг сўмдан олдиришганди. Бу йил яна худди шу китобни 60 минг сўмдан “ихтиёрий-мажбурий” тарзда сотишди. Биринчи китоб бўлганида ҳам майли эди, иккинчисини ўтган йили олгандик”, – дейди суд тизими вакили.

Мурожаатчининг айни иддаосини шу ҳудуддаги бошқа судда ишловчи манба ҳам тасдиқлади.