Мустақиллигимиз йилномасига назар соладиган булсак, қўхна, салобатли тарих олдида бир зумдек бўлиб кўринган фурсатда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган улкан, салмоқли ишлар амалга оширилганлигини кўрамиз. Энг катта, салмоқли ютуқларимиз — ҳаётимизнинг тубдан ўзгартирилаётганини, жаннатмонанд юртимиз шаҳар ва хиёбонларимизнинг чирой очиб боришидир. Буларни, албатта, «бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратиб келаётган» аёлларимизсиз тасаввур этиб бўлмайди.

1999 йил — «Аёллар йили»да чиқарилган фармонларда хотин-қизларнинг оила, жамият олдида тутган ўрни ва бурчи ниҳоятда масъулиятли ва шарафли эканлиги таъкидланган.

Аёл, она — буюк зот. У барча жамиятларда ва дунёда мавжуд минглаб тилларда юксак қадрланган ва эъзозланган. «Оналар оёғи остидадир беҳишти ризвон», яъни, «Жаннат оналар оёғи остидадир» дейилган ҳадисларда. «Миллатнинг келажаги оналар қўлидадир», деб ёзган эди француз адиби Оноре де Бальзак. Яна: «Аёли йиғламаган миллат бахтлидир», «Аёлингни асрагин, элим», «Аёл борки, олам мунаввар», деган қанотли иборалар бор.

Ҳа, оналар ёруғ ҳаёт, бахт, тўкин-сочинлик, файзу барака, тинч-тотув ҳаёт рамзидир. «Она замин», «Она Ватан», «Она табиат» деб аталиши ҳам шу боисдандир. Тарихий манбаларда хам бу мунис зотларнинг баркамоллиги, афсонавий имкониятлари тўғрисида жуда кўп маълумотлар бор. Улар васлида не-не шоиру уламолар қалам тебратган, мўътабар аёл сиймоси битмас туганмас илҳом сарчашмаси бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Албатта, бу ҳақида қанча гапирсак, оздай туюлади. Аксарият аёлларимиз шунга жуда-жуда муносиб.

Ҳаёт лекин ўзининг ёзилмаган қонунларига ҳам эгадир. Ҳозирги бозор сиёсатининг иқтисодий қийинчиликлари аёлга ҳам, эркакка ҳам шафқат қилмай қолди. Табиатан зукко, теран фикрли, тадбиркор, мушоҳадали аёллар албатта, тезда вазиятга тушуниб, фаолиятини шунга мувофиқлаштириб, жамиятни ҳам, оиласини ҳам тўғри йўлга кирита оладилар. Зеро, рўзғор юритиш санъати, тежамкорлик, чуқур мулоҳаза, оиласи, фарзандларига чексиз муҳаббат, садоқатли, андиша, ибо каби хислатлар билан аёлни табиатнинг ўзи сийлаган.

Бир донишманд «агарда буюк ва фазилатли одамларга эҳтиёжингиз бўлса, аёлларга буюклик ва фазилатни ўргатингиз», деб айтган экан. Кузатишлар шу хулосага келаяптики, қайси оилада аёл фаросатли, дидли, адолатли-андишали бўлиб, фарзандларига тўғри тарбия бера олса, фарзандлар маънавиятли бўлиб вояга етади.

Шуниси маълумки, умрини фақат пул топиш учун фидо қилиб яшаётган аёлларнинг маънавий қиёфаси ҳам, сўз бойлиги ҳам, ҳаёт, бахт тўғрсидаги тасаввурлари ҳам ниҳоятда сайқалашиб, қашшоқланиб қоларкан. Тарбиясида фарзандлари ҳам аёл табиатига мослашиб бораркан. Натижада, маънавий озуқадан узоқлашиб, маънавий қашшоқлар кўпайиб бормоқда. Камалакнинг ҳамма рангларида минг хилда жилоланаётган, чинакам гўзал ҳаётни фақат бир хил рангда кўраётган руҳий тушкун аёллар ҳам учраб турибди.