Жамият | 15:44 / 21.09.2018
5302
3 дақиқада ўқилади

“Соғлом аёл ойлиги” доирасида 8 млн нафардан зиёд аёл ва ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтказилади

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан республикада 20 сентябрдан 20 октябргача “Соғлом аёл ойлиги” ўтказилмоқда, деб хабар берди вазирлик ахборот хизмати. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Хабарда айтилишича, ушбу ойликдан мақсад тиббиёт ютуқларидан ҳар бир инсонни баҳраманд этиш, ўсмир қизлар ва фертил ёшдаги аёлларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришдир.

Ойлик доирасида саккиз миллион нафар фертиль ёшдаги аёллар ва ўсмир қизлар қамраб олиниши режалаштирилган. 

“Ушбу ойликни самарали, аниқ ва тизимли ўтказиш чоралари кўрилди. Бунинг учун ҳар бир умумий амалиёт шифокори ва патронаж ҳамширага ўз ҳудудидаги туғруқ ёшидаги аёлларни қайта хатловдан ўтказиш, уларни аниқ режа асосида тиббий кўрикка чақириш тавсия этилди. Вақти белгиланган чақириқ варақалари патронаж ҳамшира ва “Саломатлик мактаби” аъзоси томонидан ҳар бир аёлга шахсан тақдим этилади ва кўрикдан бир кун олдин аёлга яна бир бор эслатилади. Тиббий кўрикка аёллар тартиб билан, режа асосида “Саломатлик мактаби” фаоллари ёрдамида олиб чиқилади”, дейди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситханова.

Қайд этилишича, тиббий кўрикни юқори савияда ташкил этиш мақсадида туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, вилоят шифохоналари, республика илмий-амалий тиббиёт марказлари, тиббиёт олий ўқув юртларидан 110 минг нафардан кўпроқ олимлар, малакали шифокорлар ҳамда патронаж ҳамширалар жалб этилади. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

“Мактаб, коллеж ва лицейларда ҳам тиббий кўрик ва соғломлаштириш акциялари ташкил этилади. Аёллар ўртасида репродуктив саломатликни асраш, исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш, бехатар оналик, ўсмир қизлар ўртасида учрайдиган тиббий муаммоларнинг олдини олиш борасида мулоқот ва суҳбатлар уюштирилади”, - дейилади хабарда. 

Тиббий кўриклар жараёнида аниқланган касалликлар амбулатор ва стационар шароитда даволанади. Ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтожларни республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг вилоят филиалларида соғломлаштириш режалаштирилган. 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид