Ўзбекистон | 15:36 / 25.08.2017
11408
3 дақиқада ўқилади

БМТ: Ўзбекистонда маҳалла институти мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон ҳукуматининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотига маълум қилишича, у мамлакатда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда. Ушбу мамлакатдаги турмушнинг турли соҳаларида ўзини-ўзи бошқариш органларининг иштирокини 100 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солади. Маҳалла - Ўзбекистондаги фуқаролик жамиятининг ўзига хос институти ҳисобланади. БМТ расмий сайтида эълон қилинган хабарда шу ҳақда сўз юритилади.

Шу ҳафтада БМТ бош қароргоҳида Ислом ҳамкорлик ташкилотига раисликни Ўзбекистондан Кот д'Ивуар (Фил суяги қирғоғи)га топшириш тантанали маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистоннинг доимий вакили ўзининг раис сифатидаги сўнгги йиғилишида: «Маҳалла – Ўзбекистондаги фуқаролик институтининг ноёб намунаси» мавзусида брифинг ўтказди. 

Шу муносабат билан БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 71-сессияси расмий ҳужжати сифатида Ўзбекистондаги фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш институти –маҳалла фаолиятига бағишланган материал тарқатилди. 

«Кўпмиллатли Ўзбекистон халқининг миллий ва умуминсоний, маданий, турмуш тарзи, фикрлаш ва маънавий қадриятларини авлоддан-авлодга бериб келишда маҳалланинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир», - дейилади ҳужжатда.
 
Унда таъкидланишича, фуқароларнинг бу бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 105-моддасида ҳудудий ўзини-ўзи бошқариш бирлашмалари сифатида қайд этилган. 

««Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» концепциясини ҳаётга татбиқ қилиниши муносабати билан 100 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ўзини-ўзи бошқариш органларининг жамият турмушининг маълум бир соҳасидаги ўрни аниқ белгилаб берилган», - дейилади ҳужжатда. 

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 10 мингга яқин фуқаролар йиғини, авваллари маҳаллий ҳокимият органлари ваколатларига кирган 30 дан ортиқ ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик вазифаларни муваффақиятли бажариб келмоқда. 

Ўзбекистон раҳбарияти маҳалла янада жиддий тузилмага, «ўзбек халқининг ҳақиқий ёрдамчиси»га - фуқаролар ўз фикрлари, таклифи, муаммолари хусусида бемалол гапира оладиган институтга айланиши керак деб ҳисоблайди. Ўзини-ўзи бошқаришнинг бу институти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда. 

Мавзуга оид