Олимлар Антарктида музлари остида ҳаёт мавж ураётганини тахмин қилишмоқда
Керидвен Фрейзер бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар сайёрамизнинг энг жанубий оролларидан бири – Росс оролига келишди. Бу ерда ҳаракатдаги Эребус вулқони бор. Олимлар у ерда вулқон буғи таъсирида шаклланган, бир-бири билан боғланган муз ости ғор тизимларини ўрганишди.
Улар турли ғорлардан намуналар олиб, уларда мох, сувўтлари, думалоқ қуртлар ва бўғимоёқлилар изларини аниқлашди. Баъзи ДНК намуналари янги турдаги жонзотлар ва ўсимликларга тегишли бўлиши ҳам мумкин. Излар ҳам сиртда, ҳам муз ости ҳудудларда аниқланган.
Фрейзернинг айтишича, тадқиқотлар натижалари Антарктида музлари остида нималар содир бўлаётганини кўриш имконини беради. Унинг айтишича, геотермал ғорларда ҳаёт учун жуда яхши шароитлар мавжуд.
“Бу ғорларда ҳақиқатда иссиқ бўлиши, улардан баъзиларида ҳарорат 25 градусга етиши мумкин. Сиз у ерда футболкада юришингиз мумкин ва сизга шинам бўлади”, деб айтган олима.
Фрейзернинг ҳамкасби Лори Коннелнинг айтишича, агар олимлар организмларнинг нафақат изларини, балки ўзларини ҳам аниқлай олсалар, бу “ҳаяжонлантирувчи янги оламга” эшикни очади.
“Биз Антарктида вулқонлари атрофида қанча ғор тизимлари мужассамлашганини ёки бу муз ости муҳитлари қанчалик бир-бири билан боғланганини билмаймиз. Уларни аниқлаш мураккаб, уларга етиб бориш, ўрганиш қийин”, деб айтди олимлардан бири Чарльз Ли.
Охирги маълумотларга кўра, Антарктида ҳудудида камида 138 та муз ости вулқони мавжуд.
Мавзуга оид
21:39 / 17.09.2024
Олимлар Антарктида устидаги озон тешигининг қисқарганини эълон қилди
21:51 / 24.08.2024
Олимлар «Қиёмат музлиги» эришининг фалокатли таҳдидини рад этди
23:24 / 27.11.2023
Антарктида яқинида дунёдаги энг катта айсберг ҳаракатлана бошлади
14:48 / 17.10.2023