Фан-техника | 19:03 / 11.09.2017
13808
7 дақиқада ўқилади

Муаллифлик ҳуқуқи: нима учун Хитой дунё автомобиль брендларининг норозилигига учрамоқда?

Дунёда муаллифлик ҳуқуқи устуворлигига риоя қилинаётган бир вақтда, қароқчилик маҳсулотлари аста-секинлик билан паст фоизларга эга бўлади. Бу жараён, токи йирик автомобиль ишлаб чиқарувчиларининг хитойлик олғир тадбиркорлар билан судлашаётгани маълум бўлмагунча давом этади. Мотор.ру мазкур мақоласида Ford ва Geely нимани бўлиша олмагани, Land Rover қайси жиҳатлари билан Landwind автомобилларига ўхшаб кетишини таққослаган.

BMW Shuanghuan компаниясига қарши

Фото:motor.ru

Ҳозирда Brilliance бренди номи остида ишлаб чиқилаётган маҳсулотлар қаторида BMW X1 йўлтанламасининг оригинал намунасига ўхшаш модель ҳам бор. Ҳаммаси бошланганда эса, расмий келишувлар ҳақида гап ҳам бўлмаган. Шу боисдан ҳам 2007 йили BMW компанияси Shuanghuan Automobile Co. компаниясига Х5 (Е53) машинасидан нусха кўчиришда айблади. Унинг хитойча клони Shuanghuan Sceo деб номланганди. Мюнхен суди «сохта» йўлтанламасларни Германияда сотилишини тақиқлади, аммо BMW бошқа мамлакатларда шундай ютуққа эриша олмади. 

Honda ҳам Shuanghuan компаниясига даъво қилмоқда 

Фото:motor.ru

Япониянинг Honda компанияси даъво қилишича, Хитойнинг Shuanghuan Automobile Co. компаниясининг негадир Shuanghuan S-RV автомобили Honda CR-V моделига ўхшаб кетади. У нафақат ташқи кўринишидан, балки номи билан ўхшаб кетади. Даставвал, японлар шунчаки машинани ишлаб чиқаришни тўхтатишни сўрашди, аммо уларга ҳеч ким эътибор бермагани сабабли иш Пекин судигача борди. Лекин суд Shuanghuan фаолиятида шу каби бошқа ҳолатларда бўлгани каби бирорта ножўя ҳаракатни кўрмади. 

Mercedes-Benz VS Shuanghuan 

Фото:motor.ru

Дунёнинг яна бир йирик Mercedes-Benz автомобилсозлик компанияси ҳам Хитойнинг Shuanghuan Automobile Co.га қарши Noble модели туфайли юриш бошлашга мажбур бўлди. Оддий кўз билан ҳам унинг аввалги Smart ForTwo моделига жуда ҳам ўхшашлигини кўриш мумкин. Бироқ, Daimler концерни ўзининг ҳақ эканини батамом исботлай олмади. Чунки автомобиллар турли нарх тоифасига киради ва мутлақ ўзгача тузилган. Масалан, Noble олд моторли, 4 ўриндиққа эга автомобилдир. Шу сабабли, Грецияда Shuanghuan Noble сотилишига ҳеч қандай тўсиқ пайдо бўлгани йўқ. 

Fiat «Буюк девор»га қарши

Фото:motor.ru

2006 йил декабрида Италиянинг Fiat компанияси Хитойнинг яна бир Great Wall компаниясини судга берди. Итальянларнинг фикрича, «Буюк девор» фирмаси оммабоп Panda моделидан нусха кўчирилган Peri шунчалик ҳам ўхшашки, ҳатто эшикларини бемалол алмаштириш мумкин. Алалоқибат, Турин суди «Made in China» машинасини Европада сотилишини тақиқлади ва Great Wall фирмасини огоҳлантирди: компания ЕИга импорт қилинган ҳар бир Peri учун 50 минг евро тўлайди. Лекин, шу билан иш битди, десангиз хато қиласиз. Хитойликлар ҳам қарши даъво аризаси киритиб, анойи эмасликларини намойиш қилишди. Уларга кўра, иш аксинча бўлган, яъни, аслида  Fiat компанияси Great Wall ғоясини ўғирлаган. Нима бўлганда ҳам ҳозирда бу воқеани ҳеч ёдга олишни хоҳламайди, чунки Great Wall Chrysler Fiat концернининг янги эгаси бўлиши эҳтимолижуда юқори.

Porsche Zotye’га қарши

Фото:motor.ru

2015 йили Германиянинг бошқа бир компанияси Porsche ўзининг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга уриниб кўрди. Унинг таъкидлашича, Macan Хитойнинг Zotye фирмаси томонидан кўчирилган. Бироқ, бу ҳам муваффақиятсиз якунланди. Немислар эриша олган биргина ютуқ автомобилнинг ЕИ ҳудудида сотилиши тақиқланиши бўлди, холос. Дунёнинг энг йирик автобозори бўлмиш Хитойнинг ўзида Zotye Z700 (ёки SR9) ҳамон яхши харидорга эга. Ахир, унинг нархи Porsche машинасидан сезиларли арзон.

Land Rover – Landwind судлашуви 

Фото:motor.ru

Land Rover ва Landwind компанияларининг судлашуви эса ҳамон давом этаётгани билан эътиборлидир. Landwind X7 – машҳур Range Rover Evoque кроссоверининг – Хитойдаги «ўхшаш чеҳра»си ҳамон сотилмоқда. Яқингинада ўзига хос ҳодиса ҳам қайд этилди Range Rover Evoque ва Landwind X7 тўқнашиб кетди.

Daewoo ва Chery олишуви ҳам натижа бермади

Фото:motor.ru

Хитойда ишлаб чиқилаётган автомобиллар орасида пайдо бўлган Chery QQ хэтчбеки General Motors компаниясини ҳанг-у манг ҳолатга солиб қўйди. Ахир арзонгина митти автомобиль кўчирмакашлик маҳсули бўлиши мумкинлигини ким ҳам ўйлабди, дейсиз?  Аммо, лекин, бироқ... бир йилдан ортиқроқ давом этган суд тортишувлари ҳеч қандай натижа бермади. QQ дунё бўйлаб сотилишда давом этди. Албатта, унинг дизайни шунчалик кескин ўзгарди-ки... биринчи авлод Citroen C1 моделини ёдга сола бошлади.

Ford ва Geely кураши

Фото:motor.ru

Ford концернининг Geely фирмасига нисбатан даъволари дизайнни кўчиришга доир эмас, балки автомобиль номининг талаффузига тегишли. Geely компаниясининг янги Lynk & Co модели талаффуз жиҳатидан Lincoln сўзига ўхшаб кетади. Америкаликларнинг фикрича, бу эса кишини чалғитиши мумкин. Аммо, бу муаммони, шартли дейиш мумкин. Негаки, Lynk & Co ва Lincoln харидорлари турли тоифа кишилари ҳисобланишади. 

Qoros ва Kia қарама-қаршилиги

Фото:motor.ru

Ҳа, юқоридаги тартиб нотўғри эмас. Айнан Хитой компанияси бу сафар Жанубий Корея фирмасини судга берди ва ишониш қанчалик қийин бўлмасин, ғалаба қозона олди. Бу борада тортишувга Kia Quoris седани сабаб бўлди. Унинг номланиши ёзилиши ва талаффузи жиҳатидан Хитой компаниясини ёдга солади. Шундай қилиб, суд қарорига кўра, Qoros седани сотилаётган бозорларда Жанубий Корея автомобили К9 ёки К900 номи билан сотилади. Умуман, ноёб суд иши тугади, зиддият барҳам топди.

Мавзуга оид