Ўзбекистон | 14:40 / 18.09.2017
53811
13 дақиқада ўқилади

Талабанинг Президентга мактуби: Ёшларнинг четга чиқишини олдини олиш ва агробизнесни ривожлантиришга доир ташаббус

Фото: President.uz

Ассалому алайкум, Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Бугунги кундаги Сизнинг раҳбарлигингизда республикамизда олиб борилаётган барча ислоҳотлар халқнинг фаровон турмуш кечириши, республикамизнинг янада гуллаб яшнаши ва халқаро ҳамжамиятдаги  мавқеини ошишини таъминлашга қаратилган бўлиб, бу ислоҳотлар албатта ўз самарасини беришига халқимизда юксак ишонч уйғонмоқда.

Ушбу таклиф этилаётган лойиҳанинг ҳам асосий мақсади республикамизда қишлоқ хўжалиги тизимида ва шу билан боғлиқ ҳолда халқ истеъмоли маҳсулотларини қайта ишлаш соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш, ўз навбатида, бунда ёшларнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш, уларни иш ўринлари билан таъминлаш, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида уларнинг иштирокини янада кенгайтиришга  қаратилгандир.

Эҳтимол, бу лойиҳа қайсидир жиҳатлари билан аввалги давлат, жамоа хўжаликларини такрорлагандай бўлиши мумкин, лекин унинг туб моҳияти аслида бошқача ва у ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, бозор иқтисодиётига мослаштирилган.

Лойиҳа:  “  _______  Агроёшлар” фермерлик жамиятлари

Муаммонинг долзарблиги - бугунги кунда республикамизда зарурий қишлоқ хўжалиги техникаларига эга бўлиб, моддий-техника базасини ривожлантирган ҳолда самарали фаолият кўрсатиш имконига эга бўлган фермер хўжаликларимиз кўпайиб бормоқда. Албатта бу яхши натижа. Лекин бу хўжаликларимизнинг кўпчилигида оддий ишчи, хизматчилар учун зарур моддий шароитлар яратилмаган ёки шароит яратишни хоҳласа ҳам, имкони йўқ. Кўп ҳолатларда уларнинг ҳатто ижтимоий суғуртаси ҳам кафолатланмаган, яъни иш стажлари расмийлаштирилиши ҳам бир аҳволда ва натижада келгусида пенсия таъминоти қандай бўлиши ҳам мавҳум. Сир эмаски, баъзи ҳолатларда айрим фермерларимиз ерга меҳр бериб ишлашдан кўра, уни ҳақиқий деҳқонларга ижарага бериш билан чекланади.

Кейинги йилларда кенг кўламда ерларни оптимизациялаш (қайта тақсимлаш) ишлари олиб борилмоқда. Катта ер майдонларига эга фермер хўжаликлари ерлари майда бўлакларга бўлиниб, бошқа фуқароларга, деҳқонларга ҳам берилиши ва имконият яратилиши керак бўлса-да, айрим ҳолатларда фермерлар томонидан меъёрдан ортиқча ерларни ўзига тегишли шахслар номларига ўтказиб, натижада барибир ўзлари бошқариш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Хўжаликларга тегишли бўлган турли реал, нореал қарздорликлар ҳам алохида мавзу. Буларнинг барчаси ҳам соғлом муҳит ҳисобланмайди.

Бундан ташқари, камроқ ерга эга бўлган ҳамма деҳқонларнинг ҳар доим ҳам ўз хўжалигини ривожлантиришга имкони бўлавермайди. Аксарият ҳолларда улар тирикчилигини ўтказиб, рўзғорни тебратиш билан чекланади, холос.

Бу каби ҳолатларни бартараф этиш, соҳани янада ривожлантириш ҳамда ҳақиқий деҳқонлар манфаатдорлигини янада ошириш мақсадида мавжуд тизимни йўқотмаган ҳолда, агросаноат комплексига бошқа янги тизим жорий қилиш ва бу тизимга фуқароларнинг кенг қатламларини, айниқса ёшларни (дастлабки ташкил этишда таъсисчи сифатида 18 ёшдан 35 ёшгача - аниқлик киритилиши мумкин) жалб қилиш ва уларни самарали натижаларга эришишга ишонтириш ҳамда ўргатиш мақсадга мувофиқ.  Чунки бу иш тизимли амалга оширилмаса, биринчидан, минглаб ёшларимиз деҳқончилик, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа фаолиятни мустақил бошлашга журъат қила олишмайди (Чунки, оддийроқ айтганимизда, гектарлаб ҳосилга 1 кунда зараркунанда ёпирилиб барбод қилиши ёки юзлаб қўй ёки минглаб парранда 1-2 кунда касалланиб, нобуд бўлиши мумкин ва ҳоказо). Иккинчидан, журъати етгани ҳам соҳага самарали равишда кира олмайди (Ер олиш, моддий-техник таъминланиш, фаолиятдаги расмиятчиликлар ва ҳоказо).

Ўз навбатида, таклиф этилаётган тизим жорий қилиниб, аҳолини ишонтирсак, фаолиятни ташкиллаштиришга тизимли тарзда ёрдам берсак, соҳа сирларидан хабардор мутахассисларни жалб қилиб, маслаҳатлар бериб иш йўлга қўйилса, ердан янада унумли фойдаланилади ва бугунги кундагига нисбатан янада кўпроқ фуқаролар манфаат кўришига эришилади.

Лойиҳанинг таркибий тузилиши - дастлабки босқичда, республиканинг ҳар бир туманларида эксперимент тариқасида ўртача 4-5 тадан "номланиши Агроёшлар" фермерлик  жамиятлари (Масалан, “Заркент агроёшлар” ФЖ) ташкил  этилади. Ушбу фермерлик жамиятларининг таъсисчилари 18 - 35 ёшли (аниқлик киритилади) ёшлардан иборат бўлиб, жамият таъсисчиларининг энг кам сони 20 кишидан, юқори сони чекланмаган бўлади.

Молиялаштириш манбалари ва таъсисчилар - Дастлабки бадални бугунги кунда энг кам миқдори камида тахминан 5 миллион сўмдан (ўзгариши  мумкин) белгилаш мумкин.  Ҳар бир иштирокчи ўз улушини нақд  ёки банк  кредитлари асосида шакллантиради, яъни агар кредит ҳисобига шакллантирадиган бўлса, таъсисчи фуқарога 3 томонлама шартнома (фуқаро, банк, фермерлик жамияти) асосида 5 миллион сўм (мисол учун) кредит ажратилади ва шу маблағ тўғридан-тўғри жамият Низом жамғармаси ҳисобига ўтказилади.

Жамиятнинг Низом жамғармасини 10 фоизини ҳар бир туман, вилоятда янгидан ташкил этиладиган "____ агроёшлар уюшмалари" маблағлари ёки Ёшлар иттифоқи маблағлари ҳисобидан ташкил этиш мақсадга мувофиқ (Бу келажакда ушбу жамиятларни бирлаштириш ва фаолиятини мувофиқлаштириш учун ҳам зарур). Шу тариқа, Низом жамғармаси камида 100 миллион сўмдан юқори бўлган айнан ёшлар иштирокидаги фермерлик  жамиятлари юзага келади (Балки иштирокчининг улушини кейинчалик иккиламчи бозорда қайта сотилишида алоҳида тартиб ўрнатилиши мумкин бўлар).

Ишловчилар таркиби - Ушбу фермерлик жамиятларида келгусида имкон доирасида чекланмаган миқдорда ёшлар ишга қабул қилиниши мумкин. Ушбу жамиятларда ишловчиларнинг камида 70-75 фоизини ёшлар ташкил этишини кўзда тутадиган тизим жорий қилиш лозим. Қолган 25-30 фоизи тажрибали иш ўргатувчи, алоҳида  малакага эга мутахассислар ва бошқа фуқаролардан иборат бўлиши мумкин.

Фаолиятнинг ташкил этилиши - Ушбу жамиятлар республиканинг 168 туманида босқичма-босқич ташкил этилиб борилади ва яқин 5-10 йил ичида жуда кўп тармоқли тизимли фаолият кўрсатадиган агросаноат комплексига айланиб боради.

Дастлабки босқичда уларга ер, яйловлар ажратилиб, деҳқончилик, боғдорчилик, паррандачилик, чорвачилик, балиқчилик ва баҳоли қудрат қайта ишлаш билан шуғулланишга доир имконият яратилади ва ушбу фермерлик жамиятларига фаолият йўналишидан, ишловчилар сонидан келиб чиқиб ер, яйлов участкаси ёки фаолият юритиши учун зарур иншоотлар ажратилиб, зарур масалалар юзасидан амалий ёрдам кўрсатилади.

Кейинги босқичда, 4-5 йилдан кейин улар қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш саноатига кенг кўламда кириб келади.  Бунда ушбу фермерлик жамиятларига фаолият йўналишидан келиб чиқиб янги технологиялар ва қайта ишлаш фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилади.

Бу жараённи ҳудудлардаги вилоятлар таркибидаги 30 та шаҳарларда ҳам қишлоқ хўжалик, гўшт, сут ва бошқа маҳсулотларни қайта ишлаш соҳаларига эътибор қаратган ҳолда ташкил этиш мумкин. Бунда вилоятлардаги шаҳарларда ташкил этилган фермерлик жамиятларига ҳам шаҳарга яқин ҳудудлардан фаолият йўналиши эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ер ажратилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Фаолият бошқаруви - Мазкур жамиятлар фаолиятини низомидан келиб чиққан ҳолда, жамият Кузатув кенгаши қарорлари асосида мустақил бошқарилади. Уларнинг иш фаолиятига амалий ёрдам бериш ва уларнинг манфаатларини ҳимоя этиш мақсадида ҳудудларда "___агроёшлар" фермерлик жамиятлари уюшмалари ва республика бўйича уларнинг марказий тузилмаси ташкил этилади.

Ҳудудлардаги ҳокимликлар, кредит муассасалари ва бошқа мутассади ташкилотлар томонидан улар ишни бошлаши ва ўрганиб кетиши учун барча шароитлар яратилади ва зарур ҳолларда уларга иш ўргатиш мақсадида ҳудуддаги энг тажрибали деҳқонлар, боғбонлар,  чорвадорлар, ветеринарлар  ва бошқа мутахассислар маслаҳатчи этиб бириктирилади.

Жамият фаолиятининг  дастлабки йилларида унга солиқ ва бошқа имтиёзлар берилиши ва ушбу маблағларни фаолият тармоғини кенгайтиришга сарфланиши мақсадга мувофиқ. 

Фаолият қамрови -  деҳқончилик, боғдорчилик, паррандачилик, чорвачилик, қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик фаолиятлари, шунингдек қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларни қайта ишлаш, қонунчиликда таъқиқланмаган бошқа фаолиятлар.

Жамиятнинг фойда тақсимоти ва намунавий фоизлар қуйидаги тартибда бўлиши мақсадга мувофиқ (ўзгариши мумкин):

                 1.  Жамият таъсисчиларига - 35 %;

                 2.  Жамиятда ишловчиларга - 35 %;

                 3.  Фаолиятни ривожлантиришга - 20%;

                 4.  "Агроёшлар" фермерлик жамиятлари уюшмаларига - 5 %.

                 5.  Кузатув кенгашига - 5%.

Бундан ташқари, солиқ ва бошқа тўловлардан бериладиган имтиёзлар эвазига тежаладиган маблағлар ҳам фаолиятни ривожлантиришга йўналтирилади.

Изоҳ: Жамият таъсисчи ёшлари жамиятда мулкдор бўлишдан ташқари, жамиятда меҳнат фаолиятини ҳам олиб борса, фойда тақсимотида нафақат мулкдор, балки ишловчи сифатида  ҳам тегишли улуш олиши мумкин бўлади.

Лойиҳанинг аҳамияти:

-    ҳар бир ҳудудда дастлабки йилдаёқ минглаб ёшларимиз доимий истиқболли иш билан билан таъминланади ва йилдан-йилга бу жамиятларнинг фаолият миқёси тизимли тарзда кенгайиб боради;

- ёшларимизнинг арзон ишчи кучи сифатида чет мамлакатларга чиқиши камаяди;

-  қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорти ҳажми  ортиб боради, натижада валюта тушуми ошиши ҳисобига янги технологияларни жорий қилиш, янги навлар яратиш, чет эллик мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш ва инновацион ғояларни татбиқ қилиш имкониятлари кенгайиб боради;

- жамиятда, шу жумладан ёшларимиз ўртасида ҳамжиҳатлик янада ривожланади ва ижтимоий ҳимояланган фаолиятни амалга оширади;

- аниқ йўналишлар бўйича кўп миқдордаги кредит маблағлари майда бўлинган ҳолда юзлаб фуқаролар қўлига эмас, яхлит ҳолатда хўжалик субъектлари ҳисобига келиб тушади;

- фаолият самарадорлиги нисбатан анча юқори бўлганлиги сабабли банклар томонидан берилган кредитларнинг ҳам ўз вақтида қайтарилиши имконияти юқори бўлади;

- тизим янги бўлгани, шунингдек  давлат ва бошқа кўпгина инстанциялар уларга ёрдам бериши, уларга унумдор ерлардан ажратилиши имконияти борлиги ва шу билан боғлиқ бошқа омиллар ёшларимизда ишонч уйғотади;

- нафақат ушбу жамиятларнинг таъсисчилари, балки уларда ишловчи ёшларимизга ҳам якуний ҳисоб-китобларда фойда ҳисобидан тегишли маблағ ажратилади (чунки, ер давлатники ва бунда ишлаганлар ҳам бунга ҳақли принципи жорий қилинади);

- жамиятларнинг барча иштирокчилари ва ишловчиларини ижтимоий ҳимояланган фаолиятни амалга ошириши таъминланади;

- ҳудудларда юқоридаги фаолиятларни юритиш натижасида тизимли тарзда санитария-эпидемиология, ветеринария ва экология меъёрлари назоратда бўлади (бу ҳам жиддий масалалардан бири);

- яқин 5-10 йиллар ичида бу жамиятларнинг ўзи ҳам бир қатор лойиҳаларни мустақил амалга ошириш имкониятларига ҳамда қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш имконига эга бўлади;

- келажакда ёшларнинг ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш, ҳаётини янада файзли бўлишини таъминлаш мақсадида ёшлар шаҳарчалари ҳам барпо этилиши мумкин.

Изоҳ:  1. Ушбу лойиҳа республикамизда айрим тармоқлар мутассадилари эътиборига ҳавола қилинганда баъзилар "Қонунчиликка янгилик киритиш шартми, мана республикамизда фермер хўжаликлари ёки турли маъсулияти чекланган жамиятлар ва бу бўйича қонунлар бор", деб ўз фикрларини маълум қилганди. Бироқ бу лойиҳа қишлоқ хўжалигида тизимли, меъёрий жиҳатдан таъминланган фаолиятни, ердан фойдаланишда тор доирадаги манфаатни эмас, балки ижтимоий манфаатни кўзлаган ҳолда ёшларни, айниқса етарли имкониятга эга бўлмаган ёшларнинг соҳага кириб, ишончли ва самарали фаолият кўрсатишини таъминлайди.

2. Таъкидлаш лозимки, жадал суръатлар билан ҳаракат қилиниб, тарғибот ишлари тўғри олиб борилса, шунингдек 2017 йил декабрь ойига қадар меъёрий-ҳуқуқий ва қонунчилик ҳамда ташкилий ишлар амалга оширилса, ушбу жамиятлар шу йилнинг ўзидаёқ фаолиятини бошлаш имконига бўлади.

3. Юқоридаги қайд қилинган ҳолатлар лойиҳанинг умумий жиҳатларини ўзида акс эттиради ва агар лойиҳа маъқул топилса, тегишли идоралар билан ўзаро муносабатлар ва тартибларнинг барча жиҳатларига аниқлик киритилади.

Талаба: Шохрух Фарходов

Мавзуга оид