Дунёнинг собиқ энг оғир вазнли аёли яна табассум қилмоқда
Имон Аҳмад Абдул Атий тўрт ойча илгари юк ташувчи самолётда Абу-Дабига келганидан буён анча вақт ўтди.
Қачонлардир 500 килограммдан ортиқ вазнга эга бўлган аёл ҳозир даволаниш жараёнининг иккинчи босқичида. Уни пойтахтдаги Буржел шифохонасида тиббиётнинг турли йўналишларида фаолият олиб борувчи 20 нафар мутахассисдан иборат жамоа даволамоқда. GulfNews нашри шу ҳақидаги янгилиги билан бўлишди.
Шифохонанинг бош шифокори доктор Яссин Аш-Шаҳатнинг сўзларига кўра, даволашнинг мазкур босқичи тўрт ойгача давом этиши мумкин. Унда вазнни камайтириш ва тери шаклини тўғирлашга йўналтирилган жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
Имон бир вақтлар дунёнинг энг оғир вазнли аёли ҳисобланган. Аёлни операция қилиш учун Мумбайдаги шифохонага олиб боришганида унинг вазни 504 килограмм бўлган.
Жорий йилнинг май ойида Имонни даволашнинг кейинги босқичи учун Абу-Дабига кўчиришган.
"Имон даволанишни бошлаганидан буён унинг саломатлиги анча яхшиланди, - дейди доктор Шамшер Вайял. - Уни бахтли кўрганимиздан хурсандмиз. Даволаш муолажалари унга яхши таъсир кўрсатмоқда", - қўшимча қилди у.
Шифокорнинг сўзларига кўра, энг катта муаммолардан бири Имонни имкон қадар нормал ҳаёт тарзига қайтариш бўлган.
"У кучли депрессиядан азият чекккан. Боз устига, фалаж уни гапириш имконидан маҳрум қилганди", - қўшимча қилади Аш-Шаҳат.
Унда иситма, пешоб йўллари инфекцияси, ўткир буйрак етишмовчилиги ва оғир дегидратация қайд этилган, шу билан бирга уни ошқозон найчаси орқали овқатлантиришга тўғри келган. Вақти-вақти билан ҳушдан кетиш ҳолатлари эса аёлнинг психик ва психологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатган.
"Бундан ташқари, биз унда оғир аортал стеноз (юрак клапанларининг қисқариши) борлигини аниқладик, Имон Ҳиндистон ва Мисрда даволанганида бу касаллик аниқланмаганди", - дейди Аш-Шаҳат.
Аёлнинг ҳолатидан келиб чиқиб, тиббиёт ходимлари жамоаси уч босқичли даволаш муолажаларини ўтказишга қарор қилишди.
Биринчи босқичда асосий эътибор аёлнинг пешоб йўллари инфекцияси, овқатланиш хусусиятларини қайта тиклаш ва оғиздан овқатланишга ўтиш, шунингдек психологик реабилитацияга қаратилди. Бундан ташқари интенсив физиотерапия амалиёти ўтказилди.
Амалдаги иккинчи босқич ортиқча ёғларни олиб ташлашга доир жарроҳлик операцияларини ўз ичига олган. Бу Имонга электрон аравачада мустақил ҳаракатланиш имконини беради.
Сўнгги, учинчи босқич узоқ режали бўлиб, унга аёлнинг аҳволи барқарорлашгандан кейин киришилади. Унда Имонда аортал клапан операцияси ўтказилади ва тос-сон ҳамда тизза бўғинларининг ҳолати яхшиланади.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, ҳозирда Имон қўл ва оёқларини ҳаракатлантириб, овқатланиш, сув ичиш ва ўтириш каби оддий ҳаракатларни ўзи уддаламоқда. Пешоб йўллари ва буйрак функциялари фаолияти қайта тикланган. Аёл ўзини яхши ҳис қилмоқда.
9 сентябрь куни Имон ўзининг 37 ёшлигини махсус сана шарафига етиб келган онаси, опаси ва жияни билан қарши олган. Унинг хонаси чиройли безатилиб, шифохона ходимлари ҳам байрамга қўшилишган.
"Бизнинг асосий мақсадимиз - семизликка қарши курашиш, Имон бу курашнинг тимсолига айланади. У соғайиб кетса, умид қиламизки, семизликка қарши кураш элчисига айланади ва одамларни янада соғлом ва бахтли бўлишга ундайди", - дейди бош шифокор.