Фан-техника | 22:22 / 25.09.2017
21415
3 дақиқада ўқилади

Илк Ой болалари қачон дунёга келиши тахмин қилинди

Фото: Anna Nesterova / ASD

2040 йилда Ойда 100 га яқин одам яшайди, муздан сув олади, уйлар ва анжомларни 3D-принтерларда босмадан чиқаради, Ой тупроғида ўсимликлар ўстиради ва паст гравитацияли ўйинлар ўйнаш билан машғул бўлади. Европа коинот агентлиги (ESA) ушбу "Ой қишлоғи" режасини амалга ошириш мумкин деб ҳисобламоқда.

ESA вакили Бернард Фоинг Ригада ўтган сайёрашунослар Европа конгрессида инсоният Ойда қандай қилиб доимий турар жой қуриши ҳақида сўзлаб берди. Унинг айтишича, бу турар жой авваллари темир йўл станциялари ёнида қишлоқлар, кейинроқ шаҳарлар вужудга келгандек пайдо бўлади. 2030 йилга келиб Ойга илк 6-10 нафар доимий яшовчилар – олимлар ва муҳандислар келишади, 2040 йилда уларнинг сони 100 нафаргача ошади. 2050 йилда эса яна ҳам кўпроқ – минг киши бўлади ва тахмин қилиш мумкинки, улар орасида оилалар вужудга келади, кейин эса Ойда туғилган илк болалар дунёга келади.

ESA раҳбари Йохан Вернер конгресс иштирокчилари билан Халқаро коинот станциясини Ойдаги доимий турар жой билан алмаштириш ғоясини муҳокама қилди. Унинг фикрича, олимлар ва тадбиркорлар анчадан бери бу ғояни қўллаб-қувватламоқдалар, бироқ сиёсатчилар бефарқроқ муносабат билдирмоқдалар. Бу ғоянинг яшовчанлигини, саноатнинг янги тармоқларини яратиш имкониятини кўрсатиш керак.

Ой бой бўлган захиралардан бири базальт бўлиб, бу вулқон жинсидан 3D-принтерларда сунъий йўлдошлар босиш мумкин. Уларнинг Ой сиртидан Ер орбитасига учирилиши юқори гравитацияга эга Ердан учирилишидан 40 марта арзонроққа айланади. Шунингдек, Ер йўлдошида гелий-3 бор. Сайёрамизда ноёб бўлган бу моддадан Ер учун соф, хавфсиз энергия олиш мумкин. Ойнинг қутб музликларида сув олиш, уни кислород ва водородга парчалаб, ракета ёнилғиси ишлаб чиқариш мумкин. 

Гавайидаги Ой муҳитини такрорловчи полигонда бир йил ўтказган физик Кристиане Хейнике Ойдаги ҳаётнинг қийинчиликларидан огоҳлантирмоқда. "У буткул ўсимликка эга эмас, у ердаги одамлар кўрадиган нарса фақатгина тошлар, реголит ва Ерникидан фарқли бўлган осмон бўлади. Уй ичида ва ташқарида скафандрларда сен ўзинг бўлган сайёрани борича, шамолни, терингда қуёшни ҳис қилолмайсан", деб айтмоқда физик. Яна бир муаммо – ўз ҳамкасбларингдан холи бўла олмайсан.

Бироқ Ой модулларидан бирида бўлган Фоинг 2040 йилда Ой қишлоғига жўнашга тайёр.

Таъкидлаш жоизки, SpaceX компанияси 2018 йилда Dragon 2 коинот кемасида амалга оширилиши керак бўлган Ойга илк саёҳатга чипталарни сотмоқда. Чипталар нархи ва йўловчилар исмлари ошкор қилинмаяпти. Саёҳатнинг ўзи эса бир ҳафта вақт олади.

Мавзуга оид