20:50 / 04.10.2017
16400

Интернет тезлигини минглаб маротаба оширувчи янги усул тақдим қилинди

Эйндховен техника университети профессори инфрақизил нур ёрдамида маълумотларни узатишнинг янги усулини тақдим қилди. Бу усул Wi-Fi ёки ҳаттоки 5G’дан ҳам анча самаралироқдир.

Фото: Том Кунен

Янги тизимда маълумотларни узатишда инфрақизил антенналар қўлланади. Бу антенналар кўринмас нурларни уланган қурилмаларга йўналтиради. Бундай боғланиш тезлиги сониясига 112 Гб га етиши мумкин. Бунда канал қурилмалар ўртасида тақсимланмай, ҳар бир гаджет бир хил тезликда ишлайди. Wi-Fi эса қурилмалар ўртасида тақсимланади ва шу сабабли унинг тезлиги пасаяди.

"Инфрақизил" интернет модели нур манбаи ва қурилманинг ўзидаги оптик қабул қилгичдан иборат. Инфрақизил нур манбаи ўзидан оптик толалар тутами ва сигнални қурилмага аниқ йўналтирувчи линзани акс эттиради. Смартфон ёки планшетда кенг бурчакли линза ва оптик сигнални рақамлисига айлантирувчи фотодиодлардан иборат қабул қилгич ўрнатилган бўлиши лозим.

Ҳозирча олимлар инфрақизил нур билан маълумотларни орқага узатишнинг йўлини топа олмадилар. Бунинг учун Wi-Fi қўлланади. Бироқ одатда қурилмалар қабул қилганидан кўра камроқ маълумотларни жўнатиши сабабли бу катта муаммо бўлмаслиги керак, деб ёзмоқда Spectrum сайти.

Wi-Fi ИҚ-нур манбаи сигнални аниқ йўналтириши учун қурилманинг фазодаги ўрнини аниқлаш учун қўлланади. Агар фойдаланувчи хонани тарк этса, тизим автоматик равишда бошқа манбага уланади. Ҳозирча ушбу ихтиро муаллифи профессор Том Кунен ушбу технологияни оммага чиқариш режаси ҳақида ҳеч нарса демаяпти.

Top