Фан-техника | 20:31 / 16.12.2019
59506
4 дақиқада ўқилади

Интернет қаерда тез ва арзон?

Picodi.com аналитиклари дунёданинг 62 мамлакатидаги 233та чекланмаган оптик толали интернет провайдерлари прайс-листларини ўрганиб чиқишди.

Speedtest.net платформаси маълумотларига кўра, жаҳонда симли интернетнинг ўртача тезлиги 70 Мбит/сни ташкил этади. Ўз навбатида, 100 Мбит/с — 62 мамлакатдан 55тасида таклиф этиладиган тезликдир. 

Польша, Руминия, Франция ва Сингапур каби давлатларда йирик интернет провайдерлар бундай «паст» тезликни таклиф қилмайди. Польша ва Руминияда минимал тезликдаги тариф — 150 Мбит/с, Францияда — 200 Мбит/с, Сингапурда — 500 Мбит/с.  

100 Мбит/с тезликдаги интернет қаерда арзон?

Рўйхатда қайд этилган мамлакатлар орасида 100 Мбит/с тезликдаги интернет учун энг катта тўловни ЖАР аҳолиси тўлайди — ойига ўртача 87 доллар. Исландия ва Норвегияда бу тезликдаги интернет учун ойига 69 доллар тўланади.

Шарқий Европадаги айрим давлатларда 100 Мбит/с тезликдаги интернет учун тўлов жудаям арзон: Молдовада — ойига 9,66 доллар, Россияда — 7,68 доллар ва Украинада — 6,19 доллар.

Picodi.com аналитиклари Ўзбекистонни 100 Мбит/с тезликдаги интернет учун тўловнинг қимматлиги бўйича 11-ўринга қўйишган. Уларнинг маълумотига кўра, Ўзбекистонда бу тезликдаги интернет учун ойига 51,22 доллар тўланади. (Айни пайтда «Ўзбектелеком» ойига 599 минг сўм эвазига (62 доллар) 100 Мбит/с тезликдаги чекланмаган интернет тарифини таклиф этмоқда.

Бир хил нарх – ҳар хил тезлик

Аналитиклар шунингдек, ойига 20 доллар эвазига қандай тезликдаги интернетга эга бўлиш мумкинлигини кўриб чиқишди. Уларга кўра, Венгрия, Ҳиндистон, Латвия, Молдова, Руминия ва Украинада ушбу нархга 1 Гбит/с тезликдаги интернетдан фойдаланиш мумкин.

Тожикистонда эса 20 долларга 1 Мбит/с тезликдаги интернетга эга бўлинади.

Ўзбекистондаги кўрсаткич 20 Мбит/с деб эътироф этилган.

Ўзбекистонда интернет тезлиги 10 баробарга оширилди (ми?)

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбектелеком» АК 2018 йил 1 декабрдан Ўзбекистондаги интернет тезлиги 10 баробарга оширилишини эълон қилганди.

Орадан бир ҳафта ўтгач Kun.uz'нинг Telegram-каналида ўтказилган ва 28 мингга яқин киши овоз берган сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 74 фоизи (20 мингдан ортиқ киши) интернет тезлигида ўзгаришни умуман ҳис этмаганини билдирган, фақат 3 фоизи (723 киши) жиддий ва ижобий ўзгариш юз берганига ишонишини айтган, 10 фоиз респондент (3 минг) эса қанчадир миқдорда сифат ошганини эътироф этганди.​

2019 йил ёзида «Ўзбектелеком» акциядорлик компаниясининг тижорат масалалари бўйича директори Алишер Зуфаров «Ўзбекистонда интернет тезлиги қачон ҳақиқатан ҳам 10 баробарга оширилади?» деган саволга қуйидагича жавоб қайтарди:

«Ўзбектелеком» АК томонидан Халқаро пакетли коммутация маркази комплекслари модернизация қилинди ва шу тариқа ХПКМ комплексларининг умумий ўтказиш қобилияти 10 баробар: ўзгартирилган трафиги 110 Гбит/с.дан 1200 Гбит/с.гача ўсди.

Бу — Ўзбекистонда интернет тезлиги 10 марта яхшиланди, дегани. Энди эса кабеллар ва бошқа интернет қурилмаларини янгилаш, ана шу тезликка мослаш керак».

Мавзуга оид