Самарқанд зиёлилари ва меҳнат фахрийларининг пахта йиғим-теримида зарбдор 30 кунлик эълон қилиш бўйича мурожаати қабул қилинди. Мурожаат Самарқанд вилоят ҳокимлиги расмий сайтида эълон қилинди ва вилоятнинг «Зарафшон» газетасида чоп этилди.
«Қадрли юртдошлар!
Мамлакатимизда пахта хирмони тақдири ҳал бўладиган палла келди. Ҳосил деҳқонлар, қишлоқ аҳли, туман марказлари ва шаҳарлардаги уюшмаган аҳоли ёрдамида териб олинмоқда. Хизмат ҳақининг ҳар куни нақд пулда берилиши, яшаш шароити яратилгани боис кўплаб юртдошларимиз онгли равишда этак боғлаб далага чиқмоқдалар.
Бироқ ҳосилнинг мўл-кўллиги, қолаверса, об-ҳавонинг тез-тез ўзгариб туриши катта меҳнат эвазига етиштирилган хом ашёни тезроқ йиғиштириб олишни тақозо этмоқда. Бундай пайтда меҳнатга яроқли ҳар бир фуқаронинг пахта теримига чиқиши хирмон тақдирини ҳал қилади. Айнан шунинг учун ҳам биз вилоят аҳлига мурожаат қилишни лозим топдик.
Бизда пахта тақдирини фақат деҳқон зиммасига юклаб қўйиш муносабати йўқ эмас. Тўғри, уни деҳқон экади, етиштиради ва сотади. Лекин ушбу ҳосил неъматларидан барчамиз фойдаланамиз. Устимиздаги либосдан тортиб, таомга солинадиган ёғ, чорва молларига бериладиган витаминга бой озуқа ҳам шу хом ашёдан олинади. Пахтани қайта ишловчи корхоналарда ўзимизнинг фарзандларимиз ишлайди. Пахта миллий бойлигимиз, деганда ана шу омиллар назарда тутилишини эсдан чиқармайлик.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам пахта энг мақбул саноат хом ашёси ҳисобланади. Пахта ва ундан қайта ишланган маҳсулотларни сотишдан тушадиган маблағ мамлакат қишлоқ хўжалигидан келадиган ялпи валюта фондининг катта қисмини ташкил этади. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бевосита ҳаракати билан бу борада кескин ўзгаришлар қилинмоқда. Иқтисодий муносабатларда тартиб ўрнатиш, фермер масъулиятини ошириш, пахтанинг янги, илғор навларини яратиш, машина терими салмоғини кўпайтириш, хизматга ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш каби чоралар кўрилмоқда.
Вилоятимизда жорий йилда 85 минг 500 гектар майдонда пахта ҳосили етиштирилди. Шартномавий режанинг 85 фоиздан кўпроғи бажарилди. Аммо мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, вилоятимиз далаларида яна 60 минг тоннадан зиёд пахта ҳосили мавжуд. Унинг учдан бир қисми, яъни 20 минг тоннаси сифатли тола дегани. Бир тонна ўзбек пахта толасининг бугунги жаҳон бозоридаги ўртача нархи 1 минг 800 АҚШ долларини ташкил этмоқда. Демак, далаларимизда ҳали қарийб 36 миллион АҚШ долларига тенг пахта хом ашёси ётибди. Бундан ташқари шу миқдордаги толани қайта ишлаш орқали хазинамизга 28 млрд. сўмлик ип калава ва 421 млрд. сўмлик газламадан маблағлар келиб тушиши мумкин. Шу миқдордаги ҳосилдан 5,4 минг тонна ёғ, 28,8 минг тонна чорва моллари учун озуқа-ем олинади. Бу давлатимиз бюджетига қўшимча даромад олиб келади. Натижада янги мактаблар, болалар боғчалари, йўллар қурилади.
















